Пойтахтимизда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзуида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ахборот соҳаси экспертлари ҳамда мутахассислари, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда журналистлар қатнашди.
Семинарда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, аҳолига ишончли, тезкор ахборотларни етказиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ билан самарали ҳамкорлик қилаётган етакчи давлат органлари тажрибасини ўрганиш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари тизимида алоҳида ўринга эга бўлиб, давлат ва жамият қурилиши соҳасида олиб борилаётган демократик янгиланишлар, ислоҳотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда фаол қатнашаяпти. Мустақиллик йилларида улар фаолиятини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш борасида илғор демократик стандартларга мос мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш имкониятини янада кенгайтирди.
Эътироф этилганидек, бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган ОАВнинг қарийб 60 фоизини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этади. Интернетда -оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётган веб-сайтлар сўнгги беш йилда 2 баробар ошди.
Айни пайтда 8100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотлардан фойдаланиш баробарида, уни тарқатиш билан ҳам фаол шуғулланмоқда.
Сўзга чиққанлар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини юксалтириш тегишли қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлашди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда мазкур қарор ижроси юзасидан тасдиқланган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси ҳақида маълумотлар берилди. “Очиқлик индекси” бўйича рейтинг баҳолаш давлат органларининг оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги самарасини оширишда муҳим ўрин тутиши айтиб ўтилди.
Мулоқот чоғида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ролини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан аҳоли хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини кафолатлаш, ташкилотларнинг веб-сайтларини тизимли ташкил этиш, расмий ахборотлар тарқатиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Якунда муҳокама қилинган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
http://xs.uz/ дан олинди