Пойтахтимизда "Ижтимоий инклюзия: болалар ижтимоий мослашувидаги янги ёндашувлар" мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

"Sen yolg'iz emassan" республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ЮНИСЕФ ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда сенаторлар, депутатлар, олимлар, экспертлар, педагоглар, хорижлик мутахассислар иштирок этди.

"Sen yolg'iz emassan" республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Л.Каримова-Тиллаева, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Грауманн ва бошқалар Ўзбекистонда ёш авлод манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий соҳаларда ҳаётга изчил татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг моддий-техник базасини янада яхшилашда, уларда болаларнинг безавол ўсиб-улғайиши, ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим омил бўлмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида оилалардаги маънавий муҳитни мукаммал ўрганиш, болалар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида ҳам ижтимоий ҳимоя, ёшлар камолоти билан боғлиқ долзарб масалалар акс этган.

Тиббий имконияти ва эҳтиёжидан қатъий назар, барча болаларнинг биргаликда таълим олиши, жамиятга интеграциялашувига оид жиҳатлар ижтимоий инклюзиянинг таркибий қисмидир. Мамлакатимизда бу йўналишни янада такомиллаштиришга доир бир қатор маърифий-ижтимоий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши билан бирга умумтаълим мактабларида инклюзив таълим учун зарур барча имкониятларни яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жиҳатлар таълим масканларида махсус йўлакчалар қуриш, синфхоналарни зарур воситалар билан жиҳозлаш, педагогларнинг касб маҳоратини ошириш, кенг жамоатчилик, ота-оналар, болаларни инклюзив таълимга тайёрлашда акс этмоқда.

Мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари ҳамда жамоат тузилмалари ўртасидаги мустаҳкам ижтимоий ҳамкорликнинг кенг йўлга қўйилгани ушбу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. "Sen yolg'iz emassan" жамғармаси ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, тиббий имконияти турлича бўлган болаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий манфаатларини таъминлаш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда.

– Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълимга доир лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс. – Бунинг асосий омили мамлакатингизда ижтимоий ҳамкорлик механизмларининг пухта йўлга қўйилгани, муҳим ҳуқуқий асоснинг яратилганидадир.

– Инклюзив таълим, ижтимоий инклюзияда психологик жиҳатларни эътиборда сақлаш ғоят муҳимдир, – дейди австриялик эксперт, болалар психологи Юрген Беккер. – Чуқур таҳлил асосида аввало болаларнинг фикрини ўрганиш, ота-оналар, педагоглар билан мулоқотлар инклюзив таълимга тўғри ёндашув йўналишларини белгилашда муҳимдир. Ўзбекистонда инклюзив таълим бўйича амалга оширилган лойиҳада ушбу жиҳатлар яққол кўзга ташланади.

Анжуманда ижтимоий инклюзиянинг асосий йўналиш ва истиқболлари, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари, ижтимоий инклюзиянинг психологик асослари, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга оид масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

 

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди