Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда 9 200 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлса, улардан 500га яқини Тошкент шаҳрида фаолият олиб боради. Ўз фаолияти давомида ННТлар жамият ва давлат хаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда ҳамда фуқаролик жамиятини шаклланишида хиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Шу ўринда, айтиб ўтиш жоиз, мамлакатимизда Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилган. Айнан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича вазифаларни амалга ошириш босқичма-босқич белгиланган.
Мазкур белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат грантлари эълон қилиб келинади.
Навбатдаги 2018 йилнинг давлат гранти 3- ва 4-танловларининг Тошкент шаҳридан ғолиб деб топилган Нодавлат нотижорат ташкилотларга сертификат топширилиши маросими Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари ўқув курслари Марказида ўтказилди.