2016 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожланишининг устувор вазифалари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. 

Тадбирда Ассоциация фаоллари, ресурс марказлари раҳбарлари, экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан мамлакат Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш муносабати билан Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқиб, ННТлар олдида турган устувор вазифаларни белгилаш, шунингдек, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига таклифлар ишлаб чиқиш.

Мақсаддан келиб чиқиб, тадбир давомида қўйидаги вазифаларга урғу берилди:

– қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга бўлишни таъминлашга аҳолининг кенг қатламларини жалб қилган ҳолда жамоат экспертизаларини ўтказиш;

– қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини кучайтириш, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш орқали мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, ҳамда чет эл инвесторларининг ишончини ошириш;

– қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказишга қаратилган тадбирлар ва мулоқотлар ташкил этиш;

– қонунларнинг ижросини таъминлаш, қонун талабларига қатъий амал қилишнинг аниқ механизмларини яратиш, бунда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида жамоат эшитувлари, жамоат мониторингларини ўтказиш;

– суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

– давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш  мақсадида парламент қўмиталарининг ахборот-таҳлилий ишларида ННТлар иштирокини таъминлаш;

– жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтириш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларин самарали давом эттириш;

– мамлакатни ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва бажарилишида ННТлар ва фуқоралар иштирокини янада кучайтиришга каратиш, ижтимоий шерикликнинг шакл механизмларини такомиллаштириш масаласи иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Юқоридаги барча фикрлар Конституция қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишида ҳамда 14 декабрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқида ўз ифодасини топди. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясининг Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, жамоат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётганлиги “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётганлигига ёрқин мисол бўла олади.   

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари давлат ва жамият қурилишининг долзарб масалаларини ҳал этишда “учинчи сектор”ни янада ривожлантиришдаги устувор йўналишларни мухокама этдилар.      

Тадбир иштирокчилари томонидан ННТларга солиқ солиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, нодавлат сектори учун кадрлар тайёрлаш инфратузилмасини ташкил этиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини янада ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлани қабул қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.  

Тадбирда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, қабул қилинган қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижроси устидан тасирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.   

Шу билан бирга, ННТлар томонидан аҳоли ўртасида оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, маърифий ва тарғибот ишларини кучайтириш, аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, халқлараро дўстлик ва бирдамликни, фуқаролар тотувлигини, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоялашни янада мустаҳкамлаш, ёшларни иш билан таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни, касаначилик соҳасини ривожлантириш, ёш авлодни ватанга муҳаббат руҳида камол топтириш борасидаги ишларни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Тадбир давомида Ассоциациянинг Жиззах, Хоразм ва Навоий вилоятлари ресурс марказлари раҳбарлари фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Тақдирлашда асосий мезонлар сифатида ресурс марказлари фаолиятининг ОАВ (теле-радио ва газеталарда) ёритиб борилиши, жойлардаги ижтимоий шериклик Жамоат ва бошқа комиссиялардаги иштироки, аъзолар билан ишлаш, Ассоциация аъзолари сафини кенгайтириш, кўрсатилаётган доимий ахборий-услубий маслаҳатларнинг сон ва сифат даражаси ва бошқалар белгиланди.

Тадбир якунида ишлаб чиқилган таклифлар 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига киритиш учун республика Вазирлар Махкамасига тақдим этилиши таъкидлаб ўтилди.    

Бундан ташқари, иштирокчилар томонидан билдирилган таклифларга асосан, 2017 йил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва гуманитар ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини ҳал этишда ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича Комплекс дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

ЎзННТМА ахборот хизмати

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди