«2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича Давлат дастури»га киритилган мақсад-вазифалар ижросини таъминлашга нодавлат нотижорат ташкилотларни кенг жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамкорлигида «Фуқаролик жамияти ташкилотларининнг салоҳиятини ошириш» лойиҳасини амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида юртимизнинг барча вилоятларида семинар-тренинглар ташкил этилди. Ана шундай тадбир яқинда пойтахтимизда ҳам бўлиб ўтди.
Унда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларига ОИВ инфекцияси профилактикаси усуллари юзасидан атрофлича маълумот берилди. Жумладан, ОИВ инфекцияси бўйича дунёдаги вазият, касалликнинг юқиш йўллари, унинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар хусусида сўз юритилди. Мазкур йўналишда Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш жараёнлари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Албатта, ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда юртимиз тиббий муассасаларида яратилаётган шароитлар, мунтазам ўтказилаётган профилактика тадбирлари ниҳоятда муҳим. Масалан, ҳар йили Ўзбекистон аҳолисининг салкам 11 фоизи, яъни 3,4 миллион киши ОИТС/ОИВ таҳлилидан ўтади. Натижалар шуни кўрсатадики, ушбу касалликка чалинганларнинг асосий қисмини меҳнат мигрантлари ташкил этади. Бундан ташқари, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, одам савдоси каби иллатлар ҳам хасталикка дучор бўлувчилар сонини орттирмоқда. Демак, бу борадаги ишлар самараси аввало, одамларнинг мазкур хасталикнинг келиб чиқиши ва ундан сақланиш борасидаги билим-кўникмасига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўз ўрнида жамиятнинг ОИВ инфекциясидан хабардорлигини оширишда «учинчи сектор» вакиллари катта имкониятга эга. Шу сабабли ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасида ННТнинг янада малакасини ошириш ва ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар жиҳатдан аҳамиятли. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Хотин қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, ЎЗННТМА қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, «Ишонч ва ҳаёт», «Интилиш», Саратонга қарши кураш жамиятининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг Ташкилотлараро эксперт кенгаши таркибига киритилгани ҳам бежиз эмас.
Семинар-тренинг давомида ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, хусусан, мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ходимлари орасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини ҳамкорликда олиб бориш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. ОИВ инфекцияси билан яшовчиларга бағрикенглик муносабатида бўлишга оид ахборот-маърифий тарқатма материаллар иштирокчиларга тақдим этилди.
Унутмаслик керакки, ёши, касби, миллати, ирқидан қатъий назар ҳеч ким ОИВ/ОИТС касаллигини юқтириб олмасликдан тўлиқ ҳимояланмаган. Шундай экан, унга қарши курашишга эътиборни кучайтириш, ҳушёрликни ошириш давлат, жамият ва ҳар бир инсон ҳаётида долзарблигича қолаверади.