Жорий йилнинг 25 декабрь куни Тошкент қурилиш-коммунал касб-ҳунар коллежи биносида Тошкент шаҳар “Билол-Каратэ” спорт клуби томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди, Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси Тошкент шаҳар Ресурс маркази ҳамда Тошкент шаҳар Маданият ва Спорт ишлари бош бошқармаси ҳамкорлигида “Мен Каратэ спорт турини танладим!” номли спорт тўгарагининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Тошкент шаҳар Учтепа тумани Маданият ва Спорт ишлари бош бошқармаси вакиллари ҳамда ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Мазкур спорт тўгарагининг асосий мақсади – ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини мустаҳкамлаш, жисмоний маданият ва каратэ спорт турини оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодни алкоголизм, гиёҳвандлик, аҳлоқсизлик, паст савияли “оммавий маданиятнинг” салбий таъсирлари, таҳдидларидан асрашдан иборат.
Мамлакатимизда жамоат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича шакллантирилган тизим катта самара бермоқда. Бугунги кунда қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан молиялаштирилган юзлаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
2016 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан «Фуқаролик жамияти институтларининг жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш» мавзуида ўтказилган 4-давлат гранти танловида Тошкент шаҳар “Билол-Каратэ” спорт клуби, ўзининг ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳаси билан фаол иштирок этиб, 25 млн. сўм миқдорида грант соҳибига айланган. Бугунги спорт тўгарагининг очилиш маросими ҳам мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилди.
Тадбирга таклиф этилган мутахассислар томонидан таъкидлаб ўтилдики, юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Бунда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни ва қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.
Тадбир давомида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунга асосланиб, Тошкент шаҳар “Билол-каратэ” спорт клуби ва Тошкент шаҳар Учтепа тумани маданият ва спорт ишлари бўлими ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Тадбир ёш каратэ спортчиларининг чиқиш (намойиш)лари билан давом этди, бу эса ўз навбатида иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир якунида ёш каратэ спортчиларига махсус совғалар топширилди.