“Нодавлат нотижорат ташкилоти” тушунчаси бугун юртимиз аҳолисининг кенг қатламига яхши таниш. Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти ривожида муҳим ўрин тутадиган мазкур институт ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари энг чекка, олис ҳудудлар ҳаётига ҳам дадил кириб бораётгани, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларига яқиндан кўмаклашаётгани диққатга сазовор, албатта.
Республикамизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг такомиллашувини таъминлаш борасида мукаммал қонунчилик базаси шакллантирилган. Сўнгги йилларда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун ва бошқа соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши демократик институтлар ролини кучайтиришда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий вазифаларини ҳал этишда, умуман олганда, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришда мустаҳкам пойдеворга айланиб бормоқда.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янги поғонага кўтарди. Қолаверса, мазкур муносабатларнинг янада мустаҳкамлашишига кўмаклашувчи янги институционал механизм шакллантирилди. Қонуннинг 18-моддасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилди.
Эндиликда мазкур комиссиялар нафақат давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда кўмак кўрсатмоқда, балки ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинаётган давлат гранти танловларида фаол иштирок этиши учун амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 13 июлидан 22 июлига қадар республикамизнинг барча вилоятларида Жамоат комиссиялари вакилларининг бевосита кўмаги асосида “Ижтимоий шериклик: тинчлик, тотувлик, фаровонлик ва барқарор ривожланиш кафолати” мавзуида туркум семинарлар ташкил этилиб, бунда 1 400 га яқин давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи вакиллари, Комиссия аъзолари, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қамраб олинди.
Тадбир мобайнида ташкилотчилар томонидан “Сўзла дўстим, нима қилдик Ватан учун?” шиори остида 5- ва 6- давлат гранти танловлари мавзуси ҳамда йўналишлари тўғрисида иштирокчиларга кенг тушунтиришлар берилди.
Семинарлар якуни бўйича иштирокчилар томонидан мамлакатимизнинг ижтимоийиқтисодий, сиёсийҳуқуқий ва маданийинсонпарварлик соҳасида амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллик муносабати билан Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ташкил этилаётган қўшимча 7 ва 8 давлат гранти танловларининг устувор йўналиши ва мавзуси бўйича 140 дан зиёд таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Бинобарин, экотуризмни ривожлантириш, тарихий ёдгорликларни тарғибот қилиш, миллий халқ ўйинларни оммалаштириш, ОИВ/ОИТС вирусини ва “Б”, “С” гипатитини олдини олиш, ННТлар фаолиятини ОАВларида кенг ёритиш мавзуларида грант танловларини ташкил этиш зарурияти иштирокчилар томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.
РУЗИЕВ Санжарбек,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси гуруҳ раҳбари