Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бу жараёнда ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари борган сари долзарб аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг тамойиллари, хусусиятлари ва истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда адолатли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат шакллантиришни мақсад қилиб, юртимизда демократик давлатларга хос бўлган ва миллий қадриятларимизни ўзида ифодалайдиган ижтимоий шериклик тамойилларининг жамият ҳаётига татбиқ этилиши тобора муҳим аҳамиятга эга бўлиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди.
Мазкур конференциянинг мақсади Ўзбекистонда бугунги кун талабларига жавоб берадиган ижтимоий шериклик моделларини яратишнинг хусусиятлари, тамойиллари ва истиқболларини илмий таҳлил қилган ҳолда таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, соҳа мутахассислари-амалиётчилар ҳамда тадқиқотчилар ҳозирги даврда фуқаролик жамияти институтлари кўплаб ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни ҳал қилишни ўз зиммасига олиши табиий зарурат бўлиб, мамлакатимизда уларнинг эркин фаолият юритишлари учун мустаҳкам кафолатлар яратилаётганини, бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтлари ривожланишига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидладилар.
Ушбу тарихий ҳужжатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишда жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, давлат ҳамда кенг аҳоли эҳтиёжларини ифодалайдиган, турли жамоат ташкилотлари манфаатларига жавоб берадиган механизмларни яратиш кўзда тутилган.
Бу борада асосий механизм сифатида олим ва экспертларнинг фикрига кўра, ижтимоий шериклик эътироф этилади. Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий шериклик турли шаклларининг ривожланиши, давлат ҳокимияти органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш механизмининг такомиллашуви учун тегишли ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Шу боис, такомиллашиб ва мустаҳкамланиб бораётган “ижтимоий шериклик” фуқаролик жамиятини ривожлантирувчи муҳим тизим сифатида намоён бўлмаётганлиги қайд этилди.
Республикамизда ва хорижда фаолият кўрсатаётган профессор ўқитувчилар, илмий ходимлар, тадқиқотчилар ва талабаларга ўз фикрларини баён қилишларига имконият берилди.
Бугунги кунда жамиятни демократлаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу ислоҳотлар замирида давлат ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида конструктив мулоқотни шаклланиши ва ривожланиши ҳисобланади.
Ўз навбатида Ўзбекистон шароитига мос кела оладиган ижтимоий шериклик механизмларини шакллантириш ва ривожлантиришда бу борадаги олиб бориладиган илмий тадқиқотларни ўрни беқиёсдир.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкор сифатида иштирок этиб, ўзига аъзо бўлган фаол ННТларни илмий-амалий конференцияга жалб қилишда кўмаклашди. ЎзННТМА бош юристконсультанти У.Умаров ўзининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш – жамият тараққиётини таъминлашга хизмат қилади” номли марузаси билан иштирок этди, ҳамда ЎзМУ ректори томонидан “фаҳрий ёрлиқ” билан тақдирланди.
Манба: УзА
ЎзННТМА Матбуот хизмати