Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси экспертлар кенгаши томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасига 30 дан ортиқ таклиф умумлаштирилиб, Миллий комиссия кўриб чиқиши учун юборилди.
Давлат дастури лойиҳасига нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, ННТларга ижтимоий шериклик доирасида давлат мулкини бепул ёки имтиёзли шартлар асосида бериш, ижтимоий шерикликни қўллаб-қувватлаган жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини ташкил этиш сингари таклифлар киритилган.
ННТлар томонидан тақдим этилган ушбу таклифлар бевосита халқ билан мулоқотларда билдирилган фикрлар, одамларни қийнаётган муаммолар, уларнинг мулоҳазаларига асосланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.
Тадбир Давлат дастури лойиҳасини жамоат ташкилотлари иштирокида муҳокама этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси 237 банддан иборат бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.
Мурожаатномада барча давлат органлари қошида фаолият олиб борадиган жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш ва мазкур жамоатчилик кенгашлари давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлайдиган, уларни аҳоли билан бевосита боғлайдиган кўприк вазифасини бажариши лозимлиги таъкидланган.