Пойтахтимизда “Давлат органлари ва ННТ ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори, Германиянинг Ф. Эберт номидаги жамғармаси, Словениянинг “Минтақавий мулоқот” ташкилоти филиали ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Франция, Германия, Голландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар илмий-тадқиқот марказларининг экспертлари, Ўзбекистонда аккредитация қилинган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг масъул ходимлари, ННТ ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Анжуманда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари ҳимоя қилинадиган кучли, очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш масаласи мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ кенг кўламдаги демократик ўзгаришларнинг устувор йўналиши сифатида белгилангани таъкидланди. Тарихан қисқа даврда Ўзбекистонда аҳолининг кенг қатламини қўллаб-қувватлайдиган, мустақил ва барқарор ННТ тизимини ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга оширилди. Уларнинг самарали фаолият юритишига хизмат қилувчи 200 дан ортиқ қонун ва меъёрий ҳужжатларни ўз ичига олган ҳуқуқий база изчил такомиллаштири
лмоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизимнинг яратилиши ННТ фаолиятини кенгайтириш, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.Хусусан, 2008 йилда парламент ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ташкил этилди, фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Унда халқ томонидан сайланган депутат ва сенаторлар лойиҳаларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги, йўналишлари ҳамда миқдорини белгилашади.
Бугунги кунда турли ННТ фуқаролик жамиятининг институционал асосини ташкил этади, улар давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатни таъминлайди, мавжуд ижтимоий-иқтисодий, гуманитар муаммоларни аниқлаб, жамиятни уларни бартараф этишга сафарбар этади. Бундан ташқари, фуқароларни ўз салоҳиятларини намоён этишларига хизмат қилади. Шунинг учун кейинги беш йилда ННТ сони 1,6 бараварга ортиб, айни кунда 8400 тадан кўпроқни ташкил этмоқда. Биргина жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури, тегишли ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашда 352 та ННТ хусусан, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия фонди каби йирик ташкилотлар қатнашмоқда.
Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ўтган йилнинг май-июнь ойларида ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, сўровда қатнашган ННТнинг 72 фоизи кейинги тўрт йил ичида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда иштирок этгани маълум бўлди. ННТ фаоллари давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукумат томонидан тузилган 50 га яқин доимий асосда ишловчи идоралараро комиссиялар (кенгашлар, ишчи гуруҳлар) таркибига киради. ННТ ва давлат органларининг ҳамкорликда ташкил этадиган қўшма тадбирлари ҳам кенг қулоч ёйди. Қувонарлиси, кўп ҳолларда (71 фоиз) уларнинг ташаббускорлари ННТдир.
Анжуманда юқорида санаб ўтилган қатор ривожланган давлатларнинг ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш тажрибаси батафсил кўриб чиқилди. Муҳокамалар якунида анжуман қатнашчилари аҳолининг ННТ фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, ННТ раҳбарлари ва ходимларининг касбий малакасини ошириш учун янада қулай шароит яратиш, барқарор қўшимча молиявий манбаларни шакллантириш каби вазифаларни айтиб ўтишди.