Жорий йилнинг 15 ноябрь куни “Пойтахт” бизнес марказининг “Учқудуқ” мажлислар залида “Маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг самарали тизимини шаклллантириш: бугунги ҳолат ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Иқтисодий тадқиқодлар маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштиришда илмий ёндошиш, мазкур масалага кенг илмий доира вакиллари эътиборини жалб этиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлашда ННТ фаоллигини ошириш, ижтимоий шерикликнинг турли йўналишларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда ННТлар муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вакиллари, вазирликлар, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, ёш мутахассислар ҳамда мустақил изланувчилар, ННТ раҳбарлари ва фаоллари, ОАВ муҳбирлари иштирок этди. 

Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида тўхтаб ўтилди. Ҳусусан, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишдаги аҳамияти иштирокчилар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Айтиш жоизки, фуқаролик жамиятининг бундай тузилмаларига ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида 2008 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ва мазкур фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.

2010 йили “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” қабул қилиниши билан, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик институтларининг иштирокини кенгайтириш, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.  Жумладан, 2015 йилнинг 1 январидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни мамлакатани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ННТ ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларнинг аниқ чегарасини белгилаб берди.

Ушбу қонуннинг амалий рўёби сифатида Ўзбекистон Респбуликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламант комиссиясининг янги таркиби қайта шакллантирилди, Парламент комиссияси фаолияти тўғрисидаги ҳамда  Ўзбекистон Респбуликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди низомларининг янги таҳрири қабул қилинди. Қолаверса, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат гранти, ижтимоий буюртмаси ва субсидияларини ажратиш тартибини белгиловчи янги таҳрирдаги низомлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Шу билан бирга, мамлакатнинг барча ҳудудларида жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда ННТларнинг давлат органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳалқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари ташкил этилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айни вақтда ижтимоий шериклик асосларини ўрганишда илмий ёндошиш, давлат ва жамият бошқарувида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини кенгайтириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ёш тадқиқотчи олимлар диққат марказида турмоқда.

Тадбир давомида кўтарилган масалалар қуйидаги 3та сессия доирасида очиб берилди:

– давлат ва жамият қурилишининг долзарб вазифаларини ҳал этишда ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштириш;

– аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлиги ва ижтимоий муоҳофазасини таъминлаш соҳасида ННТ ва давлат органларининг ижтимоий шериклиги;

– ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг мавжуд усулларини ривожлантириш орқали аҳолининг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини ишириш.

Биринчи сессия иштирокчиларининг асосий эътибори ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди, жумладан улар томонидан жойлардаги халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиясилари фаолиятини янада ривожлантириш, давлат бошқаруви органлари ҳузурида жамоат кенгашларини тузиш ҳамда ННТ ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва касбий малакасини оширишга йўналтирилган Дастурни амалиётга татбиқ этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Иккинчи сессияда Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини амалга ошириш, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда ННТ ва давлат органларининг ҳамоклигини янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлашда ННТ ва Меҳнат вазирлиги ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик масалалари юзасидан тадбир иштирокчиларига ахборот берилди.

Учинчи сессияда жойларда жамоат экологик назоратининг амалга оширилиши, аҳолининг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини оширишда ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг самарали механизмлари муҳокама этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга мазкур соҳа бўйича ҳулоса ва тавсияларни ўз ичига олган мақолалар тўплами тарқатилди.

Конференция якунида ижтимоий шерикликнинг тегишли йўналишларида фуқаролик институтлари ва давлат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди