2019 йил 7 февраль, Тошкент ш. –Вазирлик ва идоралар, юртимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида “Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этишнинг миллий устувор вазифалари ва истиқболлари” мавзуида фуқаролик форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари расмий тақдимоти ўтказилди. Тадбир Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фуқаролик форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг таъсис этиш ва унга белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ҳамда Ҳаракатлар стратегиясиижроси доирасида ўтказилди.
Тадбир фуқаролик жамияти ривожига тўсиқ бўлаётган энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш юзасидан ўзаро ҳамкорликда таклифлар тайёрлаш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган янги ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Фуқаролик форуми икки сессиядан иборат бўлиб, биринчи қисмда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари расмий тақдимоти ўтказилди. Ташкилот вакиллари томонидан ҳаракатнинг ўз олдига қўйган режалари, лойиҳалари, фуқаролар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш тартиби, аъзолик каби кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб берилди.
Иккинчи қисм “Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этишнинг миллий устувор вазифалари ва истиқболлари” мавзусига бағишланиб, унда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни ҳаётга тадбиқ этишда ННТлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллари иштирокини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, ННТлар ва давлат бошқаруви органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш борасидаги халқаро тажрибалармуҳокама қилинди.
Тадбир якунларига кўра, иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар ҳамда халқаро ташкилот вакиллари томонидан ўтказилган тақдимотлар умумлаштирилиб, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларининг тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш бўйича ишлаб чиқиладиган таклиф ва ҳисоботлар учун асос бўлиб хизмат қилади.