«ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ ТЎҒРИСИДА» ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ (ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН 2013 ЙИЛ 12 НОЯБРДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН СЕНАТ ТОМОНИДАН 2013 ЙИЛ 12 ДЕКАБРДА МАЪҚУЛЛАНГАН)
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Экологик назорат тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-сон, 688-модда)
Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 12 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2013 йил 12 декабрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади экологик назорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Экологик назорат тушунчаси
Экологик назорат атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирлари тизимидир.
4-модда. Экологик назоратнинг асосий вазифалари
Экологик назоратнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;
атроф муҳит ҳолатини кузатиб бориш, атроф муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;
мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;
юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;
атроф муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш;
табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш.
5-модда. Экологик назоратнинг асосий принциплари
Экологик назоратнинг асосий принциплари қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
6-модда. Экологик назорат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Экологик назорат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
экологик назорат тизимини шакллантириш ва ривожлантириш;
фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф муҳитни яратиш;
экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органлари деб юритилади), маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан атроф муҳитнинг муҳофаза қилиниши ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш борасида ҳамкорлик қилишининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;
экологик назорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
7-модда. Экологик назорат объектлари
Экологик назорат объектлари қуйидагилардан иборат:
ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси;
атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар;
атроф муҳит ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.
8-модда. Экологик назорат субъектлари
Экологик назорат субъектлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
махсус ваколатли давлат органлари;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;
хўжалик юритувчи субъектлар;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
нодавлат нотижорат ташкилотлари;
фуқаролар.
9-модда. Экологик назоратнинг турлари
Экологик назоратнинг турлари қуйидагилардан иборат:
давлат экологик назорати;
идоравий экологик назорат;
ишлаб чиқариш экологик назорати;
жамоатчилик экологик назорати.
2-боб. Экологик назорат субъектларининг ваколатлари
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг экологик назорат соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
экологик назорат соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
давлат экологик дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;
давлат экологик назоратини, шунингдек атроф муҳитнинг давлат мониторингини амалга ошириш тартибини белгилайди;
идоравий, ишлаб чиқариш, жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги, экологик хизмат ҳақидаги, шунингдек экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлайди;
экологик назорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, уларнинг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси махсус ваколатли давлат органларидир.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқа махсус ваколатли давлат органларининг давлат экологик назорати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Махсус ваколатли давлат органлари:
экологик назорат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
давлат экологик назоратини амалга оширади;
давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни, шу жумладан атроф муҳитнинг давлат мониторинги дастурини ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
белгиланган тартибда экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат экологик назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;
идоравий, ишлаб чиқариш экологик хизматларини давлат экологик назоратида иштирок этиш учун жалб қилади;
идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда услубий ёрдам кўрсатади ҳамда кўмаклашади.
Махсус ваколатли давлат органлари қуйидаги соҳаларда давлат экологик назоратини амалга оширади:
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси — атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида, ушбу қисмнинг учинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилган соҳаларни назорат қилиш бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги — атроф муҳитнинг радиоактив, кимёвий, биологик моддалар билан ифлосланиши, ичимлик суви таъминоти, атмосфера ҳавосига физик омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси — саноат хавфсизлигига ва радиациявий хавфсизликка риоя этилиши, ер қаърини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, минерал хом ашёни қайта ишлашда ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, шунингдек кончилик ишларини геологик-маркшейдерлик жиҳатидан таъминлаш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги — автомототранспорт воситаларининг ишлатилишида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги — сунъий сув объектларининг сувидан фойдаланилиши ва истеъмол қилиниши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш бўйича давлат карантин қоидаларининг бажарилиши юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси — ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан, ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда бошқа чиқиндилар, радиоактив, кимёвий, биологик моддалар ва оқова сувлар билан ифлосланиши бундан мустасно.
Махсус ваколатли давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг экологик назорат соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида иштирок этади;
ҳудудий экологик дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
тегишли ҳудудда давлат экологик назоратини амалга оширади;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат экологик назорати масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг экологик назорат соҳасидаги ваколатлари
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:
экологик назорат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
идоравий экологик назоратни амалга оширади;
давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни, шу жумладан атроф муҳитнинг давлат мониторинги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
белгиланган тартибда экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
давлат бошқаруви органлари тасарруфидаги ташкилотларда, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи ташкилотларда атроф муҳит ва табиий ресурслар ҳолатини кузатиш тизимининг ишлашини таъминлайди;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан идоравий экологик назорат масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;
давлат бошқаруви органлари тасарруфидаги ташкилотларда, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи ташкилотларда ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда услубий ёрдам кўрсатади ва кўмаклашади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
14-модда. Хўжалик юритувчи субъектларнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Хўжалик юритувчи субъектлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш;
давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни, шу жумладан атроф муҳитнинг давлат мониторинги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
атроф муҳитнинг ҳолати ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаб чиқариш экологик назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш.
Хўжалик юритувчи субъектлар қуйидагиларни бажариши шарт:
экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
атроф муҳит ҳолатини ва атроф муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришни амалга ошириш;
атроф муҳитга йўл қўйилиши мумкин бўлган энг юқори таъсирни тартибга солувчи экологик нормативларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этиш;
экологик назорат жараёнида аниқланган атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши фактини бартараф этиш;
экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш.
Хўжалик юритувчи субъектлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
15-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг экологик назорат соҳасидаги ваколатлари
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
атроф муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича қарорлар тайёрлашда ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
тегишли ҳудудда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширади;
атроф муҳит ҳолатини ва атроф муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришни амалга оширади;
экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, хўжалик юритувчи субъектларга давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда ўз вакилининг кузатувчи сифатида иштирок этиши тўғрисида таклифлар киритади;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни хабардор қилади;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги аниқланган фактлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритади;
атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилади ва ахборот олади;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказади;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилади;
атроф муҳитни муҳофаза қилишга кўмаклашади, экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича, шу жумладан экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилади;
аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишда кўмаклашади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
атроф муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлашда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш;
атроф муҳит ҳолатини ва атроф муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришда иштирок этиш;
экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, хўжалик юритувчи субъектларга давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда ўз вакилининг кузатувчи сифатида иштирок этиши тўғрисида таклифлар киритиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни хабардор қилиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги аниқланган фактлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;
атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш;
тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича, шу жумладан экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилиш;
аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишда кўмаклашиш.
Ўзбекистон экологик ҳаракати, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлар билан бир қаторда, ўз уставидаги вазифаларига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг экологик назоратни амалга оширишдаги иштирокини янада кучайтиришга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қуйидагиларни бажариши шарт:
экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини бажармаслик.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
17-модда. Фуқароларнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
атроф муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;
экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш;
атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;
тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш.
Фуқаролар қуйидагиларни бажариши шарт:
экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш.
Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
18-модда. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантириши ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши мумкин.
Белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан ўтган ва экологик назоратда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиши мумкин.
Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;
давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш;
атроф муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш;
юридик ва жисмоний шахслардан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва ахборотни олиш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;
тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;
аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишда иштирок этиш.
Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қуйидагиларни бажариши шарт:
экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;
экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини бажармаслик.
Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
3-боб. Экологик назоратни амалга ошириш
19-модда. Экологик назоратни амалга ошириш тартиби
Давлат экологик назорати махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Давлат экологик назоратини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Идоравий экологик назорат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви органлари тасарруфидаги ташкилотларда, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг таркибига кирувчи ташкилотларда амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш экологик назорати хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз хўжалик фаолиятида ва бошқа фаолиятда амалга оширилади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Экологик хизмат тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ экологик хизматни ташкил этиши мумкин.
Жамоатчилик экологик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади.
Идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низомларга мувофиқ белгиланади.
20-модда. Экологик назоратнинг шакллари ва усуллари
Давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишини текшириш;
атроф муҳит мониторинги.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шакллардан ташқари, шунингдек давлат экологик экспертизаси давлат экологик назоратининг, экологик аудит эса, ишлаб чиқариш экологик назоратининг шаклидир.
Давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорати атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи омилларни ҳисобга олиш, атроф муҳит ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳолатини таҳлил этиш, баҳолаш ва прогноз қилиш йўли билан амалга оширилади.
Жамоатчилик экологик назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:
атроф муҳит ҳолатини ва унинг хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолият таъсири остидаги ўзгаришларини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишини кузатиб бориш;
давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш;
тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитиш;
жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш.
Жамоатчилик экологик назорати атроф муҳит ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шакллар ва усуллардан ҳам фойдаланилиши мумкин.
21-модда. Экологик назорат натижаларини расмийлаштириш
Давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорати натижаларини расмийлаштириш белгиланган тартибда:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурлар амалга оширилишини текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки маълумотнома;
атроф муҳит мониторинги натижалари бўйича ахборот ёки ҳисобот;
давлат экологик экспертизаси ва экологик аудит натижалари бўйича хулоса тузиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Жамоатчилик экологик назорати натижалари белгиланган тартибда маълумотнома ёки ахборот тузиш орқали расмийлаштирилиши мумкин.
Давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назорати натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
22-модда. Экологик назорат натижаларини рўёбга чиқариш шакллари
Давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорати натижаларини рўёбга чиқариш шакллари қуйидагилардан иборат:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этиш тўғрисида юридик ёки жисмоний шахсга ёзма кўрсатма бериш;
корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал таҳдид юзага келишининг олдини олиш муносабати билан ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш тўғрисида махсус ваколатли давлат органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарорини қабул қилиш;
махсус ваколатли давлат органининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш, тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисида, шунингдек атроф муҳитга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиши;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материални махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
идоравий экологик назоратни амалга оширувчи давлат ёки хўжалик бошқаруви органининг мансабдор шахси томонидан давлат бошқаруви органи тасарруфидаги ташкилот ёки хўжалик бошқаруви органи таркибига кирувчи ташкилот раҳбарига атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан аниқланган факт бўйича чора-тадбирлар кўриш учун таклиф киритиш;
ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширувчи ваколатли шахс томонидан хўжалик юритувчи субъект раҳбарига атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан аниқланган факт бўйича чора-тадбирлар кўриш учун таклиф киритиш.
Жамоатчилик экологик назорати натижаларини рўёбга чиқариш шакллари қуйидагилардан иборат:
махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ва фуқароларни жамоатчилик экологик назоратининг натижалари ҳақида хабардор қилиш;
тегишли давлат органларига атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши юзасидан аниқланган факт бўйича чора-тадбирлар кўриш учун таклифлар киритиш.
Давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назорати натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам рўёбга чиқарилиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
23-модда. Экологик назоратни амалга оширишга аралашишнинг тақиқланиши
Экологик назоратни амалга оширишга аралашиш, экологик назоратни амалга оширувчи мансабдор ва ваколатли шахсларга, жамоатчи инспекторларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.
24-модда. Низоларни ҳал этиш
Экологик назорат соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
25-модда. Экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
26-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
27-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2013 йил 28 декабрдаги 255 (5929)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 27 декабрь,
363-сон