“Saylov.uz – 2016” пресс-клубида 2 декабрь куни ижтимоий реклама миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий кузатувчилар, маҳаллий ва чет эл ОАВ ходимлари иштирок этди.
Мазкур танлов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Марказий сайлов комиссияси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, “Uzreport TV”, “Zo’r TV” нодавлат телеканаллари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Парламент комиссияси раиси А.Саидов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва изчил ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор самарасида нодавлат телерадиостудиялар сафи кенгайиб, улар томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар салмоғи тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Аҳолининг тезкор ва холис ахборот олишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, телекўрсатувларнинг мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида нодавлат оммавий ахборот воситалари таркибида интернет-радио, интернет-телевидение тармоғи шаклланиб, самарали фаолият кўрсатаётир.
Давлатимиз томонидан электрон оммавий ахборот воситалари доимий рағбатлантирилаётгани соҳа вакилларини янги-янги ютуқларга ундамоқда. Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий танлови шундай лойиҳалардан бўлиб, у жамият ҳаётининг турли жабҳаларида кечаётган ислоҳотларни ижтимоий ролик, реклама ва бошқа воситалар ёрдамида халқимизга етказишда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган муаллифларни аниқлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган.
Танловда сараланган маҳсулотлар ўзининг долзарблиги, ижтимоий муаммоларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиши билан қизиқиш уйғотмоқда. Лойиҳа ҳудудий телестудиялар ижодий-техник ходимларининг касб маҳоратини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Жорий йилда танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида ўтаётгани эътиборга молик. Шу боис икки номинация бевосита сайлов мавзуига бағишланди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан танловга 100 дан ортиқ телевизион ва 200 га яқин радиоролик тақдим этилди.
Тадбирда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Менинг Ўзбекистоним” мавзусидаги энг яхши ижтимоий ролик”, “Аҳолининг, хусусан, ёшларнинг сайловга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган энг яхши ижтимоий ролик”, “Фуқароларни сайлов жараёнларида фаол иштирок этишга чорловчи энг яхши ролик” номинациялари бўйича энг яхши ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш йўли билан аниқланди. Ғолиб ва совриндорларга статуэтка, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.