Парламент комиссияси томонидан тасдиқланган “ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини тайёрлаш” бўйича ҳудудларда семинар-тренинглар ўтказиш Жадвалига мувофиқ, жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари Навоий вилоятига, 20-21 сентябрь кунлари Сирдарё вилоятига, 22-23 сентябрь кунлари Жиззах вилоятига  хизмат сафарига чиқилиб, қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Хизмат сафари давомида 2016-2017 йилда молиялаштирилган давлат грантларининг мақсадли йўналтирилиши, лойиҳа бўйича ажратилган маблағларга харид қилинган жиҳозларни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ ўрнатилган тартибда юритилиши ва расмийлаштирилиш  ҳолати,  эълон қилинаётган давлат  гранти лойиҳаларининг  мазмун-моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини ННТ ва фуқаролик жамиятининг  бошқа институтларига тушунтириш борасидаги тарғибот ишлари ўрганилди.

Навоий вилояти

2016-2017 йилда  йилда молиялаштирилган давлат грантларининг амалий натижалари таҳлилида Навоий вилоятида  2016 йил  жами  24 та лойиҳа  амалга оширилган-  588млн 310 минг сўмни,  шундан  ижтимоий соҳа  йўналиши бўйича  11 та лойиҳа- 267 млн. 310 минг  сўм,  ОАВлари йўналиши бўйича  13 та лойиҳа-  321  млн  сўм;   2017 йилда жами 13 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб- 323 млн.   сўмни,   шундан: ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 10 та лойиҳа  - 249 млн. сўм,   ОАВ йўналишида   3 та лойиҳа - 74 млн. сўм. маблағни ташкил қилган.

Хизмат сафари давомида 2016 йилда давлат грантларига сазовор бўлган  ташкилотларининг  грант маблағлари ҳисобига моддий-техник базаси,  ННТнинг штат бирлигидан ҳамда кўнгиллилар сонидан келиб чиққан ҳолда таъминланганлик ҳолати ҳам ўрганилди.

Жумладан,  давлат гранти олган ташкилотлардан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Навоий вилоят бўлимининг 2017 йилда “Ногирон манфаати-ҳамма нарсадан устундир” лойиҳаси  (25 млн. сўм) маблағига  спорт жиҳозлари харид қилиниб, ногиронлар ва ўсмир ёшларнинг спорт билан шуғулланишига шароит яртилганлиги; 2017 йилда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг “Интелектуал салоҳиятли ёшлар-Ўзбекистон ёруғ келажаги” лойиҳаси (25 млн. сўм);   2016 йилда “Соғлом авлод  учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган хайрия фонди вилоят бўлимининг “Мустақиллик  менинг тақдиримда” лойиҳаси (25 млн. сўм); 2017 йилда “Маънавият кўзгуси” газетасининг “Китобхонликка янги қадам” мавзусида “Аҳоли орасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган концепциялар ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш” лойиҳаси (25 млн.сўм)    грант маблағларига харид қилган жиҳозлардан бугунги кунда мақсадли равишда  фойдаланилаётганлиги;  

Шунингдек,  Қизил ярим ой жамияти  Нурота  туман бўлимининг 2016 йилда  “Соғлом она ва бола-соғлом келажак асоси” лойиҳаси  (25 млн. сўм) доирасида тумандаги узоқ қишлоқ ҳудудларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган семинар машғулотлари ўтказилганлиги ва компьютер харид қилинганлиги; Ногиронлар жамияти Нурота  туман бўлимининг 2015 йилда “Кексалардан олтин олма-илм ол” лойиҳаси грант маблағи (15 млн.)га 2 та тикув машинаси харид қилиниб, бугунги кунда мақсадли фойдаланилаётганлиги ва молиявий  ҳужжатларни  юритиш тартиби тўғри йўлга  қўйилганлиги аниқланди.

2017 йилда амалга оширилган давлат гранти лойиҳаларини якуни бўйича молиявий ва таҳлилий ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаган ташкилотлар- “Кенимех таны” (2017 й. август), “Хатирчи ҳаёти” (2017й. август), “Муқаддас бурч” (2017 й. август) газеталари таҳририяти билан гаплашилганда,  улар томонидан лойиҳа август ойида якунланганлиги сабабли, сентябрь ойининг якунига қадар ҳисоботларни тақдим этишларини маълум қилишди.  “Қалб қуёши” журнали таҳририяти (2017й.май) ва “Тараққиёт сари” (2017 й.май), “Зиёкор садоси” (2017й. июль) газета таҳририятлари билан суҳбат ўтказилиб,  ҳисоботларни топшириш юзасидан  тегишли кўрсатмалар берилди.

Сирдарё вилояти

2016-2017 йилда  йилда молиялаштирилган давлат грантларининг амалий натижалари таҳлилида Сирдарё вилоятида  2016 йил  жами  14 та лойиҳа  амалга оширилган-  345 млн.  сўмни, шундан: ижтимоий соҳа  йўналиши бўйича  10 та лойиҳа- 250 млн.  сўм,  ОАВлари йўналиши бўйича  4 та лойиҳа-  95  млн. сўм;   2017 йилда жами 9 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб-222 млн.  сўм,:  шундан: ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 8 та лойиҳа  - 197 млн. сўм,   ОАВ йўналишида   1 та лойиҳа - 25 млн. сўм маблағни ташкил этади. 

2016  йилда давлат гранти олган ташкилотлардан- Гулистон туманидаги “Гулистон ҳаёти” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти “Озод юртда-обод инсонлар яшайди” лойиҳаси  (25 млн.сўм) маблағига  мебель жиҳозлари, компьютер;   “Соғлом авлод учун”  ҳукуматга қарашли бўлмаган вилоят ҳудудий филиали “Мустаҳкам оила-келажак пойдевори” лойиҳаси (25 млн.сўм) маблағига лабаратория текширув аппарати  харид қилиниб бугунги кунда  мақсадли фойдаланилаётганлиги; “Юрт истиқболи ижтимоий ахборот”  маркази “Маҳалла қошида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мансуб аёллар, уй бекалари учун аёллар клубини ташкил этиш”  лойиҳаси (25 млн.)  маблағига 4 дона кир ювиш машинаси ва  сув насоси олиниб,  маҳалладаги  ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва бемор аёлларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган;  2017 йилда давлат гранти олган Мирзаобод тумани Ногиронлар  жамияти “Биринчи навбатда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт жиҳатидан нисбатан орқада бўлган қишлоқ туманларида алоҳида аҳоли пунктларидаги  ҳудудларни комплекс ва интенсив ривожлантириш   дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларга  янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашга кўмаклашиш” лойиҳаси  (25 млн.) маблағига 2 та хонадон таъмирланган, “Ҳилол” нодавлат нотижорат ташкилоти  “Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш”  (25 млн.) лойиҳаси доирасида  Сардоба, Гулистон туманлари ва Гулистон шаҳрида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган туркум тадбирларни ташкил этганлиги аниқланди. 

Жиззах вилояти

Ўрганиш натижаларига кўра,  Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан  бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб, маҳаллий ва ҳудуд хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тизимли равишда ишни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилганлиги аниқланди.

Хусусан, Жамоат комиссиясининг иш режасига мувофиқ, вилоятдаги мавжуд ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва фаоллари учун маънавий - маърифий тадбирлар, жамоат комиссияси фаолиятини такомиллаштириш юзасидан йиғилишлар ўтказилиб борилган.

Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди танловларида қатнашиб, ғолиб бўлган ННТларга ҳисоботларни белгиланган муддатда топширилиши борасида тушунтириш ишлари олиб борилган, шунингдек, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг профессионал салоҳиятини ошириш мақсадида улар учун маҳорат дарслари ва ўқувлар ташкил этилиши йўлга қўйилган.

 2017 йилда амалга оширилган давлат гранти лойиҳаларини якуни бўйича молиявий ва таҳлилий ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаган ташкилотлар- “Солиқ ва ҳаёт” (2017 й. август), “Адолат ёлқини” (2017й. август) газеталари  таҳририяти ва  “Аёллар маркази” хотин-қизлар ижтимоий-иқтисодий кўмак маркази  (2017й. август)  билан гаплашилганда,  улар томонидан лойиҳа август ойида якунланганлиги сабабли, сентябрь ойининг якунига қадар ҳисоботларни тақдим этишлари маълум қилинди.  Жиззах тумани   “Ҳамзаобод” қ.ф.й (2014й. февраль) “Иттифоқ” маҳалласидаги янги участкаларни ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш” лойиҳаси учун олган маблағларни электр энергияси таъминотига сарфлаб юборилганлиги, Жиззах вилояти гимнастика федерацияси (2017й.май) “Бадиий гимнастика-саломатлик ва гўзаллик асоси” лойиҳаси учун олган маблағларига оид ҳужжатлар юритуви хусусида суҳбат ўтказилиб, юзага келган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Хизмат сафари давомида Навоий, Сирдарё, Жиззах вилоятлари Халқ  депутатлари Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг  ННТ, фуқаролик жамияти институти вакиллари,  маҳаллий давлат органлари иштирокида кенгайтирилган йиғилишлари ҳам ўтказилди.   

Ушбу йиғилишларда Халқ депутатлари  Навоий, Сирдарё, Жиззах вилоятлари Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг 9 ойлик фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи тингланди.

Халқ депутатлари ҳузуридаги Навоий, Сирдарё, Жиззах вилоятлари Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг 2017 йил 9 ойлик фаолияти якунлари натижалари  таҳлилида олиб борилган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчиликларга  ҳам йўл қўйилганлиги аниқланди:

- хусусан, жамоат комиссиясининг йиғилишларида Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди танловларида қатнашиб давлат гранти ғолиби бўлган  бўлган  ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институти  вакилларига ҳисоботларни белгиланган муддатда топширилиши юзасидан тушунтириш ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги;

-жамоат  комиссияси йиғилишларида  эълон қилинаётган давлат  гранти лойиҳаларининг  мазмун-моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини чуқур тушунтириш,  грант  ғолиблари бўлган ННТ, ОАВ ва бошқа ташкилотларнинг лойиҳа доирасида амалга оширган ишлари, ҳисобот топшириш муддатлари ва тартиблари таҳлилий муҳокама этилиб кўриб чиқилмаганлиги каби ҳолатлар  аниқланди.   

Йиғилишлар давомида 2017 йилда ғолиб бўлган Давлат гранти 3- ва 4- танлови ғолибларига грант сертификатлари  маҳаллий ва давлат органлари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида тантанали  топширилиб, мазкур  грант ғолиблари бўлган ННТ  лойиҳаларининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шунингдек, мазкур йиғилишлар якунида  Парламент комиссияси аъзолари томонидан ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини тайёрлаш бўйича семинар-тренинг ташкил этилиб,  қуйидаги масалалар бўйича: 

2016-2017 йилда молиялаштирилган давлат грантлари  лойиҳаси доирасида ажратилган маблағларга харид қилинган жиҳозларни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ юритилиши ва расмийлаштирилиши; 

-2017 йилда эълон қилинган давлат гранти 5-, қўшимча 6-танловлари йўналишлари, танловларда  иштирок этиш шартлари ва талаблари ҳақида батафсил тушунтиришлар  бериб ўтиш билан бир қаторда, ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси,  Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Журналистлар уюшмаси,  йирик ННТ ва бошқа бир қатор бирлашма ва ташкилотлар сайтларига давлат гранти танлови эълонларини жойлаштириш, узоқ туман бўлимларининг электрон почталарига танлов матнларини юбориш;   

- фуқаролар ташаббуси билан тузилган, шу пайтгача давлат гранти олмаган ва чекка ҳудудларда фаолият юритиб, давлат рўйхатидан ўтган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат гранти танловларида иштирок этиш бўйича услубий ва ахборот маслаҳатлар беришга, уларнинг салоҳиятини юксалтиришга эътибор қаратилиши лозимлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада тизимли ва доимий равишда  тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш  бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.       

 

 

ЎзННТМА Кенгаши раиси

А.Каримов

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди