Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди «Мустақиллик йилларида республика ҳаётининг турли соҳаларида эришилган ютуқлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш» мавзусида ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларига Давлат грантлари ажратиш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошланганлигини эълон қилди.
Қуйидаги йўналишларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қабул қилинади:
- “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган амалий, маданий-маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирларини ташкил этиш;
- Ўзбекистон халқига миллий давлатчилик ва онгни, анъаналар ва урф-одатларни тиклаш, буюк сиймоларнинг номларини шарафлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича чексиз имкониятлар тақдим этган мустақилликнинг аҳамиятини очиб берадиган махсус теледастурлар, мақолаларни тайёрлаш;
- Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, миллатлараро ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг азалий миллий анъаналари, урф-одатлари ва удумларини сақлаш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;
- Тараққиёт йўлининг бешта тамойилига асосланган ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган “ўзбек модели”нинг мазмун-моҳиятини очиб беришга бағишланган таҳлилий материаллар туркумини чоп этиш;
- Ўзбекистонда юритилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳаётга татбиқ этилишини аниқ мисолларда кўрсатиб берадиган маълумотни кенг жамоатчиликка етказиш;
- Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий жиҳатлари, олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижаларини акс эттирувчи холисона ва ишончли ахборотни инглиз ва бошқа чет тилларида тарқатиш мақсадида ихтисослашган сайтларни ишлаб чиқиш ва Интернет тармоғида жойлаштириш;
- Турли тилларда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати, етук шахслари, мустақиллик йилларида жамоат ҳаётининг турли соҳаларида республика эришган ютуқлар ҳақидаги маълумотларни тайёрлаш ва Интернет тармоғидаги ихтисослашган энциклопедик манбаларда жойлаштириш;
- Хорижий аудитория орасида Ўзбекистон халқлари номоддий маданий мероси (халқ бадиий ҳунардмандчилиги ва амалий санъати, фольклор ёдгорликлари, миллий байрамлар, фестиваллар, миллий ошхона ва бошқалар)ни оммалаштириш;
- Интернет тармоғида Ўзбекистон халқларининг бой тарихий-маданий меросини акс эттирадиган ноёб экспонатларга оид ахборот материалларини тарқатиш;
- Ўзбекистон халқларининг тарихи ва маданиятини оммалаштириш, унинг тарихий-маданий меросига, табиатининг гўзаллиги ва хилма-хиллигига жалб қилишга қаратилган фото-танловларни ташкил этиш ва ўтказиш.
Давлат гранти ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
- ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтининг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
- Давлат гранти лойиҳаси учун fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган ариза;
- Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтказилган Устав (Низом) нусхаси;
- Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси;
- Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса лицензиянинг нусхаси.
- Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсияномалари, илтимосномалари илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант суммаси миқдори – 25 млн. сўмгача.
Ҳужжатлар 2016 йил 25 июндан 25 июлгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди» номига «Ўзбекистон почтаси» орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.
Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва ҳужжатлар намуналари билан Жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-64.