Опрос

123
123
Вам нужно выбрать как минимум один вариант чтобы проголосовать!

April 2024
Mo Tu We Th Fr Sa Su
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5

Национальные партнеры

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида низом

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2015 йил 13 майда

қабул қилинган 132-III/КҚ-15-III-сонли

Қўшма қарорига

1-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини

ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида

НИЗОМ

  

  1. Умумий қоидалар

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (бундан буён матнда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди деб юритилади) миллий ва чет эл валютасида ҳисобварақлари бор, аъзолиги бўлмаган жамоат фонди шаклида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти – мустақил юридик шахсдир.

 

  1. Олий Мажлис  ҳузуридаги жамоат фонди ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини (бундан буён матнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини деб юритилади) тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга асосан амалга оширади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатхоналар очиши ва филиаллар тузиши мумкин.

Ваколатхоналар ва филиалларни тузиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда тугатиш тартиби, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари уларнинг  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан тасдиқланадиган низомларида белгиланади.

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг тўлиқ расмий номи:

давлат тилида: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди»;

рус тилида: «Общественный Фонд по поддержке негосударственных некоммерческих организаций и других институтов гражданского общества при Олий Мажлисе Республики Узбекистан»;

инглиз тилида: «The Public Fund for suppopt of nongovernmental noncommercial organizations and other institutions of the civil society of the Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan».

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоатфонди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатинингқўшма қарорига биноан ташкил этилади, унинг фаолияти мамлакатнинг бутун ҳудудида амалга оширилади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг жойлашган ери:

 Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси 1.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг

мақсад ва вазифалари

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг мақсади нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг мамлакатда демократик ўзгаришларни амалга оширишда ва жамиятни эркинлаштиришда фаол иштирок этишига кўмаклашишдан, уларни молиялаштириш манбаларини шакллантириш учун объектив шароитлар яратишдан иборат.  

 

  1. Олий Мажлис  ҳузуридаги жамоат фондининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан олинадиган маблағларни жамлаш, бу маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар масалаларни ҳал этишда уларнинг иштирок этишига қаратилган дастурларни амалга ошириш учун тақсимланишини ташкил этиш;  

маблағларни кейинчалик нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига йўналтириш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий, маслаҳат, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ лойиҳалар ҳамда дастурларни рўёбга чиқаришда кўмаклашиш.

 

III. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди:

ўз фаолияти соҳасига доир ахборотни давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олишга ва ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатишга; 

юридик ва жисмоний шахслар билан қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ва ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур битимлар тузишга;

мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида мол-мулкка эга бўлишга;

ихтиёрий хайриялар, ҳомийлик бадаллари, грантлар ва бошқа маблағлар олишга;

судда, бошқа муассасалар ва ташкилотларда ўз манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилишга;

фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритишга;

халқаро алоқалар ўрнатишга, ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузишга ва халқаро дастурлар ҳамда лойиҳаларда иштирок этишга;

ўз номи давлат тилида ёзилган думалоқ муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар ва бланкаларга ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган рамзий белгиларга эга бўлишга ҳақли.

Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш масалаларининг кўриб чиқилишида иштирок этади;  

Давлат бюджети маблағлари белгиланган мақсадда сарфланишини, улардан самарали фойдаланилишини, моддий ресурслар нодавлат нотижорат ташкилотлари барқарор ва мустаҳкам ривожланиши, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва таъсири оширилиши учун сафарбар қилинишини таъминлайди;

нодавлат нотижорат ташкилотлари  ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг минтақаларнинг аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган истиқболли, ижтимоий ва умум аҳамиятга молик дастурлари ҳамда лойиҳаларини молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;  

фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий, маслаҳат тарзида, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга молиявий ёрдам кўрсатади;

фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ютуқларини тарғиб қилиш масалалари бўйича тадбирлар (конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, тренинглар ва шу кабилар) ўтказади;  

чет эл ноҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантиради, чет эл ноҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказади, чет эллик ҳамкорлар иштирокидаги дастурлар ва лойиҳаларни рўёбга чиқаради, уларнинг грантларини аниқ ижтимоий ва умум аҳамиятга молик лойиҳаларни ҳал этишга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришни рағбатлантиришга жалб этади;

тегишли лицензия олганидан кейин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий, моддий-молиявий, ташкилий ва кадрларга оид жиҳатларига бағишланган адабиётлар нашр этади;  

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа вазифаларни амалга оширади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди:

ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга ошириши;

ҳар йили ҳисобот эълон қилиши, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг фаолияти ва Фонд мол-мулкидан фойдаланиш очиқ-ошкора бўлишини таъминлаши;

рўйхатдан ўтказувчи органлар вакиллари Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ўтказилаётган тадбирларда иштирок этишига имкон яратиши;

ўз фаолияти тўғрисида қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига (бундан буён матнда Парламент комиссияси деб юритилади), шунингдек рўйхатдан ўтказувчи органларга, солиқ ва статистика органларига ҳисобот тақдим этиши шарт.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўз фаолиятини ошкоралик ва очиқ-ойдинликни таъминлаш принциплари асосида амалга оширади, Давлат бюджетидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бериладиган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилишини таъминлайди. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўз фаолияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш доирасида ажратилган маблағларнинг тақсимланиши ҳамда ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.  

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча ҳуқуқларидан фойдаланади. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди фаолияти ва уни ривожлантиришнинг ҳар йилги дастури Парламент комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.   

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат

фондининг мол-мулки

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг мол-мулкини асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ қиймати Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди балансида акс эттириладиган бошқа мол-мулк ташкил этади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини шакллантириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг (Ўзбекистон Республикаси резидентларининг ҳамда норезидентларининг) ихтиёрийлик асосидаги ҳомийлик бадаллари, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг грантлари ҳамда беғараз бериладиган маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардир.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг мол-мулкидан гаров ёки мажбуриятларни таъминлашнинг бошқа воситаси сифатида, шунингдек кредитлар бериш учун фойдаланилиши мумкин эмас.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўз мол-мулки билан жавоб беради.
  2. Олий Мажлис Ҳузуридаги жамоат

фондини бошқариш

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди фаолиятига раҳбарликни қуйидагилар амалга оширади:

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг васийлик кенгаши вазифаларини бажарадиган Парламент комиссияси;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг бошқаруви вазифаларини бажарадиган Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Ижро этувчи девони.

 

  1. Фаолияти махсус Низом билан тартибга солинадиган Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи органдир.

 

  1. Парламент комиссияси:

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларининг нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун тақсимланишини ташкил этади, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ва давлат органларининг таклифларини ўрганиш асосида аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқади;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини тақсимлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлайди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожлантириш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ўтказилаётган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда, демократик қадриятларнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда иштирок этиши масалаларини муҳокама қилишга жамоатчиликни жалб этади;

жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун маблағларнинг ҳажмларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг (бундан буён матнда жамоат комиссиялари деб юритилади) буюртмалари асосида аниқлайди ҳамда тақсимлайди, ушбу комиссиялар фаолиятига услубий раҳбарликни таъминлайди;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, ушбу жамоат фонди томонидан молиялаштириладиган дастурлар ҳамда лойиҳалар устидан назоратни (мониторингни) амалга оширади, ўз мажлисларида молиялаштирилаётган дастурлар ҳамда лойиҳалар амалга оширилишининг бориши ва натижалари тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳисоботларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотини эшитади, ижтимоий шерикликни янада ривожлантиришга доир зарур тавсияларни ишлаб чиқади ва беради;

социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришга, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтириш жараёнларига кўмаклашади;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини, жамоатчилик экспертизасини ташкил этишда давлат органларига ёрдам кўрсатади, мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича тизимли ишлар олиб боради;

ижтимоий шериклик соҳасида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилади;

давлат субсидиялари ажратиш тартиби ва шароитларини белгилайди;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат грантларини ажратиш тартиби ҳамда шартларини белгилайди;

давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартларини белгилайди.

Парламент комиссияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

  1. Парламент комиссияси аъзолари бир вақтнинг ўзида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Ижро этувчи девони ва Тафтиш комиссиясига аъзо бўлиши мумкин эмас.

 

  1. Парламент комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, масъул котиби ва аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.

 

  1. Парламент комиссияси ваколатларига кирадиган масалалар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Ижро этувчи девони ёки Тафтиш комиссияси ҳал этиши учун топширилиши мумкин эмас.

 

  1. Парламент комиссиясининг мажлисда иштирок этаётган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган қарорлари Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Ижро этувчи девони ва бошқа органлари учун мажбурийдир. Парламент комиссиясининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга.

 

  1. Парламент комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, лекин йилнинг ҳар чорагида камида бир марта чақирилади.

 

  1. Парламент комиссиясининг раиси:

Парламент комиссиясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

Парламент комиссияси иш режасининг лойиҳаси тайёрланишини ташкил этади ва Парламент комиссиясининг тасдиқланган иш режаси бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

Парламент комиссиясининг қарорларини имзолайди ва уларни ижро этиш бўйича ишларни ташкил этади;  

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларини амалга оширади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Ижро этувчи девонига Олий Мажлис  ҳузуридаги жамоат фондининг директори бошчилик қилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Ижро этувчи девонининг таркибий тузилиши, ваколатлари ва уни шакллантириш тартиби Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди директори:

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади ва зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши учун жавобгардир;

давлат органлари, чет эл ноҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди номидан иш кўради;

юридик ва жисмоний шахслар билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди фаолиятига тааллуқли шартномалар тузади,Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди номидан ишончномасиз иш юритади;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди харажатлари сметасини тузади ва Парламент комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа норматив ҳужжатлар чиқаради;

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг мол-мулкини, шу жумладан пул маблағларини бошқаради, Парламент комиссиясига Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Ижро этувчи девонининг фаолияти тўғрисида йилига камида икки марта ҳисобот тақдим этади, Парламент комиссияси кўриб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва таклифлар тайёрланишини таъминлайди ҳамда мазкур комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар ва кўрсатмаларнинг бажарилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди директори Парламент комиссиясининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори билан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди

маблағларидан фойдаланиш

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига уларнинг буюртманомалари асосида ва Парламент комиссиясининг қарорларига мувофиқ субсидиялар, грантлар, ижтимоий буюртма тариқасида ажратилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларни кейинчалик нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига, жойларда шундай фондлар ташкил этилган тақдирда, йўналтириши мумкин.

Муайян нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари  билан бир қаторда, уларнинг бирлашмалари ва уюшмалари – Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси, Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон экологик ҳаракати молиялаштиришнинг мустақил объекти сифатида қаралади. Мазкур муассасаларга ажратиладиган бюджет маблағларидан девонларининг  таъминоти, шунингдек уларнинг уставда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини тақсимлаш тартиби Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

 

VII. Тафтиш комиссияси

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш учун Парламент комиссияси томонидан уч кишидан иборат таркибда Тафтиш комиссияси сайланади.

 

  1. Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Ижро этувчи девон ва Парламент комиссиясига аъзо бўлишлари мумкин эмас.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш Парламент комиссиясининг қарорига биноан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг йиллик фаолияти якунлари бўйича амалга оширилади.

 

  1. Тафтиш комиссиясининг талабига кўра Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг мансабдор шахслари унга Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

 

  1. Тафтиш комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг йиллик ҳисоботлари ва бухгалтерия баланслари Парламент комиссияси томонидан тасдиқлангунига қадар уларни мажбурий тартибда текширишни амалга оширади.

 

VIII. Ҳисобга олиш ва ҳисобот

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловлар тўлайди.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг ўтган йилги фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисобот ҳар йили 20 мартга қадар Парламент комиссиясига тақдим этилади. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг бухгалтерия баланси ҳисоботдан кейинги йилнинг       31 мартига қадар Парламент комиссияси томонидан тасдиқланиши керак.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг молиявий-хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, рўйхатдан ўтказувчи органлар, солиқ ва бошқа органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

  1. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўз фаолиятининг ҳар йилги аудиторлик текширувини ўтказади.

Аудиторлик ташкилотини танлаш Парламент комиссияси томонидан амалга оширилади. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди фаолиятининг аудиторлик текширувига Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг фаолияти билан боғлиқ шахслар аудитор сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

 

  1. Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди тўғрисидаги низомга қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

 

  1. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар Парламент комиссиясининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида тасдиқланиши керак.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди тўғрисидаги низомга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

 

  1. Қайта ташкил этиш ва тугатиш

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Парламент комиссиясининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан қайта ташкил этилиши мумкин.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондини қайта ташкил этишга фақат бошқа Фондга қўшиб юборилган, бошқа Фонд қўшиб олинган ёки бошқа Жамоат фондига қўшилинган тақдирда йўл қўйилади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондини тугатиш манфаатдор шахсларнинг аризаси асосида суднинг ҳал қилув қарорига биноан амалга оширилади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондини тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

 

  1. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки Парламент комиссияси, Ижро этувчи девон, Тафтиш комиссияси аъзолари ёки Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан Фонд қайси мақсадда тузилган бўлса, ўша мақсадда ва ҳомийлик мақсадларида ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланилади.

 

Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 максимум символов