Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, жамият ҳаётидаги туб бурилишлар палласида стратегик мақсадлар ва муайян ривожланиш босқичига хос бўлган устивор тамойилларни белгилаб олиш ҳар қандай миллат ва халқ учун ғоят муҳим ҳаётий эҳтиёжга айланади.

Зеро, ана шу эҳтиёжни зукколик билан англаган, воқеалар ривожини олдиндан кўриб, замон талабларига муносиб жавоб бера олган, энг асосийси эса келажак авлод манфаатлари йўлида собитқадам бўлган миллатларгина ўз мақсадларига эришганлар.

Айни пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар  барча соҳа ва тизимлар қатори учинчи сектор деб аталаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳам бутунлай қайта кўриб чиқишни тақозо этаётир.

 Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майда қабул қилинган «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эса ушбу ҳаёт ҳақиқати ва замон талабларини ўзида мужассам этган навбатдаги ҳужжат бўлди.

Шу маънода ислоҳотлар барқарорлигини амалда намоён этган ушбу тарихий Фармон ўз мазмун-моҳияти билан фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилот(ННТ)лар фаолиятида янги даврни ҳам бошлаб берди, дейиш мумкин.

Унда алоҳида таъкидланганидек, кейинги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳалари қатори фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳолининг турли қатламларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилот(ННТ)лари учун кенг имкониятлар яратилиб, ушбу масалага оид 200дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бугунга келиб юртимизда 9200дан зиёд ННТлар бўлиб, улар зиммасига жуда катта масъулият юклатилган. «Маҳалла» жамоат фонди, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, "Соғлом авлод учун", "Нуроний" жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, "Ижтимоий фикр" жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти сингари ННТлар шулар жумласидандир.

Аммо Фармоннинг мазмун-моҳиятидан англашиладки, бугунги туб ўзгаришлар, мамлакатни демократик янгилаш жараёнларининг асл моҳияти фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида тўла акс этмаяпти.

Президент Фармонида қайд этилганидек: «Ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва кимчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда».

Шу боис ҳам ҳужжатда давлат ва фуқаролик жамиятлари ўртасида самарали, конструктив мулоқот механизимлари йўлга қўйилмагани, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжлари тизимли таҳлил қилинмаётгани, ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун етарли имкониятлар яратилмаётганига эътибор қаратилди.

 Бинобарин, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамиятдаги ўрни ва ролини тубдан ошириш, ушбу йўналишдаги ишларни шиддаткор давр талаблари даражасида ташкил этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш орқалигина фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлар фаолиятини такомиллаштириш мумкин. Зеро, ҳаётимизни изчил демократлаштирмасдан, фуқароларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширмасдан туриб, юксак тараққиётга эришиб бўлмайди.

Белгиланган иқтисодий дастурларни изчиллик билан амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш, фуқаролик жамияти институтлари билан давлат тузилмалари ўртасида ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, ушбу соҳага оид қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш Фармонда кўзда тутилган энг устувор йўналишлардир. Шу ўринда ушбу Фармон асосида мамлакатимиз тарихида биринчи марта Президент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг тузилгани нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ижтимоий ташкилотлар мавқеини кескин оширишга хизмат қилажагини таъкидлаш жоиз.

 Хужжатда мавжуд фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассосацияси билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартиби ҳам белгилаб қўйилди. Бу нафақат ассоциация зиммасидаги масъулиятни оширади балки барча соҳа ва тизим раҳбарларининг ушбу соҳага бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартиришг олиб келади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ННТлар уйларини ташкил этиш, соҳа вакилларига қатор имтиёзлар берилиши қатъий белгилаб қўйилгани эса ҳозирданоқ чет эллик экспертлар эътиборини тортаяпти. Шунинг учун ҳам ассоциация фаолиятини танқидий таҳлил этиб, энг долзарб вазифаларни белгилаб олдик. Фурсатни бой бермаслик учун эса қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқаяпмиз.

Хусусан, грантлар ажратишда ҳам бир ёқлама қарашлардан воз кечилиб, оддий одамларга манфаат келтирадиган йўналишлар танланаяпти. Масалан, уюшмаган ёшлар ҳақида ёки эрта никоҳнинг олдини олиш ҳақида жуда кўп гапирилади. Жойларда айни шу мавзуга бағишланган ўнлаб семинар ва тренинглар ўтказилаяпти. Аммо афсуски натижа кутилганидек бўлмаяпти. Мавжуд ҳолатни инобатга олиб айнан ана шу масалаларда янгича ёндашувларни жорий эта оладиган, янгича фикрлайдиган ННТларга грантлар ажратиш кўзда тутилмоқда.

Ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, улар ўртасида маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш, мустақил фикрлашини шакллантиришга кўмаклашиш, жамиятнинг маънавий асосларини янада ривожлантиришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини оширишга кўмаклашиш, азалий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, жамиятда юксак маънавият ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш даражасини ошириш ҳамда ёшларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга оид грант танловлари шулар жумласидандир.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар энг аввало ёшларга, улар учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратишга қаратилмоқда. Ана шу талабни инобатга олиб, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, уюшмаган ва тарбияси нисбатан муаммоли бўлган фарзандларимизни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида «Мен Ватанимни севаман», «Жамиятда менинг ўрним бор» мавзусида туркум тадбирлар ўтказишга киришдик. Бунда маданият ва спорт муассасалари билан шерикликда жойларда миллий спорти ўйинларини оммалаштириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қишлоқ қизларини бадиий гимнастика ва спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Худудлар кесимиида олиб бориладиган ишларга эса бирламчи эътибор қаратилади.

Бу жараёнда эса Президентимиз Фармонини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унда илгари сурилган ғоя ва тушунчаларни барча юртдошларимизга етказиш олдимизда турган энг долзарб масала, деб ҳисоблайман. Зеро, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий тараққиёти ҳар биримизнинг шу юрт тараққиёти ва истиқболи учун жонини жабборга беришга тайёр бўлган юртдошларимизнинг интилишлари билан чамбарчас боғлиқдир. Барча соҳа ва тизимлардаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлай олсаккина юксак мақсадларимиз рўёбга чиқиб, ҳаётимиз тобора янги мазмун касб этаверади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, учинчи секторнинг кенг кўламли фаолияти учун муҳим дастурга айланган тарихий Фармон, энг аввало нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда унга аъзо бўлган барча ННТларга илгари кузатилмаган имкониятлар яратиб берди. Эндиги вазифа ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали халқимизга хизмат қилиш, унинг фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдир.

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди