Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти Ресурс маркази ҳамкорлигида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бош қомусимиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш, ижтимоий-иқтисодий, таълим-тарбия, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларни изчил ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлар халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, юртдошларимизнинг жамиятда кечаётган демократик жараёнларга дахлдорлик туйғусини янада оширишга хизмат қилмоқда. Бу жорий йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам ўз ифодасини топди.
– Бош қомусимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий тамойиллар белгилаб қўйилгани уларнинг ривожланиши учун қулай имконият яратди, – деди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси Отабек Шодиев. – Айни пайтда вилоятда 600 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Улар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлашда фаол иштирок этаётир. Масалан, бугунги кунда 15 ННТ “Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ва ҳудудий дастурлар ижросига жалб этилиб, ижтимоий шериклик асосида давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаётир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар, ҳуқуқий мавзудаги асарлар кўргазмаси намойиш этилди.