Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2016 йил фаолият якунлари ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да фаолият йўналишларининг устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Ҳисобот йиғилишида Федерациянинг 2016 йил давомидаги фаолияти танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, тизимда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, аҳоли (истеъмолчилар) билан доимий мулоқотни ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва истеъмол маданиятини юксалтиришнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган масалалар ижросини таъминлаш юзасидан Федерациянинг чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижрога қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги Федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди, шунингдек, Федерациянинг барча ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари ҳузурида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди.
Федерация марказий ижро этувчи аппарати томонидан Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида ободонлаштириш, ичимлик суви таъминоти ҳамда ижтимоий соҳа объектларида, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида қолипли нон ва нон маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Хоразм вилоятининг Хонқа, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманларида аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, ижтимоий-иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг бугунги кундаги аҳволи ва натижадорлиги бўйича жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган камчилик, билдирилган таклифлар жойида ҳал этилиши мақсадида тегишли вилоят ҳокимликларига киритилган.
Бугунги кунда Федерация тизимида 14 та ҳудудий бирлашма, туман (шаҳар) жамиятлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасаларда 5 502 та таянч гуруҳлари ташкил этилган, уларнинг таркибидаги аъзолар сони 529 342 нафарни ташкил қилади.
- Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш
Федерация ва унинг ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари томонидан ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг марказий ва ҳудудий ижро этувчи органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ижросини таъминлаш борасида давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ўзини ўзи бошқариш ва назорат қилувчи органлар ҳамкорлигида аҳолининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Федерациянинг 20.02.2017 йилдаги 9 и/ч-сонли буйруғи билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Мазкур Чора-тадбирлар режасининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши Федерация тизимининг барча бўғинларидаги раҳбарлари фаолиятининг бирламчи вазифаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ўзаро келишув асосида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали фуқароларнинг оғзаки мурожаатлари тегишли тартибда қабул қилиниб, ижро учун ҳудудий бирлашмалар ва тегишли назорат органларга юборилиб, жисмоний шахсларга амалдаги қонунчиликка асосан ваколат доирасида тушунтириш ва маслаҳатлар бериб борилиши таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4725-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2015 йил 19 октябрдаги 24/9-15-75-37-20088-сонли топшириқ хати ижросини таъминлаш мақсадида Ягона интерактив портал орқали Бош прокуратура томонидан келиб тушган мурожаатлар белгиланган муддатларда ижрога қаратилиб, ўрганиш натижаларига оид ҳужжатлар Бош прокуратуранинг электрон дастури (crm.trask.uz)га мунтазам равишда юборилиши таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2017 йилнинг биринчи чораги давомида Федерацияга жами 60 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ижро учун ҳудудий бирлашмаларга юборилган. Мазкур мурожаатларнинг 56 таси ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчиларга жами 8 868 150 сўм миқдордаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Фуқаро (истеъмолчи)ларнинг мурожаатларини қабул қилишни самарали ташкил этиш ва уларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Истеъмолчилар томонидан ариза, таклиф ва шикоятлар Федерациянинг интернет тармоғидаги www.istemol.uz расмий веб-сайти орқали электрон қабул қилинмоқда.
Ҳисобот даврида мазкур виртуал қабулхонага истеъмолчилардан жами 31 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 18 таси ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчиларга жами 7 486 727 сўм миқдордаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сон Фармони, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ижро этувчи органларининг 2017 йил 20 январдаги 01-01/17-сонли кенгайтирилган йиғилиши баёни(қарори)нинг 2.2-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Федерациянинг 06.02.2017 йилдаги “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги 6 и/ч-сонли буйруғи қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда.
Ушбу буйруқ асосида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида аҳоли (истеъмолчилар) билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимини жорий этиш, мувофиқлаштириш, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиниши устидан тизимли мониторинг ҳамда назоратни амалга ошириш мақсадида Федерация марказий ижро этувчи аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари (ҳуқуқий ҳимоя бўлими, секторлар ва жамиятлар) негизида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди.
Мазкур ҳуқуқий маслаҳатхоналарга аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур билим, ташкилотчилик, мурожаатларни таҳлил қилиш кўникмасига эга бўлган, тизимнинг энг тажрибали мутахассислари бириктирилди. Эндиликда аҳоли (истеъмолчилар) ўзларининг соҳага оид савол ва муаммолари юзасидан тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, тезкор, бепул (беғараз) ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ҳисобот даврида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарига фуқаролардан жами 1375 та мурожаат (коммунал хўжалик-119 та, савдо-238 та, соғлиқни сақлаш-61, газ таъминоти-267 та, сув таъминоти-49 та, алоқа-67 та, транспорт-24 та, электр таъминоти-149 та ва бошқа соҳаларга-401 та) келиб тушган бўлиб, шундан 1063 та мурожаат бўйича фуқароларга қонун талаблари юзасидан тушунтиришлар, 147 та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 28 та мурожаат юзасидан эса суд органларига мурожаат қилиш таклифи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 2017 йил 14 февралдаги “Федерация тизими раҳбарларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқотларини ташкил этиш тўғрисида”ги 8 и/ч-сонли буйруғи қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди. Мазкур буйруққа асосан жойларда сайёр учрашувларни ташкил этиш мақсадида, ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги Федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли (истеъмолчилар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.
2017 йилнинг 1-чораги мобайнида Федерация марказий ижро этувчи аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари ва туман (шаҳар) жамиятлари раислари томонидан аҳоли (фуқаролар) билан жами 1491 маротаба мулоқотлар ўтказилган бўлиб, мулоқотлар чоғида 431 та (ёки 28,9 фоизи) уй-жой коммунал, 261 та (ёки 17,5 фоизи) савдо, 75 та (ёки 5 фоизи) соғлиқни сақлаш, 65 та (ёки 4,4 фоизи) алоқа, 48 та (ёки 3,2 фоизи) транспорт, 36 та (ёки 2,4 фоизи) сервис хизмат кўрсатиш, 54 та (ёки 3,6 фоизи) таълим ва 521 та (ёки 34,9 фоизи) бошқа соҳалар бўйича фуқаролар ўз муаммолари ечими юзасидан амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилганлар. Жами қилинган мурожаатларнинг 274 таси юзасидан Федерация ва унинг тизим раҳбарлари томонидан тегишлилиги бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга муаммоларни бартараф этиш мақсадида жамоатчилик назорати тартибида мурожаатлар қилинди.
Жами ўтказилган 1491 та мулоқотларнинг 16 таси Федерация марказий аппарати, 98 таси Қорқалпоғистон Республикаси, 123 таси Андижон, 62 таси Бухоро, 75 таси Жиззах, 61 таси Қашқадарё, 62 таси Навоий, 139 таси Наманган, 249 таси Самарқанд, 123 таси Сурхондарё, 75 таси Сирдарё, 211 таси Фарғона, 110 таси Хоразм вилоятлари ва 87 таси Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмаларига тўғри келади.
Федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Андижон, Фарғона вилоятлари)да аҳоли билан тўғридан-тўғри учрашувлар ташкил этилди.
Ҳисобот даврида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 3 092 та (1 992 та, 64,4%) ёзма, 1 069 таси (34,6%) оғзаки, ишонч телефони ва электрон мурожаат (ариза, таклиф ва шикоят)лар келиб тушган.
Мазкур ариза ва шикоятларнинг 2 688 таси яъни, 86,9 % ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами 954 246,4 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Шундан, Федерация ва унинг туман (шаҳар) жамиятлари томонидан, истеъмолчилардан тушган 40 та ариза ва шикоятлари асосида истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб суд органларига даъво аризалари киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 53 244,3 минг сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Федерациянинг туман (шаҳар) жамиятлари томонидан, истеъмолчилардан тушган жами 69 та мурожаат (ариза, таклиф ва шикоят)лар истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб, назорат органларига ўтказилиб ижобий хал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 12 049,9 минг сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.
Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг катта қисми табиий газ таъминоти соҳасига 974 та (жами аризаларнинг 31,5 %), савдо соҳасига 651 та (жами аризаларнинг 21,1 %), электр таъминоти соҳасига 535 та (жами аризаларнинг 17,3 %), коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига 159 та (жами аризаларнинг 5,1 %), сув таъминоти соҳасига 90 та (жами аризаларнинг 2,9 %), транспорт соҳасига 43 та (жами аризаларнинг 1,4%), алоқа соҳасига 73 та (жами аризаларнинг 2,4 %), соғлиқни сақлаш соҳасига 53 та (жами аризаларнинг 1,7 %) ва бошқа соҳаларга 514 та (жами аризаларнинг 16,6 %) мансубдир.
- Аҳоли ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларининг тарғиботи ҳамда аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга
доир маърифий ишлар
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ушбу соҳада қабул қилинаётган қонунларни тарғиб қилиш Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларининг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади. Федерациянинг дастурий мақсад ва вазифаларини бажариш доирасида аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя килишга қаратилган дастурларни амалга ошириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, назорат қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий-маърифий мавзуларда тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди.
Федерация ва унинг қуйи тузилмалари томонидан ҳисобот даврида “Юксак истеъмол маданияти сари”, “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари – олий қадрият”, “Истеъмол маданиятини ошириш – давр талаби”, “Соғлиқни сақлаш соҳасида истеъмолчи ҳуқуқлари”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва йўловчи ташишда истеъмолчиларга қулайликлар яратиш”, “Ёшларнинг ҳуқуқий онгини, истеъмол маданиятини шакллантириш ва мустаҳкамлашда давлат ҳамда нодавлат ташкилотларнинг ўрни”, “Биз барчамиз истеъмолчимиз”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари – қонун ҳимоясида”, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилидир”, “Савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб тизимининг афзалликлари”, “Фуқароларнинг мурожаатлари ҳамиша эътиборда” каби мавзуларда 515 та ўқув семинари ҳамда 1964 та давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курсида “Тадбиркорликка оид қонунчилик ижроси устидан назоратни таъминлаш бўйича прокурорлик фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш” мавзуидаги малака ошириш дастури доирасида Федерация масъул ходимлари томонидан “Ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатини ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини таъминлаш” ва бошқа мавзулардаги маърузалар билан иштирок этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш тўғрисида”ги 203-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан 15 март – “Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” муносабати билан жорий йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишида жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Ушбу матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларига Федерация томонидан 2016 йил давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни асосида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тасдиқланган чора-тадбирлар режаларининг ижроси тўғрисида ҳамда соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоблар қайтарилди.
Мазкур сана муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Навоий, Фарғона, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда туркум маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш мақсадида вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Мен ёш истеъмолчи” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
Мазкур танловда вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 700 нафардан зиёд ўқувчилари ўзларининг ёш истеъмолчи сифатидаги ўз фикр мулоҳазалари баён қилинган иншолари билан иштирок этишди.
Мазкур танлов доирасида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди. Ёшларнинг қалбида Она-Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган саёҳат давомида ўқувчилар шаҳардаги тарихий обидалар, халқимизнинг буюк сиймоларининг қадамжоларига оид билимларини янада мустаҳкамлашди. Танлов ғолибларига эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, вилоят телерадиокомпанияси, “Дўстлик байроғи” ва “Знамья Дружбы”, “Истеъмолчи минбари” газеталари муҳарририяти ҳамкорлигида имзоланган тадбирлар режасига асосан ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, истеъмол маданиятини янада юксалтириш, шунингдек, энг зукко ва иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида Навоий шаҳридаги Матбуот уйида “Мен ёш истеъмолчи” мавзусидаги иншолар танловининг якуний тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ушбу танлов вилоятнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилиб, унда жами 550 нафарга яқин ўқувчилар ўзларининг иншолари билан иштирок этишди. Ўқувчиларнинг иншолари соҳа мутахассислари томонидан муносиб баҳоланиб, танлов ғолибларига фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалар топширилди.
Гулистон шаҳрида ҳам ушбу сана муносабати билан Федерациянинг Сирдарё вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда уч босқичдан иборат “Энг иқтидорли ёш истеъмолчи – 2017” кўрик-танлови ташкил этилди. Унда шаҳардаги коллеж ва лицей ўқувчилари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари юзасидан билимларини синаб кўрдилар. Танловнинг якуний босқичида учта шарт бўйича, “Энг яхши ташкилотчи” ва “Энг зукко истеъмолчи” номинациясида ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга танлов ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Федерациянинг Жиззах вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан “Энг иқтидорли ёш истеъмолчи – 2017” кўрик-танлови ўтказилди.
Жиззах шаҳридаги мусиқали драма театрида ташкил этилган тадбирда вилоятнинг 9 та касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган 640 нафар ўқувчи иштирок этди. Танлов иштирокчилари ўзаро беллашувларда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар борасидаги билимларини намойиш этдилар. Ғолибларга фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди. Худди шундай кўрик-танловлар Федерациянинг Андижон вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Асака педагогика коллежида, Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 1-сон академик лицейда ташкиллаштирилди.
Ташкил этилган мазкур танловлар мамлакатимиз ёшларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид ўз билим ва зукколикларини намоён этиб, уларнинг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятининг янада юксалишига хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Федерация фаолиятини аҳоли орасида тарғиб этиш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан кенг фойдаланилди. Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, жумладан, радиода 1136 та эшиттириш, телевидениеда 409 та кўрсатувлар ташкил қилинди, марказий газета ва журналларда 177 та, маҳаллий нашрларда эса 454 та мақолалар чоп этилди.
Бугунги кунда ҳар бир соҳага ахборот коммуникация технологиялари жадаллик билан кириб бормоқда. Федерацияда ҳам бу йўналишдаги ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг интернет тармоғидаги www.istemol.uz, www.potreb.uz расмий веб-сайти фаолияти йўлга қўйилиб, Федерация фаолияти ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги янгиликлар ўзбек ва рус тилларида жойлаштириб борилмоқда.
Мазкур сайтда “Истеъмолчи минбари”, “Мурожаат ва натижа” саҳифалари ташкил этилиб, унда истеъмолчилардан тушаётган мурожаатлар ва уларнинг ечими ҳақидаги маълумотлар бериб борилмоқда.
Федерация фаолияти ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Turkiston-press”, “Jamiyat”, “Ўзбекистон овози”, “Правда востока”, “Адолат”, “Mahalla”, “Даракчи.uz”, “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Uz24.uz”, “Uzreport.uz”, “Biznes-Daily media” каби агентлик ва матбуот нашрларининг веб-сайтларида мақолалар жойлаштирилди.
Федерация ва унинг қуйи тузилмалари фаолиятига оид янгиликлар, хабарлар ва маърифий тадбирлар “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот”, “Ёшлар” телеканалининг “Давр”, “Тошкент” телеканалининг “Пойтахт”, “Узрепорт” телеканалининг “Хабарлар”, “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Бугун” ва бошқа бир қатор марказий ва маҳаллий телеканалларнинг информацион дастурларда кенг ёритилди.
Федерация масъул ходимлари “Ўзбекистон” телеканалининг “Бу ҳам муҳим”, “Учбурчак” кўрсатув ва ток-шоуларида “Мамлакатимизда озиқ-овқат саноатининг ривожланиши, хусусий сектор томонидан етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифати, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар”, “Истеъмол маданияти”, “Менинг юртим” телеканалининг “Менинг овозим: Халқ билан мулоқот”, “Одамлар орасида”, “Савол-жавоблар” кўрсатувларида “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари”, “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари”, “Сифатсиз озиқ-овқатлар маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари, улардан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш”, “Маиший техника жиҳозларини алмаштириш тартиб-қоидалари”, “Дунё бўйлаб” телеканалининг “Телемушоҳада” кўрсатувида “Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар ва уларнинг самаралари” тўғрисидаги мавзулар муҳокамасида иштирок этиб, истеъмолчиларга соҳага оид зарур маълумотлар берилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Савдо-саноат палатаси ва “Тошкент” телерадиоканали ДУК ҳамкорлигида аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини янада юксалтириш, юртимиздаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги, уларни харид қилиш тартиб-қоидалари борасида истеъмолчиларга зарур маълумотларни бериб бориш мақсадида “Сифат назорати” кўрсатуви ташкил этилиб, ҳисобот даврида режа асосида майонез маҳсулотлари бўйича кўрсатув эфирга узатилди.
Федерация масъул ходимлари томонидан “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Маҳалла” радиоканалларининг “Ҳаёт ва қонун”, “Ахборот”, “Оқшом тўлқинлари”, “Оқшомга қадар”, “Истеъмолчи”, “Истеъмолчи ҳуқуқи”, “Инсон ва ҳаёт” “Радиомулоқот”, “Шу куннинг мавзуси”, “Бизда савол бор”, “Ёшлар учун” каби дастур ва эшиттиришларида мунтазам чиқишлар қилиниб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун амалда”, “Ишонч телефони”га тушаётган мурожаатлар ва уларнинг ечими” мавзуларида, шунингдек савдо, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига оид тўғридан-тўғри очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг Фарғона шаҳар, Олтиариқ, Бувайда, Данғара, Ўзбекистон туман, Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг Самарқанд шаҳар, Булунғур, Пастдарғом, Иштихон туман жамиятлари томонидан ҳудудлардаги марказий деҳқон бозорлари радиоузели орқали истеъмолчиларга озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, яроқлилик муддатига эътибор бериш, пластик карточкалар орқали савдо қилиш қоидалари ҳақида мунтазам маълумотлар бериб борилиши йўлга қўйилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Кенгашининг 2016 йил 21 июлдаги 4/16-сонли йиғилиш баёни (қарори)нинг 4.2 бандига асосан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси муассислигида “ISTE’MOL MADANIYATI” ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий, оммабоп газетаси ташкил қилиниб, мазкур газета орқали “Юксак истеъмол маданияти сари” шиори остида “Истеъмолчи ҳуқуқи ҳимояда”, “Жараён”, “Таҳлил”, “Талқин”, “Фаолият”, “Мулоқот” ва “Ҳуқуқий маслаҳатхона” рукнларида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолияти бўйича, шунингдек, соҳага оид янгиликлар, хабарлар ва газетхонларнинг саволларига мутахассислар томонидан тегишли жавоблар бериб борилмоқда. Ҳисобот даврида мазкур газетанинг 5 та сони чоп этилди.
“Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока”, “Ишонч”, “Даракчи”, “Оила даврасида”, “Истеъмолчи-Потребитель” газеталари ҳамда бошқа босма оммавий ахборот воситаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган “Истеъмолчи ҳуқуқи”, “Истеъмолчи алифбоси”, “Сўраган эдингиз”, “Ҳуқуқий маслаҳатхона” рукнларида ҳамкорликда савдо-сотиқ, коммунал хизматлар, жамоат транспорти, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари, ичимлик суви, газ ва электр энергияси таъминоти, маиший сервис хизматлари бўйича туркум мақолалар чоп этилди.
III. Ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатини ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини таъминлаш мониторингларини ўтказиш
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг буйруғига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳолати аҳоли (истеъмолчилар) ўртасида сўровнома ўтказиш орқали ўрганилиб, унда турли ёшдаги 8367 нафар респондент (истеъмолчи)лар иштирок этдилар.
Ушбу ўтказилган сўровнома натижаларига кўра аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига, Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментига ҳамда “Ўзкоммунхизмат” агентлигига тақдим этилди.
Федерация ва унинг қуйи тузилмалари томонидан ҳисобот даврида ижтимоий муҳим соҳаларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилиши билан боғлиқ ўтказилган барча ижтимоий сўровномаларда жами 11 913 нафар истеъмолчилар иштирок этиб, ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан ички бозорда сотилаётган истеъмол товарлари ва кўрсатилаётган хизматларда истеъмолчилар ҳуқуқларининг талабларининг таъминланиши борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровнома ўтказиш тартиби лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Федерация Кенгаши муҳокамасига киритилди.
- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишда давлат бошқаруви, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, назорат қилувчи органлар билан биргаликда иш олиб бориш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 28 августда имзоланган ва 2015 йил 1 январдан кучга кирган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан 2016-2017 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Тасдиқланган чора-тадбирлар режасида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг таъсирчан механизмларини яратиш, Федерация ва унинг қуйи тузилмаларининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш борасида яқин ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш асосий вазифа қилиб белгилаб олинди.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва Федерация ҳамкорлигида 2016 йилнинг 17 октябрь куни аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида амалдаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданиятини янада оширишга қаратилган 2016-2017 йилларда амалга ошириладиган маърифий тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижро учун тегишли ҳудудий бирлашмаларга юборилди.
“Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни ва Федерация ҳамкорлигида 2016 йилнинг 17 октябрь куни аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида амалдаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданиятини янада оширишга қаратилган 2016-2017 йилларда амалга ошириладиган маърифий тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижро учун тегишли ҳудудий бирлашмаларга юборилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси билан ҳамкорликда 2017 йил 15 мартда аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва соҳага оид меъёрий ҳужжатларни кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданиятини янада оширишга қаратилган маърифий тадбирларнинг 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижро учун ҳудудий бирлашмаларга юборилди.
Мазкур имзоланган чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш юзасидан ўтган давр мобайнида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг марказий аппарати ҳамда Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари томонидан “Фуқаролар мурожаатлари ҳамиша эътиборда”, “Юксак истеъмол маданияти сари”, “Маҳсулот сифати ҳамиша эътиборда”, “Билимли истеъмолчи доимо ҳақ”, “Соғлиқни сақлаш соҳасида истеъмолчи ҳуқуқлари”, “Истеъмол маданиятини ошириш-давр талаби”, “Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳамиша ҳимояда” каби мавзуларда корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида ўқув-семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг сўровига асосан Тиббиёт ва фармацевтика муассасалари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматларда қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатларининг ўрганишлари бўйича белгиланган тартиблар асосида саволнома тайёрланди ва қўмитага тақдим этилди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Федерация ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятининг ҳудудий тузилмалари ҳамкорлигида ҳудудларда аҳоли (фуқаролар) билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқотни ташкил этиш режа жадвали лойиҳаси тайёрланиб, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси сўровига асосан “GM Ўзбекистон” АЖ расмий дилерларининг жисмоний шахсларга автомобиль сотиш бўйича шартномаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги талаблари асосида ёзма таклифлар тақдим этилди.
Давлат ҳокимиятининг муҳим тармоғи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Федерациянинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг Демократик институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ташкил этилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш комиссияси йиғилишларида, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Махсус комиссияси раисининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисида”ги Қонун ҳужжатлари бузилганлигини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия” йиғилишларида Қўмита томонидан қўзғатилган ишларни кўриб чиқиш жараёнларида Федерация марказий ижро этувчи аппарати масъул ходимларининг комиссия аъзоси сифатида бевосита иштирок этиши таъминланмоқда.
- V. Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар
Федерация халқаро миқёсда хорижий мамалакатлардаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, уларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида Халқаро даражадаги турли лойиҳа ва дастурларда иштирок этмоқда.
Жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди эксперти, Тео Хензельс (Theo Hensels) билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув чоғида аҳоли, айниқса, ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш” лойиҳасида Федерация фаол иштирок этаётгани ва бу борада лойиҳада қатнашаётган бошқа ташкилот ва идоралар билан самарали ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид тегишли қонунчилик ва қонуности ҳужжатларига бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўзгартириш киритиш бўйича парламентга таклифлар бериш ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
2017 йилнинг 13 февралидан 17 февралига қадар Тошкент молия институти ҳузуридаги Молия-банк ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тармоқлараро институтида молиявий саводхонлик бўйича тренерлар учун беш кунлик тренинглар ўтказилди.
Мазкур тренинг Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида иқтисодиётни барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш” Дастури доирасида Германия халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалар фонди томонидан молиявий саводхонлик мавзусида ўтказилди. Тренингларда Тошкент Молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бир гуруҳ ўқитувчи ва илмий ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизими ходимлари иштирок этди. Улар молиявий саводхонлик бўйича тренингларни интерфаол услубида ўтказиш методикаси, шу жумладан, интерфаол ўқув ўйинлари билан танишдилар ва амалиётда синаб кўрдилар. Тренинг якуни билан улар Германия халқарор ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалар фондининг махсус сертификатига эга бўлдилар.
2017 йил 24 март куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясида “Ўзбекистонда молиявий саводхонлик дастурининг 2017-2022 йилларда амалга оширилувчи Чора-тадбирлар режаси” лойиҳаси асосида ходимларнинг молиявий саводхонлик бўйича малакаларини ошириш юзасидан семинар-тренинг ташкил этилди.
Ушбу семинар-тренинг орқали Федерация ходимларининг истеъмолчилар ўртасида олиб борадиган ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир тарғибот ишларида аҳолига молиявий саводхонлик борасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва уларнинг ўз маблағларидан оқилона фойдаланишларида кўмак бериш бўйича тегишли кўникмаларга эга бўлинди.
Бугунги тезкорлик билан ривожланаётган давр талабларидан келиб чиқиб, Федерация жаҳондаги ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва амалиётига асосланган ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини тобора такомиллаштириш ҳамда уларнинг истеъмол маданиятини янада юксалтиришга асосий эътиборини қаратмоқда.
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти-Consumers International`га аъзо бўлиш учун ушбу ташкилот раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда.
Ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Европанинг Германия, Венгрия, Болгария мамлакатлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
- VI. Ҳудудий бирлашма, туман (шаҳар) жамиятлари, таянч гуруҳлари моддий- техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан ҳудудий бирлашма, туман (шаҳар) жамиятлари, таянч гуруҳлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар малакасини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил
12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 2085-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ 2085-сонли қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 57-сонли қарори асосида Федерация ва унинг қуйи тузилмаларининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш борасида маҳаллий давлат бошқарув органлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилмоқда.
Ижтимоий шериклик тамойиллари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд, Андижон вилоятлари ҳокимларининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, келгусида ҳамкорликда жамоатчилик назорати тартибида тадбирларни амалга ошириш масалалари келишиб олинди.
Амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар натижасида, қайд этилган ҳудудий бирлашмаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши, ишлар кўламининг янги сифат даражасига кўтарилишига эришилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг, қолаверса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янада ривожланиши учун яратилган имкониятлар самарасидир.
Қашқадарё вилоят ҳудудий бирлашмасининг Ғузор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туман ҳокимлиги кўмаги билан қисқа муддатларда янги маъмурий бино қурилиб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.
Федерация қуйи тизимларининг кадрлар билан ишлайдиган масъул ходимларига Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат кодекси” асосида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солиниши бўйича доимий равишда кўрсатма ва тавсиялар бериб борилиши йўлга қўйилди.
Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси марказий ижро этувчи аппарати ва унинг қуйи тизимларида билимли, ҳар томонлама салоҳиятли кадрлар билан таъминланишига эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан, 2017 йилнинг январь ойида Федерация марказий ижро этувчи аппаратининг янги таркибий тузилмаси ва штатлар жадвали тасдиқланиб, янги лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилди.
Федерациянинг 08.02.2017 йилдаги “Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси марказий ижро этувчи аппаратида иш юритиш ва ижро интизомини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 7и/ч-сонли буйруғи қабул қилинди. Буйруққа асосан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси марказий ижро этувчи аппаратида иш юритиш ва ҳужжатлар ижросини назорат қилиш тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди. Мазкур йўриқнома орқали Федерация марказий ижро этувчи аппаратида ижро интизомини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар айланмаси ва уларнинг сифатли ижросини таъминлаш, ходимларннг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш белгилаб қўйилди.
Федерация марказий ижро этувчи аппарати томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан қабул қилинадиган буйруқларни тайёрлаш ва расмийлаштириш бўйича услубий қўлланма тайёрланди. Мазкур тавсиявий қўлланмада Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан иш юритиш фаолиятида қабул қилинадиган буйруқ (фармойиш)ларни (локал ҳужжат) Республикамиз қонунчилиги талабларига мос равишда ишлаб чиқиш, тайёрлаш ҳамда расмийлаштириш тегишли буйруқ намуналари ёрдамида кўрсатиб ўтилди.
Федерация марказий ижро этувчи аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари ҳамда туман, (шаҳар) жамиятларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси яратилиб, раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш, бўш вакант лавозимларни тўлдириш, малакали кадрларни тизимга жалб қилиш, истиқболли ёш кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакасини ошириш ва рағбатлантириш механизмлари шакллантирилмоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Кенгашининг 2014 йил 29 апрелдаги 2/14-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ижро этувчи органлари тўғрисидаги Низомнинг 4.8, 4.9-бандларига мувофиқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳудудий бирлашмалари туман (шаҳар) жамиятлари раиси лавозимига номзодларнинг Федерация марказий ижро этувчи аппаратида белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилиши таъминланмоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Уставининг 3.6.6 банди талаблари асосида Федерациянинг 22.03.2017 йилдаги “Хизмат гувоҳномаларини бериш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги 13 и/ч-сонли буйруғи қабул қилиниб, мазкур буйруқ орқали Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси марказий ижро этувчи аппарати ва унинг ҳудудий ижро этувчи органларида хизмат гувоҳномаларини бериш ва ундан фойдаланиш тартиби ҳамда масъул шахслар шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди.
Ҳисобот даврида қонунчилик талаблари асосида кадрларга оид иш юритишни самарали ташкил этиш мақсадида, Хоразм вилоят ҳудудий бирлашмасининг кадрларга оид ҳужжатларининг юритилиши ва ўз вақтида ижроси ўрганиб чиқилиб, камчиликларни бартараф этишда амалий ёрдам берилди.
Федерация марказий ижро этувчи аппарати муаассислигида фаолият юритаётган “Loyihalash, ekspertiza va baholash” шўъба корхонаси, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида “Consumer protect” масъулияти чекланган жамияти, “Iste’mol madaniyati” газетаси таҳририяти масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти ташкил этилган. Ҳисобот даврида мазкур жамиятлар негизида 13 та янги ишчи ўринлари яратилиб, бугунги кунда федерация ҳузурида ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида 25 дан ортиқ ходимлар фаолият кўрсатмокда.