Тошкент вилояти “Ижтимоий ҳимоя” жамияти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Тошкент вилояти Ресурс маркази томонидан жорий йилнинг 8 февраль куни Охангарон туманига қарашли политехника касб-ҳунар коллежида “Соғлом оилага – маънавияти соғлом авлод билан” лойиҳаси асосида семинар ташкил этилди.
Ушбу тадбирда туман тиббиёт бирлашмалар шифокорлари, маҳаллалар фаоллари ва коллеж ўқувчилари иштирок этди. Лойиҳанинг асосий вазифалари вилоят аҳолисининг тиббий билимини ошириш, ёшлар орасида қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳни олдини олиш, ёш оналарнинг соғлом фарзандни дунёга келтириш йўлидаги тавсиялар ҳақида тиббий маслаҳатлар бериш каби вазифаларни ўз ичига олади.
Давлатимиз сиёсатининг устувор масалаларидан бири бўлган соғлом оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида сўнги йилларда кўплаб ижтимоий ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан вилоятимизда ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ташкил этилган тадбир ҳам шулар жумласидандир.
- Аҳолининг репродуктив саломатлиги мустаҳкам бўлиши, жисмоний ва манавий баркамол авлодни вояга етказиш борасида нафақат жамоат ташкилотлари балки биринчи галда оила, ота-она масъулдир, – дейди “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Унсиной Мудинова. – Бу йўналишда яхши натижаларга эришиш учун маҳалла фаоллари ҳам ўз меҳнатини аямайди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга грант лойиҳаси асосида тайёрланган махсус дастурий қўлланма ва буклетлар тарқатилди.
Абдулазиз МУСАЕВ,
“Тошкент ҳақиқати” мухбири.