Савол: ННТ тушунчаси?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Конуннинг 2 моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари турлари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10 моддасига қўра жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузиши мумкин.

 

Савол: Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси?

Жавоб: Ўз уставига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда битта ёки ундан кўпроқ чет эл давлати ҳудудида фаолият олиб бориши мумкин бўлган халқаро ташкилот халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти деб ҳисобланади.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига нималар киради?

Жавоб: Муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав ва қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш йўллари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20 моддасига қўра нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш унинг юқори органи қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

 

Савол: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари қайси давлат органида рўйхатдан ўтказилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Жавоб: - Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;

- нодавлат нотижорат ташкилотининг икки нусхадаги устави;

- таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги, муассислари хусусидаги, унинг уставини тасдиқлаш ҳақидаги, раҳбар органлари ва бошқа органларини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар албатта мавжуд бўлган баённомаси;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятининг турлари?

Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошириши мумкин.

 

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шаклларини санаб беринг?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.

 

Савол: 2012 йил 12 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасининг бешинчи йўналиши Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш деб номланади. Мана шу соҳадаги қайси янги қонун лойиҳалар бўйича Президентимиз ўз таклифларини берган?

Жавоб:

-"Ижтимоий шериклик тўғрисида"

-"Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида"

-"Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлар.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар номларини санаб беринг?

Жавоб:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (13 боб – Жамоат бирлашмалари);

2. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

3. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун;

4. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

5. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун;

6. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун;

7. “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш тўғрисида 132-сонли қарори;

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 мартдаги Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўйимча чора-тадбирлар тўғрисида ПҚ-2085-сонли қарори.

 

Савол: Жамоат бирлашмасининг жамоат фондидан нима фарқи бор?

Жавоб:

- жамоат бирлашмасида аъзолик мавжуд, жамоат фондларида эса йўқ;

- жамоат фондлари фаолияти фақат суд томонидан тугатилади, жамоат бирлашмалари фаолияти эса ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин;

- жамоат бирлашмаларининг аъзолари камайса тугатилиши мумкин, жамоат фондларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат фондларининг молия йили тугаганда аудиторлик текширувидан ўтказиш шарт, жамоат бирлашмаларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат бирлашмаларининг ҳудудий бўлимлари ўз уставига эга бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилса, юридик шахс бўлиши мумкин. Жамоат фондларининг ваколатхона ва бўлимлари юридик шахс бўлмайди.

- Жамоат фондлар юридик ва жисмоний шахсларининг муассислигида тузилиши мумкин. Жамоат бирлашмалари фақат камида 10 та фуқаронинг ташаббуси билан тузилади.

- Жамоат фонди воситачилик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Жамоат бирлашмасига бундай норма тадбиқ этилмайди.

 

Савол: Қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотларига имтиёзлар берилганми, бўлса қанақа?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси “Нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда:

1. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин;

2. Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди;

3. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

4.Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан:

Нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғларидан озод этилган.

 

Савол: Ўзбекистон Республикасида сиёсий партиялар нечта ва улар қандай номланади?

Жавоб:

1) Ўзбекистон халқ демократик партияси;

2) Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

3) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси;

4) Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини тугатиш тартиби қандай?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзув уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органи томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади:

нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза (ихтиёрий равишда тугатилаётган тақдирда);

тегишли органнинг нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги қарори;

нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ва бошқа таъсис ҳужжатлари ҳамда у давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

тугатиш баланси ёки топшириш ҳужжати ёхуд тақсимлаш баланси.

Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан белгиланган тартибда фойдаланилади.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбаларини санаб беринг?

Жавоб:

- кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

- муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

- ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

- тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

- қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

 

Савол: Жамоат бирлашмалари фаолиятининг принципларини санаб беринг?

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Конунга кўра жамоат бирлашмалари ўз аъзолари (қатнашчилари)нинг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва ҳаракат қилади.

 

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгиларга нималар киради ва улар қайси орган томонидан рўйхатга олинади?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари давлат рамзий белгиларига ўхшамаслиги керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари адлия органлари томонидан рўйхатга олинади. 

 


Савол: Ўзбекистон Республикасида жамоат фондлари қандай ташкил этилади ва жамоат фондлари муассислари кимлардан иборат бўлиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Жамоат фонлари тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасига кўра фонд муассисларнинг (муассиснинг) қарорига биноан ёки васиятнома бўйича ташкил этилиши мумкин.

Мазкур Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ бир ёки бир нечта юридик ва (ёки) жисмоний шахс фонд муассислари (муассиси) бўлиши мумкин. Бунда фонд муассислари (муассиси) фонд уставини тасдиқлайди, фонд васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзоларини тайинлайди ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлари қайси ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим?

Жавоб: “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда нотижорат ташкилотини ўзини давлат рўйхатидан ўтказиладиган тартибда ва муддатларда қайта рўйхатдан ўтказилиши керак.

Нодавлат нотижорат ташкилоти халқаро нодавлат нотижорат ташкилотига ёки унинг филиалига айлантирилган тақдирда уни қайта рўйхатдан ўтказиш мажбурийдир.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг филиали ва ваколатхонаси деганда нима тушунилади?

Жавоб: “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига биноан нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш ҳуқуқига ҳам эга.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 9-моддасига кўра нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатхонаси у турган ердан ташқарида жойлашган алоҳида бўлинма бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг филиали у турган ердан ташқарида жойлашган алоҳида бўлинма бўлиб, унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини амалга оширади.

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Декабрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди