Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедовнинг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси ҳақида”ги ахборотига оид парламент эшитуви бўлиб ўтди.
Тадбир “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган ваколатлар доирасида ташкил этилди.
Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида изчил ишлар олиб борилди, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олинди ва амалга оширилмоқда. Бунда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга, уларни қайта таъмирлаш-тиклаш ишларига, маданий мерос объектларини имкон қадар асл кўринишида сақлаб қолишни таъминлашга, уларни умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ маданий мерос объектларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари мунтазам такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, тегишли қонунлар ва қонуности ҳужжатлари бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлаётир. Хусусан, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Архив иши тўғрисида”ги, “Музейлар тўғрисида”ги қонунларда бу борадаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб берилган.
Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция (Париж, 1972 йил 16 ноябрь), Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция (Париж, 2003 йил 17 октябрь), Маданий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилиши, олиб чиқилиши ҳамда уларга бўлган мулк ҳуқуқини бошқага ўтказишни тақиқлаш ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги конвенция (Париж, 1970 йил 14 ноябрь) ратификация қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига биноан ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700 йиллиги, Хива, Бухоро ва Термиз шаҳарларининг 2500 йиллиги, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари муҳофаза этиладиган тарихий ёдгорликлар сифатида, Наврўз халқ байрами, Катта ашула, Шашмақом, Аския номоддий маданий мерос объектлари сифатида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича 2010-2020 йилларга мўлжалланган давлат дастурини амалга оширишда масъул ташкилот сифатида иштирок этмоқда.
Парламент эшитувида депутатлар маданий меърос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, паспортларини тайёрлаш, уларнинг чегараларини белгилаш, уларни муҳофаза қилиш, реставрация қилиш, ўрганиш ва тарғиб қилиш масалаларида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан маданий мерос объектларини аниқлаш ва ҳисобга олиш ишларини яхшилаш талаб этилиши, музейлар, архивлар, қутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларининг тўлиқ тоифалаштирилган рўйхатини тузиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Парламент эшитувида сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлик гуруҳи ўзларининг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, муҳокама этилаётган масала юзасидан нуқтаи назарларини баён қилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар мавжуд моддий маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, фойдаланишга мослаштириш ва келажак авлодга етказишда жамоатчилик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ролини ошириш муҳим аҳамият касб этишига урғу берди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мутасадди ташкилотлар томонидан моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрининг юритилишини якунига етказишни тезлаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналар ва бошқа сақлаш жойларидаги мавжуд маданий мерос бойликларининг умумий рўйхатини тузиш, уларни кадастр рўйхатига киритиш ишларини амалга ошириш, Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ва Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига мамлакатимиздаги янги маданий мерос объектларининг киритилиши юзасидан стратегик аҳамиятга эга бўлган аниқ чора-тадбирлар кўрилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш борасида амалга оширилган ишларни қайд этган ҳолда маданий соҳадаги ислоҳотлар бой маданий ва номоддий меросимизни ёш авлод тарбиясининг муҳим воситаси сифатида фойдаланиш лозимлигига асосий эътиборни қаратди.
“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари маданий мерос объектларига қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, қонуности ҳужжатларини ўз вақтида қабул қилиш ҳамда амалга оширишдаги муаммоларни бартараф этиш ҳақидаги фикрларни баён этди.
Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қадимий тарихий обидаларни, шу жумладан, меъморий обидаларнинг ёғочли конструкцияларини, ноёб кўҳна дарахтлар ва бошқа табиий обидаларни сақлаб қолишнинг экологик хавфсиз усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Парламент эшитуви якунлари бўйича мутасадди идораларга “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижроси самарадорлигини янада ошириш учун зарур бўлган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ушбу қонун ижросини таъминлашда парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсияларни ўз ичига олган қарор қабул қилинди.