ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

буйруғи

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 22-сон, 297-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 4 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2679]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан буюраман:

  1. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
  3. Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси (Х. Мелиев) ҳамда Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (Ж. Ачилов) мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
  4. Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси (Х. Мелиев) тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида бир ойлик муддатда Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тушунтириш бўйича семинар ўтказсин.
  5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир М. ИКРАМОВ

Тошкент ш.,

2015 йил 4 июнь,

177-мҳ-сон

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 4 июндаги 177-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ-2085-сон «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотлари (бундан буён матнда ННТ деб юритилади), шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари), шунингдек халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари, диний ташкилотлар томонидан тадбирлар ўтказилишини, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан босма, аудиовизуал ҳамда бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишини адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида бевосита ННТ томонидан ташкиллаштирилган, ўз уставида (низомида) белгиланган мақсадларга эришиш учун конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни тўплаш тадбир деб эътироф этилади.
  2. Мазкур Низом диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ибодат, диний расм-русмлар ва маросим тарзидаги тадбирларга нисбатан татбиқ этилмайди.
  3. Қуйидаги тадбирларни адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди:

ННТнинг уставига (низомига) мувофиқ унинг раҳбар органлари йиғилишлари, башарти уларда учинчи шахсларнинг (Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари) иштирок этиши назарда тутилмаганда;

ННТнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурлари ва миллий режаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида ўтказилиши назарда тутилган тадбирлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирлари;

ННТнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ўтказиладиган оммавий тадбирлари (ваколатли орган томонидан берилган рухсатнома нусхаси тақдим этилади);

бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда ННТ вакилининг иштирок этиши.

Келишиш талаб этилмайдиган тадбирлар ҳақида адлия органига тадбир ўтказилишидан камида беш кун олдин ёзма равишда хабар берилади.

  1. Қуйидагилар:

халқаро, республика, вилоятлараро ННТ, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхона ва филиаллари томонидан ўтказиладиган тадбирлар — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан;

вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудларида фаолият олиб борадиган ННТ томонидан ўтказиладиган тадбирлар — ННТ рўйхатдан ўтган ҳудудий адлия органлари билан келишилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилиши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилади.

2-боб. Келишиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

  1. ННТ ўз ихтиёрига кўра ҳар бир алоҳида тадбирни ёки тадбирлар режасини (рўйхатини) келишиш учун адлия органига мурожаат қилади.

Тадбирлар режаси (рўйхати) йиллик, чораклик ёки ойлик бўлиши мумкин.

  1. Тадбир ёки тадбирлар режасини (рўйхатини) келишиш учун ННТ тадбир ўтказилиши мўлжалланган санадан камида йигирма кун олдин, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига, шу жумладан ННТга ташрифини ташкил этишда эса ташрифдан камида бир ой олдин тегишли адлия органига ёзма равишда мурожаат этиши лозим.
  2. Тадбир ёки тадбирлар режасини (рўйхатини) келишиш ҳақидаги мурожаатда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши ёки унга илова қилиниши зарур:

тадбирнинг номи, мазмуни (кун тартиби), мақсади ва шакли;

тадбирда иштирок этиши режалаштирилган шахслар ҳақида маълумот;

тадбир ўтказиладиган жой ва аниқ сана, шу жумладан тадбирнинг бошланиш ва тамом бўлиш вақти;

тадбирни молиялаштириш манбалари;

тарқатма, босма, аудиовизуал ва бошқа материалларнинг (мавжуд бўлса) нусхалари (намуналари);

мурожаат қилинган сана, ваколатли шахснинг имзоси.

  1. Тадбирларнинг йиллик, чораклик ёки ойлик режасини (рўйхатини) тақдим этиш муддати унда назарда тутилган биринчи тадбир ўтказиладиган санага қараб аниқланади. Бунда тадбирлар режасида (рўйхатида) назарда тутилган ҳар бир алоҳида тадбир бўйича мазкур Низомнинг 8-банди учинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар тегишли тадбир ўтказилишидан камида йигирма кун олдин тақдим этилади.
  2. Тадбирда хорижий давлат фуқароси (фуқаролари) иштирок этиши режалаштирилаётган бўлса, мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда хорижий давлат фуқаросининг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси ҳамда иш жойи кўрсатилган маълумотнома, паспортининг нусхаси ҳамда унинг келиб-кетиш дастури тақдим этилиши керак.
  3. Халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланаётганда уларнинг лойиҳалари, ўтказиладиган тадбирда фойдаланиш ёки тарқатиш учун хорижий давлатда тайёрланган босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келиш режалаштирилганда уларнинг нусхалари (намуналари) тадбир ўтказилишидан камида бир ой олдин адлия органига келишиш учун тақдим этилиши лозим.
  4. Босма, аудиовизуал ва бошқа материалларни келишиш учун тақдим этилган ёзма мурожаатда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

тайёрланаётган босма, аудиовизуал ва бошқа материалларнинг лойиҳалари;

хорижий давлатда тайёрланган босма, аудиовизуал ва бошқа материалларнинг нусхалари (намуналари);

материалларнинг номи, мазмуни, мақсади;

материалларни тайёрлаган шахслар ҳақида маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси, иш жойи кўрсатилган ҳолда);

материалларнинг қаерда, қачон, кимларга тарқатилиши;

материалларни молиялаштириш манбалари;

мурожаат қилинган сана, ваколатли шахснинг имзоси.

3-боб. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш

  1. Тадбир ёки тадбирлар режасини (рўйхатини), босма, аудиовизуал ва бошқа материалларни келишиш учун тақдим этилган ҳужжатлар адлия органи томонидан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
  2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ўзгаришлар бўлган тақдирда, ННТ бу ҳақда адлия органига бир иш куни ичида ўзгаришлар билан боғлиқ маълумотларни илова қилган ҳолда ёзма равишда хабар беради.
  3. Тадбир ёки тадбирлар режаси (рўйхати) ҳамда босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилиши юзасидан қўшимча саволлар вужудга келганда адлия органи томонидан ННТдан асослантирилган тарзда қўшимча ҳужжатлар сўралиши мумкин.
  4. Адлия органи тадбир ўтказиш, босма, аудиовизуал ва бошқа материалларни тайёрлаш ва тарқатишни келишиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини, уларнинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлигини ўрганади.

Зарур ҳолларда, адлия органи ННТ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборишга ҳақли.

Ҳужжатларни олган ташкилот ўн кун ичида ўз хулосасини тақдим этиши шарт.

Агар хулосада тадбир ўтказилишига, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида фикр мавжуд бўлса, у ҳолда ташкилот ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолатлар доирасида ўз хулосасини асослаши керак.

  1. Адлия органи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тадбирни ўтказишга, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда розилик беришни рад этиш тўғрисида ННТни ёзма равишда хабардор қилади.
  2. Қуйидаги ҳолларда тадбирни ўтказишга, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш рад этилади:

тадбир, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишга қаратилган бўлса;

мазкур Низомда назарда тутилган ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

ҳужжатлар (маълумотлар) ушбу Низомнинг 7 ва 9-бандларида белгиланган муддатларда тақдим қилинмаган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда (маълумотларда) нотўғри ахборот келтирилганлиги аниқланса.

  1. Тадбир ўтказилишига, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш рад этилганда, ННТ рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиш ва адлия органига такроран мурожаат қилишга ҳақли.

4-боб. Якуний қоидалар

  1. Тадбир ННТ томонидан адлия органига тақдим этилган ҳужжатларга (маълумотларга) мувофиқ ўтказилиши шарт.
  2. Тадбирнинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилиши учун ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс жавобгардир.
  3. ННТ адлия органи вакилига мониторинг қилиш учун ўзи ўтказаётган тадбирга эркин кириш имконини бериши шарт.
  4. ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс тадбирни мониторинг қилиш учун ташриф буюрган адлия органи вакилига тадбирни кузатиш, унинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилишини баҳолаш учун барча материаллар ва маълумотлар билан танишиш имкониятини яратиши ҳамда бошқа зарур шарт-шароитларни таъминлаб бериши лозим.
  5. Қонун ҳужжатлари ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилаётган тадбирга адлия органи вакили томонидан аралашишга йўл қўйилмайди.
  6. ННТ адлия органи вакилининг тадбир давомида қилган ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
  7. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди