Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган “Болалар қўшиқлари Республика фестивали-танлови” ғолибларини тантанали тақдирлаш ва гала-концерти бўлиб ўтди.
Танлов ғолиблари “Илҳом” жамоат фонди томонидан ажратилган пул мукофотлари ва совғалар билан тақдирландилар. Концертда “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли, “Томоша” болалар театр студияси, “Асалой” ўзбек халқ чолғулари ансамбли, “Томчи” ансамбли, “Бойчечак” болалар ансамбли ва “Келажак авлод” Ангрен болалар гуруҳлари иштирок этди. Фестиваль иштирокчиларига Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, “Ижод” фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ҳамда Республика Касаба уюшмалари Федерациясининг эсдалик совғалари топширилди.
ЎзННТМА томонидан ажратилган совғалар "Болалар қўшиқлари Республика фестивали" Гран-при соҳиби "Томоша" болалар театр студияси ижрочиларига ЎзННТМА ходимлари томонидан тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси Раиси Р.Абдуллаев томонидан "Болалар қўшиқлари Республика фестивали-танлови"ни юқори даражада ўтказилишида амалий ёрдам берганлиги учун ЎзННТМА раҳбариятига миннатдорчилик билдирилди ва келажакда ҳамкорликни янада кучайтириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
ЎзННТМА матбуот хизмати