«Туркистон» саройида 3 май куни Журналистика соҳасида “Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, матбуот хизматлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари, «Олтин қалам» ХI Миллий мукофоти учун халқаро танлов ташкилий қўмитаси раиси Ў.Мирзаёров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оммавий ахборот воситалари изчил ривожланаётгани, журналистлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани соҳа ходимларини янги ижодий марралар сари илҳомлантираётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид миллий қонунчилик такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқларини тўла таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш, улар фаолияти ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор этишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Uzreport” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Танлов телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади. Унда битта Бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда “Энг яхши матбуот хизмати” ва “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи номинациялар таъсис этилган.
“Олтин қалам” танловида ўтган йиллар давомида 5 мингга яқин журналист 70 мингга яқин ижодий материали билан қатнашган. Бу йилги танловда 510 ижодкор 8 минг 500 га яқин материални тақдим этган.
“Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти учун халқаро танловда Бош миллий мукофот соҳиби, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, “Энг яхши матбуот хизмати”, “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи мукофотлар соҳиблари аниқланди.
Танлов доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган. Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ахборот маркази, ЮНЕСКО, ЮСАИД, “Минтақавий мулоқот” (Словения), Германия Халқ университетлари ассоциацияси каби қатор халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳам “Олтин қалам” танловида ўз мукофоти билан қатнашди.
«Тошкент телерадиоканали» ДУК ижодий жамоаси «Олтин қалам» XI Миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда Бош миллий мукофотга лойиқ топилди. Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва мамлакатимизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
– Президентимиз томонидан медиа соҳа вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликни, доимий рағбатни кундалик фаолиятимизда ҳис этмоқдамиз, – дейди «Тошкент телерадиоканали» директори М.Сафаров. – Мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлар жараёни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, юртдошларимиз тафаккурида, тақдирида мислсиз ижобий ўзгаришлар ясамоқда. Бундай масъулиятли жараёнда журналист сўзининг таъсирчанлигини янада ошириш, ён-атрофдаги воқеа ва ҳодисаларга теран, сезгирлик билан муносабатда бўлиш бизнинг энг асосий бурчимиздир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев сўзга чиқди.