Жорий йилнинг 14 октябрь куни Республика онкология илмий маркази биносида ҳар йили 2 октябрь куни нишонланадиган Бутунжаҳон стома касаллигига чалинган беморлар кунига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Тошкент шаҳри “Устом” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг амалий рўёбини намойиш этиш, стома касаллиги билан чалинган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.
Тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, вазирликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги илмий-текшириш марказлари, стома касаллигига чалинган беморлар иштирок этди.
Тадбир давомида онголог-шифокорлар томонидан Ўзбекистонда стома касаллигига чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш ва реабилитация қилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда стома касаллигига чалинган беморларнинг сони 34 мингтага етган бўлиб, ушбу касалликка бўлган жамоатчилик эътибори тобора ошиб бормоқда. Айтиш жоизки, мазкур масала билан айни вақтда нафақат соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат органлари ва илмий-текшириш марказлари шуғулланмоқда, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам асосий мақсад ва вазифаларига айланиб бормоқда. Жумладан, 2014 йилда ташкил этилган “Устом” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан ташкил этилаётган тадбирлар стома касаллиги билан чалинган беморларнинг тиббий маданиятини ошишида, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзинининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борада олиб борилаётган эзгу амалий ишлари, жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик масалалари давлат томонидан муносиб қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Жумладан, “Устом” ногиронлар жамоат бирлашмасининг “Стома касаллигига чалинган беморларнинг ижтимоий мослашуви” номли лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб, лойиҳа доирасида 150 дан ортиқ беморлар профессор олимлар ва ёш мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажалар кўрсатилди.
“Устом” ногиронлар жамоат бирлашмасининг бундай саъй-ҳаракати бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам эътиборини тортди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “Устом” жамоат бирлашмасига лойиҳани амалга оширишда ҳуқуқий маслаҳатлар ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ассоциация ҳузурида ташкил этилган ногиронлар масаласи бўйича Маслаҳат кенгаши йиғилишларида стома касаллигига чалинган беморларни ижтимоий муҳофаза қилиш, даволаш ишларини такомиллаштириш, аҳоли орасида кенг қамровли тушунтиришлар олиб бориш масаласи долзарб бўлиб келган.