2016 йил 30 сентябрь куни Тошкент шаҳри «Ёшлар ижод саройи» биносида Маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги ННТлар Форуми ўтказилди.

Мазкур тадбир “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Амир Темур халқаро хайрия фонди, “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Марказий Давлат архиви, Ўзбекистон бадиий Академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази мутахассислари, маданий меърос ва халқ ҳунармандчилиги йўналишидаги ННТ вакиллари иштирок этди (жами – 150 киши). 

 Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – маданий маросни сақлаш ва унинг ҳолати ёмонлашувини олдини олиш, аҳоли ўртасида маданий меросга бўлган ҳурматни янада юксалтириш, шунингдек, уларнинг келажак авлодга беками кўст етказилишида маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ республикамизда мавжуд маданий меросларни муҳофаза қилишни таъминлаш, ўрганиш ва оммабоплаштиришда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласи давлатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимизда табиат ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизими яратилганлиги мазкур соҳада халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган ҳолда комплекс чора-тадбирларни амалга оширилиши таъминланмоқда. Бунинг яққол мисоли сифатида Ўзбекистонда ЮНЕСКО Конвенцияси мажбуриятлари ижроси бўйича Хива шаҳридаги “Ичан қала” меъморий ёдгорликлар мажмуаси, Бухоро, Шаҳрисабз, Самарқанд шаҳарларидаги тарихий марказларни маданий мерослар рўйхатига киритиш ва бирламчи рўйхатни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар яққол намунадир.

ЮНЕСКО томонидан 1998 йилнинг 6 ноябрида Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга берилган “Абу Али Ибн Сино” халқаро олтин медали халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожланишидаги ҳиссасига муносиб баҳо ҳамда давлатимиз томонидан тарихий, маданий ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг эътирофидир.

Форум давомида қуйдаги соҳаларда дастур лойиҳалар ишлаб чиқиш юзасидан давра суҳбати  шаклидаги секция гуруҳлари ташкил этилди:

- мамлакатнинг тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятли, илмий, тарихий, меморий, архитектуравий, бадиий  ва мемориал қадр-қимматга эга археологик ва моддий маданий объектлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш;

- йўқотилган номоддий маданий объектлар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар, кўникмалар, чолғу асболари ва артефактларни қайта тиклаш;

- тарихий ва маданий қийматга эга архив ҳужжатлари ва бошқа материаллардан фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш масалалари.

Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан ушбу соҳадаги қонунлар ва муҳим давлат дастурлари ижросига эътибор қаратилиб, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг келажак авлодга беками кўст етказилишида давлат органлари билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этиши мумкин бўлган йўналишлар муҳокама қилинди. Бу борада “Олтин мерос” халқаро хайрия фонди, Халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари республика “Ҳунарманд” уюшмаси, “Ўзбекмузей” музейларни қўллаб-қувватлаш республика фонди, Амир Темур халқаро хайрия фонди ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар ўзларининг сезиларли ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Форум маърузачилари томонидан 2016 йилнинг август ойида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ташкил этилган Парламент эшитуви доирасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларга алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, маърузачилар томонидан мамлакатимизда маданий меросларнинг янги объектларини муҳофаза қилиш бўйича инсониятнинг номоддий маданий мероси Вакиллик рўйхати ҳамда Бутунжахон мероси рўйхатига муҳим ва аниқ стратегик чора-тадбирларни киритиш, шунингдек, музей, архив, кутубхоналарда ва бошқа сақлаш манбаларда умумий объектлар рўйхатини тузиш, уларни кадастрга киритиш, шу билан бирга, маданий мерос объектлари бўйича давлат кадастларини шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишларни тезлаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.  

Қолаверса, маърузачилар  ўз чиқишларида қадимги тарихий ёдгорликлар қиёфасини сақлаб қолишда экологик жиҳатдан хавфсиз усулларни ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этиш чораларини кучайтириш зарурлиги тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Маданий меросни сақлаш, ўрганиш, авлоддан авлодга етказиш масаласи баркамол авлодни шакллантириш, жамиятнинг барқарор ривожланиши ҳамда маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб этишлиги форум иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, маданий мерос, халқимизга хос қадриятлар, қадимий тарихий ёдгорликлар маънавият шаклланишининг энг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010 – 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Унда номоддий маданий меросга тааллуқли устувор вазифаларни белгилаш, шунингдек, тегишли ҳужжатларни йиғиш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасида фаолиятни мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Архив ҳужжатларини йиғиш, тиклаш ва ўрганиш бўйича ишларни ташкил қилишда нафақат “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани иштирокчилар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида миллий маданий ва халқ маънавий меросини кўпайтириш, уни беками кўст асраб-авайлаш ҳамда маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришда жойлардаги  давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Шунингдек, 2001 йил 30 августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда 1998 йил 29 августдаги “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларинининг ижросини таъминлашда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва бу соҳада мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари олдига қўйилган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Форум якунида иштирокчилар томонидан қуйдаги йўналишларда маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги ННТлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тависялар ишлаб чиқилди:

- ўзбек халқининг маданият ва санъатини ривожлантириш, шунингдек, миллий маданий ва маънавий меросини кўпайтириш ва асраб-авайлаш, аҳоли онгини ошириш;

- маданият муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда кўмаклашиш, шунингдек, ёшларнинг ижодий имкониятини янада ошириш, Ўзбекистон аҳолисининг этикавий, интеллектуал ва маданий эҳтиёжини доимий ошиб боришини таъминлаш;

- Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси ўртасида Меморандумнинг имзоланишига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур Меморандумдан кўзланган мақсад – ҳамкорликда маданият ва спорт соҳасида жисмоний соғлом, маънавий жиҳатдан бой ва уйғун камол топган шахсларни вояга етказиш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, мазкур жараёнга ННТлар иштирокини таъминлаш, уларнинг кучларини бирлаштириш. Ижтимоий шериклик принципларига асосланган ҳолда ННТ ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамкорлигини кучайтиришдан иборат.

Форум иши “Миллий маданий мерос – маънавият хазинаси” мавзуида фото кўргазма ва хайрия ярмаркаси билан давом этди. Унда маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги ННТларнинг эришилган ютуқлари намойиш этилди.

Шунингдек,  Форум давомида миллий маданий марказлар ва “Муножот” ансамбли томонидан ўзбек эстрада юлдузлари ва фальклорчилар иштирокида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мазкур Форум доирасида маданий мерос объектлари ёмонлашувининг олдини олиш, моддий ва номоддий маданий меросларни тарғиб қилиш ва муҳофаза этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш имкони яратилганлиги иштирокчилар томонидан таъкидланди. Шу билан бирга, Форум ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда маданий-тарихий ва маърифий соҳадаги ННТларнинг иштироки тўғрисида фуқаролар ва давлат органларининг хабардорлиги ошишига туртки бўлди.

 

ЎзННТМА ахборот хизмати

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди