Жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациянинг 2016 йил мобайнида амалга оширилган фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи хамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2017 йилдаги фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда ЎзННТМА раҳбарлари ва ходимлари, Ассоциация таъсисчилари, Кенгаш аъзолари, Ўзбекистон ННТларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ходимлари, экспертлар ҳамда босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2016 йил мобайнида Ассоциация томонидан мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда услубий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳисобот даврида ҳудудий ННТларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган 75 та тадбир ўтказилди.
Ассоциация ўз фаолиятини 4та асосий йўналишда – аёллар ва ёшлар, ижтимоий-гуманитар, экология, иқтисод, таълим ҳамда ҳуқуқий йўналишларда олиб борди.
Матбуот анжумани давомида маърузачилар томонидан Ассоциация ҳузурида тузилган турли эксперт ва маслаҳат кенгашлари, ишчи гуруҳлари фаолияти атрофлича ёритиб берилди. Жумладан, Ассоциация қошида тузилган Ногиронлик масалалари бўйича маслаҳат кенгаши аъзолари Ассоциациянинг бу борадаги фаолиятини ижобий баҳоладилар ва 2017 йил учун маслаҳат кенгашининг устувор йўналишларни белгилаб ўтдилар.
Жойларда давлат органлари ва ННТлар ўртасидаги амалий мулоқотни ўрнатиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий шериклик муносабатлардаги механизмларни такомиллаштириш мақсадида Ассоциация томонидан 28 та меморандум, 25 та келишув, 15 та ҳамкорликдаги тадбирлар режаларини тузишда кўмак берилди.
Айтиш жоизки, щтган давр мобайнида Ассоциация томонидан ўз ташаббуси билан ташкил этилган ННТларни манфаатини давлат органлари олдида ифода этиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилди, улар фаолиятига доир муаммоларни бартараф этиш юзасидан давлат органларига 42 та мурожаат ва таклифлар киритилди. Жумладан, йил давомида Ассоциация доимий равишда ўз аъзолари ва бошқа бир қатор ННТ вакилларига 96 та ҳуқуқий, 120 дан ортиқ ахборот-услубий ва 330 дан ортиқ консультатив кўмак кўрсатиб келди. Ассоциация 2017 йилга Устав вазифалардан келаб чиқиб ўзининг устувор вазифаларини белгилаб олди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони мақсад ва вазифаларини аҳоли, кенг жамоатчилик орасида тарғиб этиш, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис, тўлиқ маълумотни аҳолига тезлик билан етказилишини таъминлашда фаол иштирок этиш.
Шунингдек, йил давомида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, жамоат ислоҳотлар асносида халқаро жамғармаларнинг маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, маҳалий ННТларнинг халқаро алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида чет эл вакиллари билан бир қатор учрашувлар ташкил этилди ва ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Анжуман давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди ўзаро ҳамкорлигида 2016 йилнинг декабрь ойида эълон қилинган “Аёллар ва ёшлар манфаатини ифода этувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ёритган энг яхши таҳририят ва журналист” ва “2016 йилнинг энг яхши ижтимоий ахамиятга молик лойихаси” танловлари тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад – “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да белгиланган вазифаларни амалга оширишда ОАВ иштироки ва ролини ошириш, журналистларни рағбатлантириш орқали фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасидаги давлат сиёсатини ёритишга кўмаклашишдан иборат. Жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти органлари, тадбиркорлик субъектлари билан соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли, жумладан, ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш каби муҳим ижтимоий аҳамиятга молик масалалар ечимига йўналтирилган давлат дастурлари ижросини таъминлашдаги самарали ҳамкорлигини ОАВда янада кенгроқ ёритилиши ҳамда оммалаштирилишини рағбатлантиришдан иборат.
Танловга таҳририят ва журналистлар томонидан тақдим этилган ижодий ишлар кўлами ва мазмуни шуни кўрсатадики, кейинги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш, давлат дастурларни бажаришдаги ўрни ва масъулияти ортган. Хусусан, бу ташкилотлар томонидан соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли, жумладан, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларини фаол иш олиб борилётгани қувонарли ҳол. Бу ташкилотлар фаолиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб этишда ОАВ ўрни катта экани қайд этилди.
Шунингдек, журналистларнинг соҳа ривожига қўшаётган ҳиссасини муносиб баҳолаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташкилотчилар томонидан яхши анъанага айлантирилган.
Мазкур танловга мамлакатимизда фаолият юритётган 30га яқин таҳририят ва журналистларнинг 400 дан ортиқ ижодий материаллари келиб тушган. Ғолиблар танлов якунига кўра дипломлар, кимматбаҳо совринлар билан такдирланди. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда уч томонлама, яъни, давлат ҳокимияти органлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга самарали таъсир кўрсатади.