Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги энг юқори демократик стандартларга мос бўлиб, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида зиммасига олган мажбуриятларига тўла жавоб беради.
Аввало, ушбу қонунчилик асоси инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, шу жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини кафолатлайди. Бу ҳуқуқлар дастлаб БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда акс этган бўлиб, кейинчалик БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳужжатларида янада ривожлантирилди.
Иккинчидан, унда демократик сайловларни ўтказишнинг аниқ тартиб-таомили белгиланган бўлиб, сайлов тизимининг барча жиҳати қамраб олинган. Сайловнинг ҳуқуқий асослари аниқ, изчил ва содда тузилган. Мазкур соҳадаги барқарор қонунчилик эса сайлов жараёни иштирокчилари учун аниқликни таъминлаши билан жуда аҳамиятлидир.
Учинчидан, ушбу ҳуқуқий асос жамиятнинг барча қатлами манфаатлари инобатга олинган ҳолда, очиқ ва ошкора ишлаб чиқилган бўлиб, турли сиёсий партиялар, номзодлар томонидан ҳам, сайловчилар томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Тўртинчидан, бу ҳуқуқий тизим ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ҳамда мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ҳамда хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқини таъминлайди ва фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига хизмат қилади.
Масалан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда, фуқаролар сайлов ҳуқуқларига риоя қилишнинг муҳим кафолатлари сифатида қуйидаги асосий -тамойилларни белгилайди:
Сайловнинг очиқлиги ва ошкоралиги. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни мустақил сайлов комиссиялари холис, очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Сайловни тайинлаш, унга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга доир қарорлар расмий эълон қилинади, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган тартиб ва муддатларда жамоатчилик эътиборига етказилади. Бу, ўз навбатида, сайловнинг миллий ҳамда халқаро кузатувини амалга ошириш учун кенг имконият яратади.
Эркин сайловлар. Фуқаролар сайловда эркин ва ихтиёрий равишда қатнашадилар. Ҳеч кимнинг уларни муайян бир номзодни ёқлаб ёки унга қарши овоз беришга мажбур қилишга ҳаққи йўқ. Шу билан бирга, ҳеч ким фуқарога уни сайловда иштирок этишга мажбурлаш мақсадида ҳамда унинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳақли эмас. Президент сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Бюллетенларни тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа бирон-бир кишининг ҳозир бўлиши тақиқланади.
Ҳаққоний сайловлар. Сайловлар фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдириши ва уни бевосита амалга оширишини таъминлайди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун сайловчиларга номзодларни танлаш имкониятини беради. Ҳозирги кунда мамлакатимизда сиёсий плюрализм, ғоялар хилмахиллиги ҳамда кўппартиявийлик амалда тўлиқ таъминланган. Сайловлар кўппартиявийлик асосида ўтказилади. Сайлов муддати ва тартиби Президентликка номзодларга, сайлов жараёни иштирокчиларига кенг кўламли ҳамда тўлақонли сайловолди ташвиқотини олиб бориш имконини беради.
Юртимизда ҳаққоний сайловни ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратилган. Рўйхатга олиш тартиби аниқ ва тушунарли қилиб таърифланган. Унда ким учундир имтиёз бериш ёки кимнидир чеклаш учун асос бўладиган шароитлар кўзда тутилмаган. Овозларни санаб чиқиш, овоз бериш якунлари ҳамда сайлов натижаларини сохталаштириш, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш қонун билан тақиқланган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида сайловни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари қоида ва тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Адолатли сайловлар. Сайловларнинг адолатлилиги тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга тенг ҳуқуқий шароит таъминланади. Бу, авваламбор, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқида, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этишда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятларни яратишда кўзга ташланади. Шу билан бирга, сайловни, номзодларнинг сайлов кампаниясини адолатли ва ошкора молиялаштириш, сайловнинг барча тадбирини расмий эълон қилиш орқали овоз бериш натижалари ҳақида тўлиқ ва тезкорлик билан хабардор қилиш, қолаверса, очиқ ҳамда ошкора, жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар назорати остида фаолият юритадиган мустақил сайлов комиссиялари томонидан сайлов жараёни ташкил қилиниши ҳам адолатли сайлов гарови ҳисобланади. Қолаверса, фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сайлов кампанияси бошқа иштирокчиларининг ушбу сиёсий тадбир доирасида ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги юзасидан шикоятлари судлар, бошқа ваколатли органлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан тезкорлик билан самарали кўриб чиқилиши эса ушбу тамойилни амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Мустақил сайлов комиссиялари томонидан сайловларни ўтказиш. Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ҳамда -эркинлигини таъминлаш, шунингдек, уларга риоя этилишини назорат қилиш Конституция ва қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида холис фаолият юритадиган мустақил сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилади. Конституциямизнинг 117-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси -Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ҳамда адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.
Сайлов комиссияларини шакллантириш, уларнинг ваколатлари ва фаолиятини амалга ошириш қонун билан белгиланади. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда сайлов комиссиялари тизими, уларнинг ваколатлари, фаолиятини ташкил қилиш муддати мустаҳкамланган.
Марказий сайлов комиссияси фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги алоҳида Қонун билан тартибга солинади. Тегишли сайлов комиссияларининг ўз ваколатлари доирасида қабул этган қарорлари барча давлат ва жамоат идоралари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг ижро этиши учун мажбурийдир. Давлат ва жамоат идоралари, сиёсий партиялар идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларининг ўз ваколатларини амалга оширишларига кўмаклашишга, уларнинг иши учун зарур маълумот ҳамда материалларни тақдим этишга мажбурдирлар.
Сайловни ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов кампаниясини давлат томонидан молиялаштириш. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Давлат сайловда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўз сайлов кампаниясини молиялаштириш учун бюджет маблағларининг қонунларда кўзда тутилган ҳолатларда ва тартибда адолатли ажратилишини таъминлайди. Президентликка номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ҳамда ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари, жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини сайлов ўтказиш учун ихтиёрий равишда беришлари мумкин. Бу маблағларни Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади. Бунда сайловда иштирок этаётган номзодлар, сиёсий партиялар сайлов кампаниясини бирор-бир хорижий маблағлар асосида молиялаштириши тақиқланади.
Сайлов кампаниясини ёритишга, номзодлар ва сиёсий партияларга ташвиқот фаолиятини олиб боришга давлат томонидан ахборот кўмаги берилиши. Давлат сайлов, номзодлар ҳақида ахборотни излаш, тўплаш, тарқатиш эркинлигини, оммавий ахборот воситаларида сайловнинг холис ёритилишини таъминлайди. Қонунчиликка мувофиқ, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатилиши, уларнинг сайловолди дастурлари, сайлов кампаниясининг бориши ҳамда овоз бериш якунлари ва сайлов натижалари ҳақида аҳолини хабардор қилади.
Давлат фуқароларга, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини қонун рухсат берган барча тур, шакл ва усулларда, шунингдек, қонунда кўзда тутилган тартиб ҳамда муддатларда эркин олиб боришни таъминлайди. Қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, барча номзодга ўз сайловолди ташвиқотини олиб бориш, шу жумладан, Сайловолди дастури қоидаларини кенг тарғиб қилиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда адолатли ва тенг шароитлар таъминланади. Айни пайтда оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Президент-лигига номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Миллий, хорижий ва халқаро кузатувчилар иштироки. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ҳар бири қонун билан белгиланган тартибда ҳар бир сайлов участкасига биттадан кузатувчи тайинлашга ҳақли. Улар овоз бериш хоналарида кузатувни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан белгиланган.
Халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштироки сиёсий тадбирнинг очиқ ҳамда ошкоралигига, давлатнинг халқаро мажбуриятларга риоя этишига хизмат қилади. Уларнинг фаолияти халқаро ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Халқаро кузатувчилар давлат ҳудудига қонунда белгиланган тартибда киришга рухсат олади ҳамда тегишли таклифнома бўлган тақдирдагина Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади. Марказий сайлов комиссияси бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга ўрнатилган намунада мандат беради. Бундай мандат халқаро кузатувчига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш даврида кузатувни амалга ошириш ҳуқуқини беради. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг 5-моддасида сайлов кампанияси бошланишидан овоз бериш натижалари эълон қилингунгача бўлган даврдаги барча жараённи кузатишга рухсат берилиши кафолатланган. Бу халқаро амалиётда жуда кам учрайдиган мажбуриятлардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ва жавобгарлик. Фуқаронинг сайлов ҳуқуқ ҳамда эркинликлари бузилган ҳолатда жабрланган шахс ёки шахслар мустақил судларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тақиқланган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)ни содир этган айбдор шахслар қонунларга мувофиқ, жавобгарликка тортилади. Бунда сайлов қонунчилиги бузилганлигига оид шикоят ҳамда аризалар уч кун ичида, сайлов куни келиб тушса, дарҳол кўриб чиқилади.
Камситмаслик тамойили ва камситиш деб ҳисобланмаслиги керак бўлган чоралар. Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига оид юқорида зикр этилган ҳуқуқ ҳамда эркинликлари қонун билан чекланиши -мумкин. Агар бунда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суднинг ҳукмига мувофиқ, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини чеклаш кўзда тутилса, у ҳолда бу камситиш хусусиятига эга чора сифатида кўрилмайди.
Сиёсий партиялар ташкил этилиши ва фаолиятига боғлиқ ҳолда номзодлар кўрсатилиши ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш кўзда тутилиши мумкин. Бу чеклашлар ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ҳамда мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб амалга оширилмаслиги керак. Чеклашлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун билан белгиланиши мумкин ҳамда миллий хавфсизлик, жамоат тартибини сақлаш, жамият фаровонлиги йўлида, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадидагина асосли қўлланилиши мумкин. Энг муҳими, бундай чеклашлар давлатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ бўлиши лозим.
Акмал САИДОВ,
юридик фанлар доктори, профессор.
манба:http://xs.uz/