“ҲОМИЙЛИК ТЎҒРИСИДА” ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ (ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН 28.02.2007 Й.ДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН. СЕНАТ ТОМОНИДАН 29.03.2007 Й.ДА МАЪҚУЛЛАНГАН)
16-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-197-сонли Қонуни таҳририда
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ҳомийлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ҳомийлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳомийлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
кўнгиллилар — ҳомийлик олувчининг ёхуд ҳомийлик ташкилотининг манфаатларини кўзлаб бепул ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклидаги ҳомийликни амалга оширувчи жисмоний шахслар;
ҳомийлар — ҳомийликни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;
ҳомийлик (ҳомийлик фаолияти) — юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан пул маблағларини қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами (фаолияти);
ҳомийлик олувчилар — ҳомийлик олувчи юридик ва жисмоний шахслар;
ҳомийлик субъектлари — ҳомийлар, кўнгиллилар, ҳомийлик ташкилотлари, шунингдек ҳомийлик олувчилар;
ҳомийлик ташкилоти — жамиятнинг, айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш учун тузилган нодавлат нотижорат ташкилоти;
ҳомийлик хайриялари — ҳомийлик мақсадларига йўналтириладиган мол-мулк, шу жумладан пул маблағлари.
4-модда. Ҳомийлик мақсадлари
Ҳомийлик қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шу жумладан аҳолининг ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилинмаган ва кам таъминланган тоифаларининг моддий аҳволини яхшилаш, ўз жисмоний ёки интеллектуал хусусиятлари, бошқа ҳолатлар сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қила олмайдиган ишсизларни, ногиронларни ва бошқа шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш;
халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
оиланинг жамиятдаги нуфузи ва ролини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
таълим, фан, маданият, санъат, маърифат соҳасидаги фаолиятга, шунингдек шахснинг маънавий камол топишига кўмаклашиш;
касалликлар профилактикаси ва фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятга, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашиш, фуқароларга маънавий-руҳий ёрдам кўрсатиш;
жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;
аҳолини табиий офатлар, экология, саноат ҳалокатлари ёки бошқа ҳалокатлар оқибатларини бартараф этишга, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга тайёрлаш;
террорчилик ҳаракатлари, табиий офатлар, экология, саноат ҳалокатлари ёки бошқа ҳалокатлар натижасида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш;
атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш;
маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳомийлик бошқа мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Тижорат ташкилотларига, сиёсий партияларга ва ҳаракатларга пул маблағлари ҳамда бошқа моддий маблағлар бериш, ўзга шаклда ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни қўллаб-қувватлаш ҳомийлик ҳисобланмайди.
Сайловолди ташвиқоти ва референдумга қўйилган масалалар бўйича ташвиқот мақсадида ҳомийлик қилиш тақиқланади.
Қонунга зид бўлган ҳар қандай фаолиятни ҳомийлик воситасида қўллаб-қувватлаш тақиқланади.
5-модда. Ҳомийликни амалга оширишга бўлган ҳуқуқ
Юридик ва жисмоний шахслар ҳомийликни ихтиёрий равишда ҳамда монеликсиз амалга оширишга ҳақли.
Юридик ва жисмоний шахслар ҳомийликни якка тартибда ёки бирлашиб, ҳомийлик ташкилотини ташкил этган ёхуд ташкил этмаган ҳолда амалга оширишга ҳақли.
Ҳомийлар ўз ҳомийлик хайрияларидан фойдаланиш мақсадлари ва тартибини белгилашга ҳақли.
2-БОБ. ҲОМИЙЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ
6-модда. Ҳомийлик ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли
Ҳомийлик ташкилотлари жамоат бирлашмаси, жамоат фонди шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.
Ҳомийлик ташкилотининг номи «ҳомийлик» деган сўзни ўз ичига олган бўлиши керак. Ҳомийлик ташкилотининг номи бошқа ҳомийлик ташкилотларини айнан бир хил деб ҳисоблашга олиб келиши мумкин бўлган даражада аввал рўйхатдан ўтказилган номга ўхшаб кетадиган бўлса, у рўйхатга олиниши мумкин эмас. Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз номида «ҳомийлик» сўзидан фойдаланишга ҳақли эмас.
Ҳомийлик ташкилотлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланувчи уюшмаларга (иттифоқларга) ва ўзга бирлашмаларга бирлашишлари мумкин.
7-модда. Ҳомийлик ташкилотининг муассислари
Ҳомийлик ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб юридик ва (ёки) жисмоний шахслар уларнинг муассислари бўлиши мумкин.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари ҳамда ташкилотлари ҳомийлик ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин эмас.
8-модда. Ҳомийлик ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш
Ҳомийлик ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Адлия органининг ҳомийлик ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарори, шунингдек мазкур органнинг давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини бузганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
9-модда. Ҳомийлик ташкилотларининг мол-мулки
Бинолар, ер участкалари, транспорт, иншоотлар, асбоб-ускуналар, пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, шунингдек ахборот ресурслари ва ўзга интеллектуал фаолият натижалари ҳомийлик ташкилотининг мулки бўлиши мумкин.
Ҳомийлик ташкилоти ўзида бўлган мол-мулкка нисбатан қонун ҳужжатларига, ташкилотнинг уставига ва ҳомийлик мақсадларига зид бўлмаган ҳар қандай битим тузишга ҳақли.
Ҳомийлик ташкилоти ўз таъминоти (шу жумладан фаолияти билан боғлиқ барча харажатлари) учун молия йилида ўзи сарфлайдиган молиявий маблағларнинг кўпи билан 20 фоизидан фойдаланишга ҳақли. Ушбу чеклов ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга нисбатан қўлланилмайди.
Ҳомийлик ташкилоти кўнгиллиларнинг ушбу ташкилотдаги фаолияти билан боғлиқ харажатларини (хизмат сафари, транспорт харажатларини ва бошқа харажатларини) тўлаши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ҳомийлик ташкилотининг ҳисобварағига тушган маблағлардан фақат бу маблағларни ажратиш чоғида назарда тутилган ҳомийлик мақсадлари учун фойдаланилади.
Ҳомийлик ташкилотларига берилган ҳомийлик хайрияларидан фақат ҳомийлик мақсадларида фойдаланилади ва бу хайриялардан ҳомийлик ташкилотларини сақлаш учун фойдаланилиши мумкин эмас.
Ҳомийлик ташкилотининг мол-мулки бу ташкилотнинг муассисларига ёки аъзоларига бошқа шахсларга сотилиши ёхуд берилишига қараганда қулайроқ шартларда сотилиши ёки берилиши мумкин эмас.
Ҳомийлик ташкилоти ўз мажбуриятлари юзасидан қонунда белгиланган тартибда ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.
10-модда. Ҳомийлик ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбалари
Ҳомийлик ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилар бўлиши мумкин:
ҳомийлик ташкилоти муассисларининг бадаллари, аъзоликка асосланган ҳомийлик ташкилотлари учун эса аъзолик бадаллари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг пул ва (ёки) бошқа мол-мулк шаклидаги ҳомийлик хайриялари;
акциялар ва бошқа қимматли қоғозлардан олинган даромадлар;
қонун билан рухсат этилган тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар, шу жумладан ҳомийлик ташкилоти таъсис этган тижорат тузилмаларидан тушган тушумлар;
ҳомийлар ва кўнгиллиларни жалб этиш, шу жумладан ҳомийлик хайриялари йиғиш мақсадида ўтказиладиган кўнгилочар, маданий, спорт тадбирлари ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этиш кампанияларини ўтказишдан тушадиган маблағлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лотереялар ва кимошди савдолари ўтказишдан олинган даромадлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
11-модда. Ҳомийлик дастури
Ҳомийлик дастури ҳомийлик ташкилотининг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланган ва мазкур ташкилотнинг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган тадбирлар мажмуидир.
Ҳомийлик дастури мўлжалланаётган тушумлар ҳамда режалаштирилаётган харажатлар сметасини (шу жумладан ҳомийлик дастурини амалга оширишда иштирок этаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни) ўз ичига олади, дастурни амалга ошириш босқичлари ва муддатларини белгилайди.
Ҳомийлик дастурларини (шу жумладан ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини ва ҳомийлик дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатларни) молиялаштириш учун молия йилида тушган даромадларнинг, қонун билан рухсат этилган тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларнинг, шу жумладан ҳомийлик ташкилоти таъсис этган тижорат тузилмаларидан тушган тушумларнинг камида 80 фоизидан фойдаланилиши керак.
Ҳомийлик дастурлари амалга оширилаётганда тушган маблағлардан шу дастурларда белгиланган муддатларда фойдаланилади.
12-модда. Ҳомийлик ташкилотини қайта ташкил этиш ва тугатиш
Ҳомийлик ташкилотини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ҳомийлик ташкилоти тугатилганда унинг кредиторлар талаблари қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулкидан ташкилот уставида назарда тутилган тартибда ёки, агар ҳомийлик ташкилотининг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби унинг уставида назарда тутилмаган бўлса ёхуд қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, тугатиш комиссиясининг қарорига биноан ҳомийлик мақсадларида фойдаланилади.
3-БОБ. ҲОМИЙЛИКНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИДА ДАВЛАТНИНГ ИШТИРОК ЭТИШИ. ХАЛҚАРО ҲОМИЙЛИК ФАОЛИЯТИ
13-модда. Ҳомийлик субъектларига давлат томонидан кафолатлар берилиши
Ҳомийлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан кафолатланади.
Ҳомийлик субъектининг ўз ҳомийлик мақсадларини ва амалга ошириш шаклларини танлаш эркинлигини чеклашга йўл қўйилмайди.
14-модда. Ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Давлат ҳомийликни қуйидаги шаклларда қўллаб-қувватлаши мумкин:
ҳомийлик ташкилотлари ишлаб чиқадиган ҳомийлик дастурларини танлов асосида давлат томонидан молиялаштириш;
давлат мол-мулкини ҳомийлик ташкилотларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бепул ёки имтиёзли асосда мулк қилиб бериш;
давлат мулки бўлган бинолар, жойлар ва бошқа мол-мулк ижараси ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш;
ҳомийлик ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
ҳомийлар, кўнгиллилар ҳамда ҳомийлик ташкилотларини рағбатлантириш.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳомийликни бошқа шаклларда ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
15-модда. Ҳомийлик субъектларига бериладиган имтиёзлар
Ҳомийлик субъектларига қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилади.
16-модда. Ҳомийлик ташкилоти фаолияти устидан назорат
Адлия органлари ҳомийлик ташкилотининг устави қоидаларига риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширади.
Ҳомийлик ташкилотининг молиялаштириш манбалари ва даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши устидан давлат солиқ хизмати органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат назоратини амалга оширади.
(16-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-197-сонлиҚонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 513-модда)
Ҳомийлик ташкилотининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда адлия ва давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилади.
Ҳомийлик ташкилотига мол-мулк, шу жумладан пул маблағлари берувчи ҳомийлар мазкур ташкилотдан шу мол-мулкдан мақсадли фойдаланилганлиги тўғрисида ҳисобот талаб қилишга ҳақли.
Ҳомийлик ташкилоти ўз йиллик ҳисоботларидан эркин фойдаланилишини таъминлайди.
Ҳомийлик ташкилоти даромадлари ва харажатларининг миқдорлари ҳамда тузилиши, мол-мулки, ходимларининг сони, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва кўнгиллиларни жалб этиш тўғрисидаги маълумотлар тижорат сири бўлмайди.
Адлия органлари ҳомийлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш учун ўз вакилларини юборишга, мазкур ташкилот аъзоларидан ва бошқа фуқаролардан ҳомийлик ташкилотининг уставига риоя этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар олишга ҳақли.
17-модда. Халқаро ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш
Ҳомийлар, кўнгиллилар ҳамда ҳомийлик ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ҳамда халқаро шартномаларида белгиланган тартибда халқаро ҳомийлик фаолиятини амалга оширишга ҳақли.
Халқаро ҳомийлик фаолияти халқаро ҳомийлик лойиҳаларида, халқаро ҳомийлик ташкилотларининг ишида иштирок этиш, ҳомийлик фаолияти соҳасида хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш орқали, шунингдек халқаро амалиётда қабул қилинган ҳамда халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.
Ҳомийлик ташкилоти чет эл фуқароларидан, фуқаролиги бўлмаган шахслардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳомийлик хайриялари олиш ҳуқуқига эга.
18-модда. Чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, халқаро ва чет эл ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ҳомийлик фаолияти
Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, халқаро ва чет эл ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳомийлар ва кўнгиллилар сифатидаги фаолиятни ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширишлари мумкин.
Чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек халқаро ва чет эл ташкилотларининг ҳомийлик хайрияларидан мақсадли фойдаланилиши мониторингини олиб бориш ҳамда бундай хайриялардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
19-модда. Манфаатлар тўқнашуви
Ушбу Қонунда манфаатлар тўқнашуви деганда ҳомийлик ташкилоти ва манфаатдор шахслар (мазкур ташкилот бошқарув органларининг ходимлари, шу жумладан мансабдор шахслари, аъзолари, уларнинг яқин қариндошлари ёки кредиторлари, шунингдек ўзларининг ҳомийлик ташкилоти билан ўзаро муносабатлари оқибатида ташкилотнинг мол-мулкини тасарруф қилишга таъсир этиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаат кўриш мақсадида ташкилот билан шахсан ёки ўз вакиллари орқали ҳамкорлик қилувчи юридик ва жисмоний шахслар) ўртасида амалга ошириладиган, ҳомийлик ташкилотининг мол-мулкини тасарруф этишга дахлдор бўлган, ҳомийлик фаолиятининг манфаатлари ҳамда мақсадларига мос келмаган ёки мос келмаслиги мумкин бўлган битимлар ва (ёки) операциялар эътироф этилади.
Ҳомийлик ташкилотининг манфаатдор шахслар билан битимлар тузишига, шунингдек ҳомийлик ташкилоти томонидан манфаатдор шахслар фойдасига бошқа ҳаракатлар амалга оширилишига ҳомийлик ташкилотининг юқори бошқарув органи розилиги билан йўл қўйилади.
Манфаатлар тўқнашуви чоғида вужудга келадиган низолар ҳомийлик ташкилотининг юқори бошқарув органи томонидан, келишувга эришилмаган тақдирда эса суд томонидан ҳал қилинади.
20-модда. Низоларни ҳал этиш
Ҳомийликни амалга ошириш соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
21-модда. Ҳомийлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Ҳомийлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
22-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
23-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 2 май,
ЎРҚ-96-сон