Маълумки, сўнгги бир ярим йил давомида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлигини ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Ушбу соҳада олиб борилаётган ишларни янада янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 2018 йил 14 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3532-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, аҳолига янада кенг кўламли имкониятлар яратиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида 2018-2019 йилларда 2 мингта ижтимоий дорихоналар тармоғини яратиш режалаштирилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда 4 минг турдаги ўсимлик ўсаётган бўлса, уларнинг 500 таси доривор ҳисобланади ва атиги 61 таси тиббий мақсадларда маданий шаклда етиштирилмоқда.
2017 йилда хориждан 9 минг номдаги 2 миллиард доллардан ортиқ дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар импорт қилинган. 2018 йили ўзимизнинг ички имкониятлардан келиб чиқиб, юртимизда 1,5 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу орқали қаттиқ валютани тежаш ва нархларни пасайтириш имконияти пайдо бўлса, фармацевтика саноатини жадал тараққий эттиришга катта сармоялар киритишга ва ялпи ички маҳсулотда соҳа улушини оширишга эришилади.
Бунда дори маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқариш улушини ошириш асносида она табиатимизга ҳужум қилмасдан, табиат мувозанатини бузмасдан, чуқур илмий асосланган ҳолда ёндашиш талаб этади. Шу билан бирга, уларнинг сифати ва бемор организмига таъсири хориждан импорт қилинаётган маҳсулотдан кам бўлмаслигига эришиш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда дори-дармон нархларининг баландлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш заруриятини туғдирмоқда.
Ижтимоий дорихоналарда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари дори-дармонларни имтиёзли нархларда харид қилиш имкониятига эга бўлиши, шунингдек дорихона эгаларига солиқ имтиёзлари берилиши лозим. Уларда 344 та биринчи галда зарур бўладиган дори-дармонлар албатта, доимий ва узлуксиз равишда бўлиши шарт.
Мазкур масалалар жорий йилнинг 23 февраль куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви мажлислар залида “Ижтимоий дорихоналар – аҳоли учун улкан имконият” мавзуида ўтказилган йиғилиш кун тартибининг атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти марказий бошқаруви ҳамкорлигида ташкил этилди.
Йиғилишда жамоат ташкилотлари вакиллари, Тошкент шаҳри ҳамда вилояти маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари А.Мирзажонов, бўлим бошлиғи С.Боймирзаева, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раисининг ижтимоий-гуманитар йўнилиши бўйича ўринбосари, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси К.Абдуллаев Ассоциация аъзоси С.Охунов ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бўлим бошлиғи Ш.Сатторов сўзга чиқишди.
Йиғилишда бундай масканларда арзон дори-дармонлар халқимизга, энг олис қишлоқларга қай тартибда етказиб берилиши, омборхоналар, уларни сақлаш ва махсус техникаларда кўчма дорихоналарни ташкил этиш ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Шунингдек, кўчма дорихоналарнинг маҳалланинг кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож аҳолиси учун фойдаси, МФЙ ходимларининг бундай дорихоналарнинг жойлашуви ва уларнинг нархи ҳақида аҳолини хабардор этиш бўйича олиб бораётган ишлари, ижтимоий аҳамиятга молик дори маҳсулотлари нарх-навоси бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги ҳамкорлик тизими юзасидан саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Йиғилишда сўзга чиққан ЎзННТМА Кенгаш раиси ўринбосари К.Абдуллаев аҳолини дори воситалари билан таъминлашдаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича жамоатчилик комиссиялари аҳолининг барча қатламлари билан учрашувлар ўтказиш орқали энг муҳим муаммоларни ҳал этиш устидан таъсирчан назоратни ташкил этиши кераклигига эътибор қаратди. Бу борада фуқароларнинг фикр, мулоҳаза ва тавсияларини ўрганиш орқали аҳоли билан акс алоқани таъминлаш жуда долзарб эканлиги таъкидланди.
Маҳалла тизими вакиллари олдига ижтимоий эҳтиёжманд ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшайдиган фуқароларни ижтимоий аҳамиятга эга ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича ишларнинг ҳақиқий ҳолатини пухта ўрганиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Шу билан бирга, бу каби тадбирларни ҳудудий, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ҳам жойларда ўтказиш белгилаб олинди.
Зафаржон ВОҲИДОВ,
ЎзННТМА бош консультанти