Жорий йилнинг 21 сентябрь куни “Пойтахт” бизнес марказининг “Қизилқум” мажлислар залида “Фандрайзинг ва ҳомийлик фаолияти ривожланишининг ташкилий-ҳуқуқий асослари:  халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти” мавзуида республика давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – қўшимча молиявий маблағларни жалб этишда ННТларнинг кўникмаларини янада ошириш, фандрайзинг ва ҳомийлик фаолиятини ташкил этишда хориждаги ташкилий-ҳуқуқий тажрибани ва миллий амалиётни кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилиш, фандрайзинг фаолиятини ривожлантиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, вазирликлар ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари, ННТ раҳбарлари ва фаоллари, ОАВ муҳбирлари иштирок этди (жами – 80 киши). 

ННТлар томонидан ўз низом вазифаларини самарали такшил этиш учун қўшимча молиявий маблағларни ҳамда турли ресурслар (моддий, инсоний, ахборий ва бошқалар)ни жалб қилиш, қолаверса, мамлакат кенг жамоатчилиги орасида фандрайзинг ва ҳомийлик фаолиятини янада ривожлантириш масаласи “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши билан долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда давлат органлари таълим, соғлиқни сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза этиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий шерикликнинг бошқа бир қатор соҳаларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг куч ва салоҳиятига таянмоқдалар.

Мустақил Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар натижасида республикамизнинг ижтимоий, маданий ва иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар рўй бериб, ижобий равишда, одамлар орасида тобора бир-бирига кўмак кўрсатиш ғояси мустаҳкамланиб бормоқда ҳамда ҳомийлик фаолияти билан шуғулланиш истагигида бўлган фуқаролар сони ошиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва бутун дунёда амалга оширилаётган ҳомийлик фаолиятининг халқаро ташкилотлар томонидан баҳоланишини бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин. Жумладан, 2015 йилда Америка хайрия фонди (CAF) томонидан тузилган Бутунжаҳон ҳомийлик индексига кўра, 135 та мамлакат орасида Ўзбекистон 27-ўринни эгаллади.

Ҳомийлик фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи бўйича миллий қонунчилик ва ҳуқуқий тартибот амалиётлари тадбир довомида батафсил кўриб чиқилди. Тадбирда асосий эътибор, 2007 йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ҳомийлик тўғрисидаги” Қонунининг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қонунда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳомийлик кўрсатиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари, ташкилотнинг мулки ва унинг шакллантириш манбалари, ҳомийлик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, ҳомийликни амалга ошириш бўйича мақсадлар, ҳуқуқлар, имтиёзлар, халқаро ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш масалалари ҳамда ҳомийлик фаолияти билан боғлиқ асосий тушунчалар белгилаб берилган.

Тадбирда асосий эътибор ННТларнинг ижтимоий-аҳамиятга молик лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланаётганлигига қаратилди. Мазкур Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси қарори асосида ҳар йили давлат гранти ва ижтимоий буюртмаси бўйича танловлар ўтказилиб келинмоқда. Бугунги кунда, 1, 2, 3 ва 4-давлат гранти танловлари якуни бўйича ННТ ва ОАВларининг 159 та ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари Фонд томонидан 3 млрд 880 млн сўм миқдорида қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, тадбир давомида фандрайзинг ва ҳомийлик фаолияти ривожланишининг ташкилий-ҳуқуқий масалалари бўйича ривожланган демократик мамлакатлар тажрибалари муҳокама этилди. Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки бир қатор мамлакатларда фандрайзинг фаолияти бўйича махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Мисол тариқасида Европа мамлакатларида “учунчи сектор” вакиллари учун фандрайзинг фаолиятини амалга ошириш бўйича асосий тамойил ва қадриятларни белгиловчи Фандрайзинг Этика кодексини келтириш мумкин. Буюк Британияда фандрайзинг фаолиятини амалга ошириш механизмларини белгиловчи Жамоа маблағларини йиғиш Қонуни ҳамда Ҳомийлик қилиш амалиёти Кодекси (1939 йили) қабул қилинган. Қолаверса, Буюк Британияда ушбу фаолиятни ривожлантириш бўйича Фандрайзинг институти, Фандрайзинг стандартлари Кенгаши, Ҳомийлик бўйича комиссияси каби махсус интситутлар ташкил этилган бўлиб, самарали фаолият юритиб келмоқда. Европа ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида эса фандрайзинг фаолияти “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Давра суҳбати доирасида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан қўшимча молиявий маблағларни жалб қилишда қўлланилаётган самарали шакл ва усуллари таҳлил қилинди. Иштирокчилар томонидан маблағларни жалб қилишнинг янги шакллари (инсоний, моддий, ахборот ва бошқалар) вужудга келаётганлиги қайд этиб ўтилди. Бугунги кунда маҳаллий ННТлар томонидан турли ҳил дастур ва лойиҳаларда иштирок этиш, кўнгиллиларни жалб қилиш, Интернет ресусрлардан фойдаланиш, реклама каби фандрайзингнинг шакллари муваффақиятли қўлланилмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан фандрайзинг ва ҳомийликни ривожлантиришда ОАВ ва ННТларнинг ижтимоий шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир якунида фандрайзинг ва ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари ва шакллари, шунингдек, ташкилий ҳамда норматив-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.    

 

ЎзННТМА ахборот хизмати

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди