Ҳуқуқий маданият деганимизда - умуминсоний маданиятнинг таркибий қисми тушунилади ва унда жамият аъзолари бўлган инсонлар ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахслар ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий тафаккур асосида ҳуқуқий борлиқни англаши, ҳуқуққа итоат этиш лозимлигини тушуниши, талаб даражасида қонунчилик талабларини билиши, амалдаги қонунчиликни ҳурмат қилиши ва уларга риоя этилишига онгли ҳаракат қилишини тушунамиз.
“Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифа-ларнинг умумий тусда белгиланганлиги ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ таъсирчан механизми мавжуд эмаслиги жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларнинг самарасиз олиб борилаётганлигини кўрсатади.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, шунингдек, давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари устидан судга шикоят қилиш имкониятидан деярли фойдаланмаслиги мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши ҳолатларининг вужудга келишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти”[1].
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармонининг биринчи иловаси билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” Концепциясиясини қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга қаратилган мақсадларга эришишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида жамият тараққиётига хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат жамиятда ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилашга қаратилган ишларни самарали бўлишига олиб келади.
Бизга маълумки, ҳуқуқий маданият ҳуқуқий онг билан узвий боғлиқ ҳолда шаклланади ва ривожланади. Зеро ҳуқуқий маданият нафақат жамиятда юз бераётган янгиланишлар балки жамият аъзоларининг хулқ атвори, қонун ижодкорлиги, давлат ва ҳуқуқ фаолиятини натижаларида намоён бўлади.
Ўзбекистонда кейинги икки йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп ишлар қилинди. Инсон ҳуқуқлари инсонга тегишли деб эътироф этилди ҳамда бу қоида ва принциплар Асосий Қонунимиз ва жорий қонунларда демократик тамойиллар асосида белгиланди. Айни шу сабабли ҳам давлат инсон ҳуқуқларига доир халқаро ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ, уларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини олди. Инсоннинг жамият аъзоси сифатида ҳуқуқлари ва эркинликлари Конституция нормаларида мустаҳкамланди, янги қонунлар ислоҳотлар талаблари асосида такомиллаштирилган ҳолда қабул қилинмоқда.
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг ҳуқуқий роли ва мақоми жамиятда оширилди. Жамоатчилик фикри институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ташкил этилди ва улар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёнларида инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларни ижросини таъминлаш ва бу борада мансабдор шахсларни жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича қилинган таклифлари Олий мажлис томонидан инобатга олинмоқда.
Мамлакатда ҳуқуқий маданиятнинг ривожланиш даражаси - ҳуқуқий давлатчиликни шаклланиши кўрсатгичи сифатида кучли фуқаролик жамиятини вужудга келтиришда фуқароларнинг онгли равишда ҳуқуқ ва бурчларини англаган ҳолда жамият ҳаётида иштирок этиши ҳамда ҳуқуқий тартиботни ўрнатувчи ҳуқуқий тизимни етуклик даражаси билан белгиланади.
Мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий ва маънавий билимларини изчил шакллантириш асосида эркин фикрлаш ва мустақил иш юритишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар фаолиятини ҳар томонлама ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масалаларига давлат алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистонда кейинги икки йилда шиддат билан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган ижобий ютуқларга эришилганлиги - кўп жиҳатдан Презизентимиз Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида қонун чиқарувчи ҳокимият томонидан жамиятни тараққий эттиришга қаратилган қонунчилик негизи ислоҳотлар талабларига мувофиқ қонун ижодкорлиги асосида такомиллаштирилган ҳолда демократик ўзгаришларни ҳуқуқи негизи пухта ишлаб чиқилганлиги ва ҳаётга ҳуқуқ таъсирида қонун устуворлиги асосида тадбиқ этилаётганлигида намоён бўлмоқда.
Албатта, давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида аҳолининг айниқса келажагимиз бўлган ёшларнинг иштирокини таъминлашда уларнинг ҳуқуқий маданият даражасини юксалтириш масаласи жамият тараққиётида ғоят муҳим масала ҳисобланади.
Фуқароларнинг шу жумладан ёшларни ҳуқуқий маданиятини оширишни объектив зарурияти шундан иборатки, фуқаролар шу жумладан ёшларни бевосита жамият ҳаётида иштирок этиши, айниқса, ёшларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаётда ўз ўрнини топиши ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш асосида турли хил ҳуқуқбузарликларни олди олинади.
Бизга маълумки, тараққиётнинг ҳозирги босқичида ёшларни, жумладан вояга етмаганларни ҳуқуқий онги ва билимларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш давлат ва жамият олдида турган долзарб масала ҳисобланади. Ёшларни ҳуқуқий салоҳиятини ошириш асосида фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократлаштириш, мамлакатимизни жаҳон жамиятига интеграциялашуви ҳамда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишида муҳим сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий омил ҳисобланади.
Ўзбекистонда давлат бош ислоҳотчилигида бир ижтимоий тузумдан иккинчи ижтимоий тузумга муваффақиятли ўтиши таъминланганлиги, янги бозор муносабатларига асосланган замонавий талаблар асосида тараққий этадиган ҳамда миллий иқтисодиётни модернизация қилиш асосида мамлакатда ҳуқуқий-демократик давлатни ҳамда кучли фуқаролик жамиятини вужудга келтиришга қаратилган кўп қиррали ислоҳотларни самарали якунланишида жамият аъзоларини, шу жумладан халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш зарурияти суверен республикамизнинг ўзига хос демократик ривожланиш йўлининг объектив талаби эканлиги қайд этиш жоиз.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тадбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурига асосан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ҳаётига ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларини жорий қилишда инсон манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўйиш ва унинг меҳнатини қадрлашга қаратилган давлат сиёсати юритилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган бугунги кунда дунё тан Ҳаракатлар стратегияси асосида қонунчиликни такомиллаштириш Асосий Қонунимизга тегишли ўзгартиришларни киритилиши ҳамда республикамизда амалга оширилган ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий ва маърифий ислоҳотларни самарали бўлишида Ҳарактлар стратегияси ғоят, ноёб ҳуқуқий ҳужжат сифатида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалишига хизмат қилганлигини эътироф этиш лозим.
Шу сабабли ҳам кейинги икки йилда қабул қилинган қонунлар халқимизнинг бебаҳо маънавий ва маърифий мулки ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ҳуқуқий асоси ва муҳим омили ҳисобланади.
Ривожланган давлатларни тарақиёт йўлига назар солинганда ҳуқуқий давлат ҳокимиятининг самарадорлиги – бевосита фуқаролик жамиятида қонун устуворлигини етук ҳаракатда бўлишини таъминлаган ҳуқуқий тизим фаолиятида ҳуқуқий маданиятни ривожланганлигини кўрамиз.
Тараққиётнинг ҳозирги босқичида мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар миллий иқтисодиётни модернизациялаш асосида жамиятни янгиланиш жараёнларига асос солди.
Мамлакатимизда жамият - шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳуқуқий муносабат сифатида тартибга солинишида бевосита ҳуқуқий маданият тинчлик ва осайишталикни, миллий бағрикенгликни, миллатлараро тотувликни ҳамда ҳуқуқий давлатчилик муносабатларини ривожлантириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилганлигини қайд этиш лозим.
Бизга маълумки, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини бешта устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилганлиги ҳам жамиятда ҳуқуқий онгни ва маданиятни юксалтириш масаласи долзарблигини билдиради.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда Юртбошимизнинг юқорида қайд этган юксак илмий ва амалий қарашларидан ҳам кўриниб турибдики, жамиятда ҳуқуқий маданиятни том маънода давлат даражасида юксалтириш мамлакатимизнинг буюк келажагини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотларни самарали якунлаш ҳамда маданий тараққиётга эришиш ва халқимизнинг фалсафий, маънавий, маърифий салоҳиятини янада юксалтириш, баркомол ёш авлодни тарбиялашда ҳуқуқий маданият муҳим омил эканлигини қайд этиш жоиз.
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг субъекти сифатида давлат ва инсон жамият ва шахс ўртасидаги муносабатларни шакллантиришда инсон ҳуқуқларини ҳар жиҳатдан кафолатлаш, жумладан демократия ва ижтимоий адолатга содиқлик, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро тотувликни таъминлаш масалалари бевосита амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни бош мақсади сифатида қонунчиликда мустаҳкамланганлиги ва ислоҳотлар ҳаётга босқичма-босқич изчил тадбиқ этилганлиги натижасида бугунги кунда жамиятимиз барқарор ривожланишга эришди, иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали давлат ва жамият равнақи таъминланди.
Кейинги икки йилда Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлига назар солар эканмиз, демократик ислоҳотлар боис, қўлга киритаётган ютуқларимиз ва иқтисодий жиҳатдан белгиланган талабларга эришганимиз Ўзбекистоннинг танлаган янги тараққиёт йўли давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳамда илмий ва амалий жиҳатдан асослантирилган ҳолда ишлаб чиқилганлиги реал тарихий шароитда мамлакатни ривожланишига ҳамда халқимиз ҳаётини фарвонлашишига асос солётганлиги ва жамият қонунчилик асосида ривожланаётганлиги айниқса кейинги икки йилда жамиятда мунтазам равишда аҳоли ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти йилдан – йилга юксатириш бориш давлат аҳамиятига молик масала сифатида кун тартибига қўйилганлиги ҳам ушбу масаланинг муҳимлигини билдиради.
Мамлакатимиз парламенти томонидан Конституциямизнинг асосий принциплари ва конституцион нормалар негизида қабул қилинган қонунлар ҳамда Президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг раҳномалигида ишлаб чиқилган концепция ва дастурларга асосан бевосита амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ижроси қонунлар таъсирида таъминланганлиги мамлакатимиз бугунги кунда кўпчилик давлатлар ҳавас қиладиган даражада ижобий ютуқларга эришиш имкониятини яратди.
Жамиятни модернизация қилиш ва янгиланиш жараёнлари том маънода инсон манфаатлари асосида амалга оширилаётганлиги, инсон ҳаёти, фикри, хоҳиш иродаси ва меҳнати, мулки давлат томонидан ҳимоя қилиниши қонунларда аниқ ифода этилиб кафолатланганлиги мамлакатда ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий жавобгарлик ва ҳуқуқий бурч давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этётганлигини билдиради.
Айни пайтда, ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакат-ларда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг асоратлари ва оқибатлари ҳал этилмаётган бир пайтда республикамиз миллий иқтисодиётида кейинги икки йилда кўплаб инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши натижасида иқтисодий ўсишга эришилганлиги ҳамда мамлакатимизда тинчлик, тотувлик, осайишталик ҳамда диний ва инсоний бағрикенглик таъминланганлигини бугунги таҳликали дунё тан олиб, Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида белгилаб олган мустақил тараққиёт йўли нақадар тўғри эканлигини нафақат халқимиз, балки, хориж давлатлари раҳбарлари ҳамда чет эллик экспертлар томонидан тараққиётга эришишнинг илмий ва амалий жиҳатларини ҳавас билан ўрганаётганлигини катта ғурур билан қайд этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомил-лаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январь, ПФ-5618-сон Фармони-нинг биринчи иловаси билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” Концепцияси тасдиқланиши мамлакатимиз мамлакат Конституциясида белгиланган инсонпарварлик ғояларига ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эътироф этилган нормаларга ҳамда жаҳонда эътироф этилган халқаро ҳуқуқий маданиятга содиқлигини намоён этади.
Бундан ташқари, мазкур концепция Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурига мувофиқ демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришни мантиқий давом эттириш ва пухта ҳисоб-китобларга асосланган фуқаролик жамиятни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ижросини таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу Концепциянинг биринчи боби, “Шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш” деб номланиб, унда оилада ҳуқуқий тарбияни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давлат даражасидаги масала сифатида белгиланганлиги жамият аъзоларининг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади.
Мазкур Концепциянинг иккинчи боби, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш” деб номланган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш: қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси; барча миллий ҳуқуқий сайтлар; юридик луғат ва ҳуқуқий электрон кутубхона; мақсадли аудиторлар (давлат хизматчилари, педогоглар ва бошқалар) учун мажбурий курслар (mandatory courses)ни белгиланиши аҳолининг жумладан илмий педогог ходимлар, юристлар, адвокатлар суд-ҳуқуқ тизимида фаолият юритаётган барча ходимларни билимларини мунтазам равишда ошириш ҳамда мамлакатимиз аҳолиси кўп фойдаланадиган ижтимоий тармоқларда сўровлар ўтказиш орқали ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онг даражасини таҳлил қилиш ва унинг натижасида ҳуқуқий ахборотни манзилли етказиш ишларини ташкил этиш ишларини самарали бўлишига хизмат қилишини қайд этиш жоиз.
Мазкур Концепциянинг учинчи боби “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш” деб номланиб, унда: ҳуқуқий мавзуларни тизимли ва таҳлилий ёритиб бориш ҳамда аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга доир телекўрсатувлар кўламини кенгайтириш, оммавий ахборот воситаларининг (матбуот, телевидение, радио) ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолиятини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаб бериш бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳуқуқий даврий нашрларни интернет тармоғига интеграция қилиш ва уларнинг электрон нусхалари жойлаб борилишини таъминлашни йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида «Ҳуқуқий ахборот» радио лойиҳасини ташкил этиш ва амалга ошириш, ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини доимий ошириб бориш тизимини яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, аҳоли ўртасидаги долзарб ижтимоий-ҳуқуқий муаммолардан келиб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқий маърифатини оширишга хизмат қиладиган, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ҳамда ҳуқуқий мавзудаги лойиҳаларни тайёрлаш ва тарқатиш каби масалаларни ҳал этилиши жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни изчил ривожлантиришга шарт-шароитлар яратади.
Концепциянинг тўртинчи боби, “Юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш” деб номланиб, унда, ўқув жараёнини назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини таъминлаш, талабаларда таҳлилий фикрлашни, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш маҳоратини шакллантиришга қаратилган ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари ҳамда технологиялари асосида ташкил этиш, юридик олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот институтлари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан алоқаларини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, замонавий хорижий тажриба асосида юридик соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг янги инновацион шакл ва институтларини жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илғор хорижий тажриба асосида миллий юридик таълим ва юридик фан соҳасини ривожлантириш ишига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фахрий доктор даражасини бериш тартибини жорий этиш, ўқув жараёнига клиник юридик таълимни татбиқ этиш юзасидан етакчи хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибасидан кенг ва унумли фойдаланиш, тармоқлараро таълимни кучайтириш ва бу борада Тошкент давлат юридик университети магистратура босқичида «Ҳуқуқ ва Тиббиёт», «Ҳуқуқ ва Қурилиш» каби мутахассисликлар очилишини таъминлаш, ҳуқуқий мавзулар бўйича таълим берувчи педагог-ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари ҳал этилиши жамиятда юридик таълимни ислоҳотлар талабларига мувофиқ ривожланишига олиб келади.
Концепциянинг бешинчи боби, “ Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш” деб номланиб унда, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолашнинг кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боришни аниқ кўрсаткичлар асосида ўрганиб бориш ва баҳолаш, ҳуқуқий фанларни ривожлантиришнинг илмий асосланган режаларини ишлаб чиқиш ва унинг устувор йўналишларини аниқлаш, ҳуқуқий тарбиянинг илмий асосланган услубиётини ишлаб чиқиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича магистрлик ва докторлик диссертациялари тайёрлаш кўламини кенгайтириш, бунда оиладаги можаро ва зўравонликлар ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий оқибатларини комплекс тадқиқ қилишга алоҳида эътибор қаратиш, давлат илмий-техник дастурлари доирасида илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар танловида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий, педагогик-психологик жиҳатларини тадқиқ этишга оид мавзуларни мунтазам эълон қилиб бориш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳолати ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини ўрганиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролар билан ҳамкорликда социологик, махсус, илмий тадқиқотлар ҳамда бошқа турдаги тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиш масалаларини ҳал этилиши бўйича илмий тадқиқот ишларининг натижаларини ҳаётга тадбиқ қилиш орқали жамият аъзоларининг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш ишларини самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур Концепцияни амалга ошириш натижасида қуйидагиларни таъминлаш кўзда тутилмоқда:
- фуқаро, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш, шахсий эҳтиёжлар ҳамда жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлаш;
- бола ва ёшлар онгига илк ҳуқуқий тушунчаларни ва одоб-ахлоқ қоидаларини тизимли сингдириб бориш, ҳуқуқий таълим-тарбияни узвий ва тизимли олиб боришга эришиш;
- ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини яратиш ва жорий этиш, ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш;
- мансабдор шахслар ва фуқароларда қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини таъминлаш.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги осуда ва тинч ҳаётимизнинг ишончли кафолати сифатида ёшларга Конституциямизнинг ҳамда Президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январь, ПФ-5618-сонли Фармони ва ушбу Фармон билан тасдиқланган Концепция ва “Йўл харитаси” жамиятда ижросини таъминланиши орқали миллий иқтисодиётимизнинг таянчи бўлган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кўмак бериш ва уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ҳар бир мансабдор шахснинг бурчи ва ҳуқуқий маданият даражаси сифатида баҳоланиши лозимлигини қайд этамиз.
Бундан ташқари,Президентимиз раҳномалигида кейинги икки йилда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан босқичма-босқич инсонпарварлик - ҳуқуқпарварлик фалсафасига асосланган ислоҳотлар ҳар бир шахснинг Асосий қонунимизда белгиланган ҳуқуқ ва бурчларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга асосланган давлат сиёсатини юритилиши натижасида жамиятда адолат тамойилларига асосланган моддий ва процессуал нормаларни янада такомиллаштириш воситасида қонун устуворлигини таъминланиши орқали республикамиз тараққиёт ва фарвонлик сари дадил қадамлар билан буюк келажак сари бораётганлигини нафақат фуқароларимиз, балки чет давлат жамоат арбоблари, олимлари томонидан эътироф этилаётганлиги ҳар бир фуқаромиз қалбида мустақилликдан фахрланиш, озод ва обод Ватанни янада обод ҳамда фарвон қилиш мақсадида яшаш туйғуси тобора ошиб бораётганлигида кузатиш мумкин.
ЎзННТМА Бош юристконсультанти, юридик фанлари номзоди У.А.Умаров
[1] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январь, ПФ-5618-сон Фармони.