Конституциямизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид асосий принциплар мустаҳкамланиб, уларнинг ривожланишини таъминлаш, жамият ва давлат қурилишида ваколатларини кенгайтиришга қаратилган меъёрлар белгиланган ва шу асосда мукаммал қонунчилик тизими яратилган.

Шу сабабли бугунги кунда, фуқаролик жамияти инс­титутларининг муҳим бўғини бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаб, демократик қадриятлар, давлат дастурларини амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Адлия вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг республика босқичидаги Миллий форуми бўлиб ўтди.

“Мамлакат тараққиётига дахлдорлик ва масъуллик ҳисси билан” шиори остида ўтказилган Форумда “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ННТларнинг роли ва ҳиссаси ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 23 июндаги “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижтимоий ва гуманитар масалаларни ҳал этишда ННТлар ролини кучайтириш омили бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига фуқаролик жамияти институтларининг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизни янада социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга қаратилган фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилган.

Шу нуқтаи назардан, мазкур анжуман доирасида нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ривожланишига ҳисса қўшаётган давлат бошқаруви органларини аниқлаш мақсадида интернет орқали он лайн сўрови ўтказилди. Сўров иштирокчилари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларни энг кўп қўллаб-қувватлаётган давлат органи сифатида Адлия вазирлиги эътироф этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, биргина 2012 йил давомида 500 дан ортиқ ННТ вакиллари қабул қилиниб, уларга тегишлича амалий ёрдам кўрсатилди.

ЎзННТМА раиси эътироф этганидек, нодавлат нотижорат ташкилотлари Адлия вазирлиги учун фақат назорат объекти эмас, балки уларнинг энг фаол ҳамкоридир.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий форумининг ўтказилиши мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида жамоат ташкилотларининг роли ва аҳа­мия­тини, ижтимоий шериклик ва жамоат назорати бўйича тажрибаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш, улар фаолия­тининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, келгусида фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш имконини беради. 

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Декабрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди