Мамлакатимиз Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини танқид қилди. Тан олиш керак, сўнгги вақтларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иши асосан тарғибот-маърифий тусдаги тадбирларни ўтказиш билан чекланиб қолмоқда. Амалий вазифалар билан шуғулланиш, аниқ муаммоларни ҳал этиш каби долзарб масалаларга етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Биргина Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясини олайлик. Ассоциация ўзининг кейинги йиллардаги фаолиятида аъзо ННТнинг интеллектуал ва моддий ресурсларини долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга муносиб даражада сафарбар эта олмади. Тўғри, давлат грантлари ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш асосида жойларда социал-иқтисодий, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий камчиликларни бартараф этишга қисман бўлса-да эришилмоқда. Лекин куч ва имкониятларимизни таҳлил этсак, бу ҳам бизга ярашадиган натижа эмас аслида.
Шу йилнинг ўзида Ассоциация ва унинг ҳудудий бўлинмаларига 110 та ёзма, 320 дан ортиқ электрон ҳамда 750 дан зиёд оғзаки ариза ва шикоят тушди. Уларнинг аксарияти ННТда ишлаш офисининг йўқлиги, моддий-техник базаси мўртлиги, кадрлар салоҳияти етарли даражада эмаслиги, грант лойиҳаларини ёзишда қийинчиликларга дуч келинаётгани билан боғлиқ. Булар биз нимада қанчалик оқсаётганимиздан яна бир далолат. Бироқ ушбу муаммоларнинг субъектив ва объектив сабабларини инкор этмаслик лозим. Дейлик, ННТ фаолиятида мавжуд муаммоларни ҳар томонлама яхлит ўрганишнинг аниқ тизими ишлаб чиқилмаган. Хусусан, кўнгиллилик фаолиятини амалга ошириш асослари, шакл ва механизмлари қонунчиликда мустаҳкамланмаган. Беғараз ёки имтиёзли асосда «учинчи сектор»га давлат мулкини бериш, меҳнат стажини рўйхатга олиш ва расмийлаштириш каби ечимини кутаётган масалалар бор. ННТга молиявий ва бошқа қўллаб-қувватловчи ёрдам кўрсатган жисмоний ҳамда юридик шахсларга солиқ имтиёзлари бериш масалалари ҳам очиқ қолмоқда. Қолаверса, ҳудудий бўлинмаларимизни бино билан таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун етарли имкониятга эга эмасмиз. Шу сабабли жойлардаги ННТ билан самарали ишлай олмадик. Мана, қандай муаммо ва камчиликлар бизни қийнаяпти.
Шу жиҳатдан Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш таклифи илгари сурилгани ҳар томонлама аҳамиятли. Чунки бугун нодавлат нотижорат ташкилотлар ана шундай амалий мулоқотга муҳтож.
Санжарбек РУЗИЕВ,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси ижрочи директори вазифасини бажарувчи