Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат ижтимоий буюртмаси тақдим этиш ва давлат грантлари ажратиш бўйича олтита танлов ўтказилди. Ушбу танловларда мингга яқин ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этиб, 27 миллиард 760 миллион сўмлик лойиҳалар тақдим этди.
Танловлар натижасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик 210 дан зиёд лойиҳа кўллаб-қувватланди. Уларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 миллиард 230 миллион сўм ажратилди. Шунингдек, давлат ижтимоий буюртмалари шаклида 2,3 миллиард сўмлик лойиҳалар бажарилмоқда.
– Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди давлат грантларининг бешинчи ва олтинчи танловлари натижаларини кўриб чиқдик, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир Матмуродов. – Унга кўра, 55 ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ғолиб бўлди. Бу лойиҳалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 350 миллион сўм миқдорида молиялаштирилади.
Йиғилишда жорий йилнинг 20 сентябридан 20 октябригача бўлган муддатда “ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантиришни таъминлашга ва ижтимоий шерикликни янада рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида қўшимча танлов ўтказиш тасдиқланди.
Лойиҳалар доирасида жойлардаги давлат бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликда “Ғояга қарши ғоя: жаҳолатга қарши маърифат билан”, “Мен Ватанимни севаман”, “Жамиятда менинг ўрним бор” каби мавзуларда туркум тадбирлар ўтказилади.
Тадбирда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаси бериш юзасидан ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом, баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини руёбга чиқаришга йўналтирилган кўшимча танловни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди. Бу лойиҳаларга 1,5 миллиард сўм йўналтирилади.