«НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА» ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ ЎЗР 17.12.2008 Й. ЎРҚ-191-СОН
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари
тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Ушбу Қонуннинг айрим нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан
қўлланилишининг ўзига хос хусусиятлари
Ушбу Қонун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, нодавлат нотижорат ташкилотларига, шу жумладан касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, диний ташкилотлар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан, агар уларнинг ташкил этилишини ҳамда фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қўлланилади.
4-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш кафолатлари
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни қўллаб-қувватлаш шакллари ва шартларини белгилайди.
Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини молиявий ёки бошқа жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари мумкин.
2-БОБ. НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ
АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ
5-модда. Фаолият эркинлиги кафолатлари
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, қонунларда назарда тутилганидан бошқа ҳолларда уларга ҳисобот бермайди ҳамда уларнинг назорати остида бўлмайди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
6-модда. Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди.
Ахборотдан фойдаланиш тегишли материалларни эълон қилиш йўли билан ҳамда уставда белгиланган фаолиятни амалга ошириш мақсадида зарур ахборотни олиш учун давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқининг нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўёбга чиқарилиши орқали таъминланади.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг сўровига иложи борича қисқа муддатда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, сўров олинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жавоб қайтарилиши керак.
Агар орган ёки мансабдор шахс сўралаётган ахборотга эга бўлмаса, ўзига мурожаат этган нодавлат нотижорат ташкилотига сўров олинган санадан эътиборан етти кундан кечиктирмай бу ҳақда маълум қилиши, шунингдек имкониятга қараб, унга бундай ахборотга эга бўлган органнинг ёки мансабдор шахснинг номини маълум қилиши шарт.
Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари нодавлат нотижорат ташкилотларига, бу ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қонун ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ҳамда бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши шарт.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот бепул берилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
7-модда. Мулк ҳуқуқи кафолатлари
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мулки дахлсиз ва қонун билан муҳофаза қилинади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
3-БОБ. НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА
ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
8-модда. Ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш
Нодавлат нотижорат ташкилоти, ўзининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Агар нодавлат нотижорат ташкилотининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Агар бундай маълумотлар ташкилотдан юборилган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак.
Ўзининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган нодавлат нотижорат ташкилоти бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.
9-модда. Интеллектуал фаолият натижаларини ҳимоя қилиш
Нодавлат нотижорат ташкилотининг интеллектуал фаолиятнинг объектив ифода этилган натижаларига ва унинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга бўлган мутлақ ҳуқуқи қонун билан муҳофаза этилади ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинади.
10-модда. Давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилиш
Нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.
Давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида нодавлат нотижорат ташкилотига етказилган зарарнинг ўрни суднинг қарори асосида қопланиши керак.
4-БОБ. НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ
ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ
11-модда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.
Давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини бошқа жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
Мамлакатда демократик ўзгаришларни янада ривожлантиришга ва бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, шунингдек Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилади. (ЎзР 17.12.2008 й. ЎРҚ-191-сон Қонуни тахриридаги қисм)
12-модда. Давлат субсидияси
Давлат субсидияси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган ва махсус лойиҳалар билан боғлиқ бўлмаган молиявий ёки бошқа моддий кўмакдир.
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат субсидияларини ажратиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан белгиланади. (ЎзР 17.12.2008 й. ЎРҚ-191-сон Қонуни тахриридаги қисм)
13-модда. Давлат гранти
Давлат гранти нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бериладиган пул маблағлари ва моддий ресурслардир.
Нодавлат нотижорат ташкилотдарига давлат грантларини ажратиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан белгиланади. (ЎзР 17.12.2008 й. ЎРҚ-191-сон Қонуни тахриридаги қисм)
14-модда. Давлат ижтимоий буюртмаси
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмаси ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида шартнома тузиш орқали ишларни бажариш ёки тадбирлар ўтказишга қаратилган давлат топшириғидан иборатдир.
Нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан белгиланади. (ЎзР 17.12.2008 й. ЎРҚ-191-сон Қонуни тахриридаги қисм)
5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
15-модда. Низоларни ҳал этиш
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
16-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
17-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
18-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти И. Каримов