2017 йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар қўмитаси биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг кенгайтирилган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, Экоҳаракат ходимлари ва фаоллари, экология ва тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, соҳага тегишли вазирлик ва идоралардан вакиллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг 2016 йил май ойидан 2017 апрель ойига қадар амалга оширган ишлари якунларига бағишланган ҳисоботи эшитилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 2016 йил Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида Экоҳаракатнинг 2015 йилдаги фаолияти ҳақида тақдим этилган ҳисоботи Парламент комиссияси аъзолари томонидан маъқулланиб, фаолиятни янада кенгайтириш бўйича тавсиялар берилган эди. Берилган тавсиялар асосида истиқболдаги режалар белгиланиб ва шу асосда фаолият олиб борилди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳисобот даврида Экоҳаракат томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалдаги экологик қонунчиликни такомиллаштириш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш, атроф муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларига жамоатчиликни янада кенгроқ жалб этиш мақсадида қатор амалий тадбирлар ташкил этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуни нормаларини, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Жамоатчилик экологик назорати тўғрисида”ги, “Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисида”ги намунавий Низомлар қоидаларини ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторларини тайёргарликдан ўтказиш тартибини амалда жорий этиш ҳамда уларни ўқишини ташкил этиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишнинг самарали усул ва воситаларини ишлаб чиқиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига услубий ёрдам кўрсатиш, халқаро жамоат ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида, яъни 2016 йилнинг май ойидан 2017 йилнинг апрель ойига қадар Экоҳаракат томонидан 101 000 дан ортиқ фаоллар ва экспертлар қатнашган 1300 дан зиёд амалий-таҳлилий тадбирлар ўтказилган.

Атроф муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтиришга қаратилган дастурий вазифани бажариш мақсадида ҳудудий бўлинмалар фаолиятини кучайтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш асносида ташкил этилган 370 га яқин тадбирларнинг мазмун моҳиятини атроф муҳитнинг инсон саломатлигига таъсири ва уларни олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, жамоатчиликнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларидаги иштирокини кучайтириш, ҳудудларнинг экологик ва санитар ҳолатини яхшилиш борасидаги муаммолар ечимини топиш каби масалалар қамраб олди.

Ҳисобот даврида атроф муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларни янада жонлантиришга қаратилган 240 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Экоҳаракат депутатлари гуруҳи  ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан  9 та, шу жумладан, 1 та янги, 4 та янги таҳрирдаги, 4 та қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳалари устида фаолият олиб борилганлиги тадбирда алоҳида қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ва “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш” тўғрисидаги қонунлари қабул қилинди.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари томонидан жойларда сайловчилар, Экоҳаракат фаоллари билан 50 дан ортиқ учрашувлар ўтказилиб, уларда 7 мингга яқин фуқаролар иштирок этдилар. Гуруҳ аъзолари томонидан фуқаролардан келиб тушган 260 дан ортиқ ариза ва мурожаатлар кўриб чиқилди.

Атроф муҳит муҳофазаси ва шу мақсадларга ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида қабул қилинган ҳужжатларни ижро этишда марказда ва жойларда давлат органлари, жамоатчилик ва бошқа тузилмалар масъулиятни ошириш мақсадида Экоҳаракат томонидан 150 га яқин тадбирлар ташкил этилди.

Ҳисобот даврида аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш йўналишида 220 га яқин тадбирлар ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар мамлакатдаги экологик вазиятни соғломлаштириш шароитида экологик таълим-тарбия истиқболлари, ёшлар ўртасида экологик маданиятни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва экологик муаммоларни ҳал этишдаги таълим муассасаларининг ўрни, аҳолининг экологик, тиббий маданиятини юксалтиришда оила ва маҳалланинг роли каби долзарб масалаларни қамраб олди.

Ҳисобот даврида Экоҳаракат томонидан хорижий ва халқаро экологик ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида 40 дан ортиқ тадбирлар ўтказилган. 2016 йилнинг 6-7 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Экоҳаракат, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш қонунчилиги ва амалиёти: миллий ва хорижий тажриба” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бундан ташқари 2016 йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 25 йиллиги ва Экоҳаракат ташкил этилганлигининг 8 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон экологик ҳаракати, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида Экоҳаракатнинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси қошида аҳолининг экологик хабардорлиги, экологик маданияти ва билим даражасини оширишга қаратилган Ахборот-ресурс маркази ўз фаолиятини бошлади.

Атроф муҳит муҳофазаси ҳам давлат, ҳам жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифасига айланишига эришиш йўлида Экоҳаракат томонидан ҳисобот даврида 140 дан зиёд амалий ва ташкилий тадбирлар ўтказилди. Республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда “Биохилма-хилликни асраш долзарб масала”, “Жамоатчилик экологик назоратининг ўрни ва роли”, “Соғлом атроф муҳит - инсон саломатлиги кафолати”, “Экологик хавфсизликни таъминлашда қонунларнинг ўрни” каби мавзуларда ўтказилган тадбирлар шулар жумласидандир.

Ҳисобот даврида экологик ва тиббиёт йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишидаги дастурий вазифаларни бажаришда 70 дан ортиқ амалий ва ташкилий тадбирлар ўтказилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташкил этилаётган барча тадбирлар Экоҳаракат томонидан доимо қўллаб-қувватланмоқда.

Экоҳаракат “Ишонч телефони” мунтазам равишда фаолият олиб борилаётганлиги йиғилишда алоҳида таъкидланди. Ҳисобот даврида “Ишонч телефонига” фуқароларимиздан 500 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида, атроф муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ободонлаштиришга масъул давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мутахассисларини жалб этган ҳолда 100 га яқин экологик рейдлар ташкил этилди.

2017 йил Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев  томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Экоҳаракатнинг “Ишонч телефони” хизмати асосида Экоҳаракатнинг “Фуқаролар қабулхоналари”  ташкил этилди.

Ҳисобот даврида телерадио каналлар орқали 3000  дан зиёд материаллар эфирга узатилди. Босма оммавий ахборот воситаларида эса Экоҳаракат ва унинг мақсад ва вазифалари йўналишида 2000 дан ортиқ  хабар ва мақолалар эълон қилинди. Экоҳаракатнинг веб-сайтига ушбу мавзуларда 1400 дан зиёд материаллар жойлаштирилди.

Ҳисобот даврида, мактаб ўқувчилари ўртасида Республика “Онажоним табиат”, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига турли соҳадаги бўлғуси мутахассислар эътиборини жалб этиш мақасадида олий ўқув юртлари талабалари ва магистрлари ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя – 2015 - 2016”, “Тиббиёт, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва экология” ҳамда 14-Республика Экожурналистика танловлари юқори савияда ташкил этилди.

2016 йилда Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида тайёрланган “Атроф муҳит муҳофазаси соҳасида Экоҳаракат ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаларининг 2016 йил ҳамкорлик Режаси”га асосан деярли барча ҳудудий бўлинмалар томонидан долзарб экологик масалаларга қаратилган 11 дан зиёд таҳлилий материаллар тайёрланди.

Ҳисобот даври якунлари таҳлили Ўзбекистон экологик ҳаракати ўз дастурий мақсад ва вазифалари йўналишидаги фаолиятда сезиларли ютуқларни қўлга киритганлигини кўрсатиб турибди. Муҳими, ўтказилган тадбирлар мазмун жиҳатидан бой ва сермаҳсул бўлиб, уларнинг самарадорлигини  бирмунча оширишга эришилди. Энг асосийси, ҳисобот даврида Экоҳаракат фаолиятида атроф муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, экологик масалаларда ҳалқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида муваффақиятлар босқичи бўлганлиги йиғилишда алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда Экоҳаракат томонидан Парламент комиссиясига жойларда ҳудудий бўлинмалар фаолиятини кучайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жойлардаги локал экологик муаммоларни самарали ҳал этишда ҳудудий бўлинмалар имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.

Шу билан бирга Парламент комиссияси аъзолари томонидан Экоҳаракат ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказилаётган тадбирларни самарадорлигини оширишни  таъминлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғилишда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида Парламент комиссиясининг қарори қабул қилинди. 

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди