Опрос

123
123
Вам нужно выбрать как минимум один вариант чтобы проголосовать!

April 2024
Mo Tu We Th Fr Sa Su
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5

Национальные партнеры

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 23.05.2015 йилда қабул қилинган 19-сонли  Қарорига

2-сонли илова

 

 

  1. Умумий қоидалар

 

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг намунавий регламенти (бундан буён матнда – Намунавий регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари (бундан буён матнда – Жамоат комиссиялари деб юритилади) фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

 

  1. Жамоат комиссиялари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларининг (бундан буён матнда – Жамоат фондлари деб юритилади)  васийлик кенгашлари вазифаларини бажаради, жамоат фондларининг устувор йўналишларини шакллантиради, жамоат фондлари ташкил этилган тақдирда, уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади.

 

  1. Жамоат комиссиялари ўз фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатларига ва ушбу Намунавий регламентга мувофиқ амалга оширади.

 

  1. Жамоат комиссияларининг ваколатлари

 

  1. Жамоат комиссиялари:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлигини чуқурлаштиришга кўмаклашади, уларнинг таклифларини ўрганиш асосида ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини аниқлайди;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жойларда ижтимоий, социал-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган социал ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик дастурлари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, уларни амалга ошириш учун маблағларнинг зарур ҳажмларини аниқлашга доир тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда тегишли буюртмаларни Парламент комиссиясига юборади;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари маблағларининг самарали тақсимланишини ташкил этади, шунингдек улардан мақсадли фойдаланилиши устидан мониторингни амалга оширади;

тегишли ҳудудда ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда ижтимоий шериклик ҳолатининг мониторингини ва баҳоланишини амалга оширади, зарур ҳолларда, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга доир аниқ тадбирларни ишлаб чиқади;

ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида манфаатларни келишиб олишга ва биргаликдаги фаолиятнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган маслаҳатлашувлар ҳамда музокараларни ташкил этади ва ўтказади, улар ўртасида битимлар ва шартномалар тузишга, шунингдек уларнинг ижро этилишига кўмаклашади;

ижтимоий шериклик соҳасида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилади.

Жамоат комиссиялари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

  1. Жамоат комиссиялари:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бажарилган ишлари тўғрисида  ҳар йилги ҳисоботни тақдим этиши;

ижтимоий шериклик соҳасидаги дастурлар ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларни бажариши;

ижтимоий шериклик доирасидаги фаолиятни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг манфаатларини ва эҳтиёжларини ҳисобга олиши;

ижтимоий шериклик доирасида тақдим этилган пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан мақсадли фойдаланилишини таъминлаши шарт.

Жамоат комиссияларининг зиммасида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

III. Жамоат комиссияларининг тузилмаси ва уларни бошқариш

 

  1. Жамоат комиссиялари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларининг, адлия ва молия органларининг, шунингдек бошқа давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан раис, унинг ўринбосари, масъул котиб ва комиссия аъзоларидан иборат таркибда тузилади. 

 

  1. Жамоат комиссиясининг раиси:

Жамоат комиссиясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

Жамоат комиссиясининг иш режаси лойиҳасини тайёрланишини ташкил этади ва Жамоат комиссиясининг тасдиқланган иш режаси бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамоат комиссияси қарорларини имзолайди ва уларнинг ижро этилишига доир ишларни ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

  1. Раис ўринбосари Жамоат комиссияси раисининг йўқлигида унинг вазифаларини бажариб туради, Жамоат комиссияси томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.

 

  1. Жамоат комиссиясининг масъул котиби Жамоат комиссияси мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни амалга оширади, Жамоат комиссияси мажлисларининг баённомаларини юритади, шунингдек Жамоат комиссияси томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.

 

  1. Жамоат комиссияларининг таркиби тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланади.

 

  1. Жамоат комиссиясининг таркибини ўзгартириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан амалга оширилади.

Жамоат комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига тегишинча Жамоат комиссиясининг раисини, раис ўринбосарини, масъул котибини, айрим аъзоларини муддатидан илгари вазифасидан озод этиш тўғрисидаги масалани Жамоат комиссияси аъзолари умумий сонининг учдан икки қисми талабига биноан киритиши мумкин.

  1. Жамоат комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, масъул котиби ва аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажаради.

Жамоат комиссияси раисининг, раис ўринбосарининг, масъул котибининг ва аъзоларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатларининг ўрни уларнинг асосий иш жойидаги маблағлар ҳисобидан қопланади.

 

  1. Жамоат комиссияси қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун ишчи ва эксперт гуруҳларини тузиши мумкин. Бу гуруҳларнинг фаолияти Жамоат комиссияси томонидан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширилади. Йўналишлар бўйича ишчи ва эксперт гуруҳларини тузишда ишга жалб этилаётган экспертларнинг касбий ва ҳаётий тажрибаси ҳисобга олинади.

 

  1. Жамоат комиссияларининг иш тартиби

 

  1. Жамоат комиссиялари фаолиятининг ташкилий шакли уларнинг мажлисларидир.

Жамоат комиссияларининг мажлислари, қоида тариқасида, ҳар чоракда камида икки марта ўтказилади.

 

  1. Жамоат комиссияларининг мажлислари раис ташаббуси билан, у йўқлигида эса – Жамоат комиссияси раисининг ўринбосари томонидан  чақирилади.

 

  1. Жамоат комиссиясининг навбатдан ташқари мажлислари раис ташаббуси билан, шунингдек Жамоат комиссияси аъзолари ёхуд Жамоат фонди Тафтиш комиссияси аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмининг ёзма талабига биноан чақирилади.

 

  1. Жамоат комиссиясининг масъул котиби Жамоат комиссияси аъзоларини, қоида тариқасида, Жамоат комиссияси мажлиси кунидан камида икки кун аввал хабардор қилади.

Жамоат комиссиясининг аъзоси мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда Жамоат комиссияси раисига бу ҳақда олдиндан хабар қилиши шарт.

 

  1. Жамоат комиссияси мажлисининг кун тартибига қўшиладиган масалалар Жамоат комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, масъул котиби ва аъзолари томонидан, шунингдек Жамоат фонди Ижро этувчи девони раҳбари томонидан киритилиши мумкин.

 

  1. Жамоат комиссияси мажлислари, агар уларда Жамоат комиссияси аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатлидир.
  2. Жамоат комиссиясининг мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганда Жамоат комиссияси ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

 

  1. Жамоат комиссиясининг мажлисларини Жамоат комиссияси раиси ёки унинг ўринбосари олиб боради.

 

  1. Мажлисларга давлат органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Мажлисга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинишида овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек раислик қилувчининг фармойишларига бўйсуниши шарт.

Мажлисга таклиф этиладиган шахсларнинг сони ва таркиби Жамоат комиссияси раиси томонидан ҳал қилинади.

Мажлисда раислик қилувчи Жамоат комиссияси аъзоларига мажлисга таклиф этилган шахсларнинг сони ва таркиби тўғрисида ахборот беради.

 

  1. Жамоат комиссияси мажлисида масалаларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёни масалани тайёрлаш учун масъул бўлган  Жамоат комиссияси аъзоларининг маърузаларини ва қўшимча маърузаларини, шунингдек Жамоат комиссияси раиси томонидан масалани тайёрлаш учун  масъул сифатида белгиланган бошқа шахсларнинг маърузаларини ва қўшимча маърузаларини эшитиш шаклида амалга оширилади.

Жамоат комиссияси мажлисида қарорлар унинг мажлисида иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамоат комиссиясининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади ва муҳокама этилаётган масала бўйича «тарафдор», «қарши» ёки «бетараф» бўлиб овоз беради. Жамоат комиссияси мажлисида ҳозир бўлган Жамоат комиссиясининг ҳар бир аъзоси муҳокама этилаётган масала бўйича овоз беришда иштирок этиши шарт.

Жамоат комиссиясининг овоз бериш вақтида иштирок этмаган аъзолари овоз бериш ҳуқуқини Жамоат комиссиясининг бошқа аъзоларига топшириши мумкин эмас.

 

  1. Жамоат комиссиясининг мажлисида масъул котиб томонидан мажлис баённомаси юритилади. Баённомада:

мажлис ўтказилган вақт, сана ва жой;

Жамоат комиссиясининг ҳозир бўлган ва иштирок этмаётган аъзолари сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони;

мажлисда кўриб чиқилаётган, муҳокама этилаётган масалаларнинг мазмун-моҳияти, мажлисда кўриб чиқиш учун киритилган ҳар бир масала бўйича ҳар бир маърузачининг ва қўшимча маърузачининг фамилияси ва лавозими;

қабул қилинган қарорларнинг «тарафдор», «қарши» ёки «бетараф» овозлар сони қайд этилган рўйхати кўрсатилади.

Жамоат комиссиясининг баённомаларини масъул котиб имзолайди, мажлисда раислик қилган раис ёки  раис ўринбосари тасдиқлайди.

 

  1. Жамоат комиссиясининг қарорлари қабул қилинган кундан эътиборан уч кун муддатда Жамоат комиссияси аъзоларига ва Жамоат фонди Ижро этувчи девонига юборилади.

 

  1. Жамоат комиссиясининг қарорлари Жамоат комиссиясининг барча аъзолари ва Жамоат фонди Ижро этувчи девони ижро этиши учун мажбурийдир.

 

  1. Якунловчи қоидалар

 

  1. Жамоат комиссияси фаолиятининг ташкилий, техник таъминотини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.

 

  1. Жамоат комиссияси фаолиятига услубий жиҳатдан раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан таъминланади.    

 

Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 максимум символов