хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси ташаббуси билан  аёллар жамоат ташкилотлари форуми бўлиб ўтди. Аёллар жамоат ташкилотларининг мамлакат тараққиётидаги ролини ошириш, улар фаолиятини янги сифат босқичига олиб чиқиш ҳамда ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, журналистлар қатнашди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни тобора яқинлашаётган айни чоғда ушбу форумнинг ўтказилиши бежиз эмас. Аёнки, мана шундай қизғин жараёнда юртимиз аёллари ўзларининг фаол фуқаролик позициясини намоён қилмоқда, шу билан бирга, улар сайлов кампаниясининг демократик тамойилларга мувофиқ уюшқоқлик билан олиб борилиши, аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, барча сайлов участкасида муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Форумда таъкидланганидек, опа-сингилларимизнинг сайловолди тадбирларидаги фаоллиги уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётидаги мавқеи ошиб бораётганидан далолат беради. Бинобарин,  мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ишлари бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш миллий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон аёллари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтга келиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд хотин-қизлар улуши 48 фоизга етди. Ижро ҳокимияти органлари тизимида ишлаётган аёллар сафи ҳам сезиларли равишда кенгайиб бораяпти. Халқ таълими вазирлиги юқори бўғинларида улар сони 71, соғлиқни сақлашда 62 фоиздан ошгани эътиборлидир.

Сўнгги йилларда республикамиз сиёсий партияларида хотин-қизлар фаоллиги кўзга яққол ташланаётганини ҳам айтиш жоиз. Чунончи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоларининг 46 фоизи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал--демократик партияси аъзоларининг 37,3 фоизи аёллардан иборат. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон Халқ демократик партиясида 48, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясида 51 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида хотин-қизлар сони ортиб бораяпти. 2014 йилги сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатаси депутатлигига 24  нафар (16 фоиз) аёл сайланган бўлиб, улар орасида 9 нафар фан номзоди, 7 нафар ҳуқуқшунос бор. Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг 23 фоизи аёллардир.

Шу кунларда сайлов жараёнини ёритаётган оммавий ахборот воситаларида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги юқори даражада эканига алоҳида урғу берилмоқда. Чиндан ҳам, юртдошларимиз округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари сифатида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келаяпти. Қолаверса, рўйхатга олинган 21,4 миллион нафардан ортиқ сайловчиларнинг 10,5 миллиондан зиёдини опа-сингилларимиз ташкил этади ва улар сафида 270 мингдан ортиқ қизлар биринчи марта овоз беради. Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 7 октябрда тасдиқланган сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури асосида бу сайловчилар билан кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

— Ушбу Дастур доирасида бугунги кунга қадар Қўмитамиз томонидан жойларда 19 мингдан зиёд семинар, давра суҳбати, учрашув ва мулоқотлар ўтказилди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси Дилноза Каттахонова. — Уларда бир миллион нафардан зиёд хотин-қизлар қамраб олинди. Бундай тадбирлар ҳозирги пайтда ҳам давом эттирилмоқда ва асосан, уй бекалари, кекса ёшдаги аёллар, -фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолларини жалб этишга катта аҳамият берилаётир. Буларнинг барчаси аёлларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, айни жабҳада чуқур ўйланган сиёсатни рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Иштирокчилар юртимизда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари аёллар ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, улар бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, пировардида ҳаётидан мамнун бўлиб яшашлари учун кўмаклашишда ташаббус кўрсатаётганини қайд этдилар. Бу борадаги ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни бажаришда ННТ давлат органларининг ишончли шеригига айланаётгани, салмоқли лойиҳаларни  амалга ошириш баробарида, жамоатчилик назорати институтидан самарали фойдаланаётгани эътирофга лойиқ, албатта. Айни вақтда юртимиздаги 8 минг 400 дан зиёд ННТнинг 300 га яқини, асосан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадига қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётир.

Аёллар жамоат ташкилотлари кўмагида хотин-қизлар нафақат муаммоларига ечим топаяпти, балки ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятига ҳам эга бўлмоқда. Мазкур нодавлат тузилмалар аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш, уларда лидерлик қобилиятини,  замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш ва бошқа долзарб йўналишларда фаолият олиб бораяпти. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан республикамизнинг саккиз ҳудудида аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари очилганини келтириш мумкин. Турмушда турли салбий ҳолатларга, руҳий тушкунликка учраган опа-сингилларимизга суянч бўлаётган бу марказларга жорий йилнинг тўққиз ойида 6 минг 400 нафардан зиёд аёллар мурожаат қилди. Уларнинг қарийб 5 минг 700 нафарига ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

— Марказимизда психолог, ҳуқуқшунос ва ижтимоий хизмат кўрсатиш ходими фаолият юритади, — дейди Жиззах вилоятидаги “Қалб нури” ННТ мутахассиси Ширин Ибрагимова. — Шу йилнинг уч чорагида бизга мурожаат қилган 400 нафарга яқин аёлларга тегишли ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 87 нафарига психологик кўмак берилди, 147 нафари ҳуқуқий маслаҳат олди, 48 нафарини иш билан таъминлашга муваффақ бўлдик. Бу ерда “Ишонч телефони” ҳам ишлайди. Жорий йилда марказимиз Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грантини қўлга киритди. Эндиликда ушбу грант эвазига аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тиббий маданиятни ошириш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш мақсадлари кўзланган лойиҳани амалиётга татбиқ этмоқдамиз.

Форум давомида хотин-қизлар ўртасида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ёш авлодни диний экстремизм ва фанатизм, гиёҳвандлик каби турли иллатлардан, салбий таъсирлардан  ҳимоя қилиш борасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Иштирокчилар шуъбаларга бўлиниб, Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишида ҳамда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётда хотин-қизларнинг нуфузини ошириш, бандлиги ва ижтимоий муҳофазасини кафолатлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шериклиги каби масалаларни муҳокама этдилар.

Айниқса, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, касаначилик ва бошқа қулай меҳнат турларини йўлга қўйиш орқали улар учун янги иш жойларини яратиш устувор вазифа экани айтиб ўтилди. Зеро, доимий иш жойи ва муқим даромад манбаига эга бўлиш ҳар бир аёлга ижтимоий фаоллиги, ҳаётий позициясини намоён этишида ҳал қилувчи омил саналади.

Бугун аёлларнинг қизиқишлари, таклифлари ва уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, шу асосда иш олиб бораётган жамоат ташкилотларининг қуйи бўғинлари фаолиятини жонлантириш, ташаббусларини муносиб рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди. Хотин-қизлар қўмиталари жамоатчилик билан ишлашда очиқлик, ошкоралик ва ҳисобдорликни таъминлаши ғоятда муҳимлиги айтиб ўтилди.

Форум доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тегишли йўналишларда ижтимоий шериклик бўйича Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Марказий банки билан қўшма қарорлар имзолади.

— Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш, тадбиркор аёлларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга доир манзилли чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда, — дейди Марказий банкнинг Тижорат банкларининг инвестициялар портфелини мониторинг қилиш департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Мухтор Шоназаров. — Охирги ўн йилда тадбиркор хотин-қизлар бизнес фаолиятини ривожлантириш мақсади учун 5 триллион сўмдан ортиқ кредит ажратилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ишбилармонлик лаёқатига эга сингилларимизга кўмаклашиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар натижасини яққол кўрсатди. Юқори савияда ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичларида тўрт ярим минг нафардан ортиқ қизлар ўз бизнес лойиҳалари билан қатнашди. Лойиҳаси юқори баҳоланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олган 82 иштирокчи сертификат ва имтиёзли кредитга эга бўлди. Табиийки, ижтимоий шерикликдаги бу каби хайрли ишлар хотин-қизларимиз бандлигини, уларнинг оилаларида фаровон турмуш барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда аёллар жамоат ташкилотлари шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёнида ва сайлов куни хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи опа-сингилларимиз фаол қатнашиши учун уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан ўзаро ҳамкорликка асосланган вазифаларни белгилаб олдилар.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди