2016 йилнинг 16 мартида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаганларидек, мамлакатимизда жамоат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича шаклланган тизим ўз самарадорлигини намойиш этмоқда. Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган юзлаб лойиҳалар бугунги кунда хилма хил нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти бошқа институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ҳар кунлик ишига айланмоқда. Давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар шаклида мақсадли молиялаштириш уларни энг муҳим ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишда, давлат дастурларини бажариш, ижтимоий шерикликнинг самарадорлигини оширишда, давлат ва жамият ўртасидаги алоқанинг ўта муҳим воситаси сифатида жамоат назоратини амалга оширишга жалб қилишга кўмаклашмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятининг, шунингдек, уларни самарали қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим ҳуқуқий асослар яратилди. Булар орасида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни ва қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайд этиш мумкин.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2016 йилда Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга 11 млрд.сўм маблағ ажратилди, бунда 2015 йил билан қиёсланганда ўсиш 10 фоизни ташкил этди.
Йиғилишида Парламент комиссияси томонидан ижтимоий буюртмалар бериш бўйича танлов якунлари кўриб чиқилди. Комиссия аъзолари “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этишини таъминлаш; соғлом, баркамол ривожланган ёш авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ижодий ва ақлий салоҳиятини амалга оширишга кўмаклашиш; аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил ОАВ лар фаолиятини жонлантириш, Ўзбекистон халқларининг маданий-тарихий меросини оммалаштириш, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий ҳисобда 2,3 млрд.сўмлик давлат ижтимоий буюртмасининг 13 та лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.
Қўллаб-қувватланган лойиҳалар амалга оширилиши давомида туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш, эрта никоҳ ва қариндошлар ўртасидаги никоҳинг салбий оқибатларидан огоҳлантиришга қаратилган турли хил кўргазмали, ахборот ва маърифий материалларни тайёрлаш ва аҳоли ўртасида тарқатиш, ушбу мавзу юзасидан телевидениеда махсус дастурларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилади.
Кам таъминланган оилаларнинг туғма юрак нуқсони бор 40 нафар фарзандига тиббий амалиётлар ўтказилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари фарзандларига ижтимоий, руҳий-педагогик, коррекцион-ривожлантирувчи, ҳуқуқий ва ахборот-маърифий ёрдам кўрсатиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади.
Парламент комиссияси аъзолари иқтидорли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, йигит-қизларнинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятини оширишга йўналтирилган лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Парламент комиссиясининг йиғилишида бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва уларнинг натижалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
манба: http://fundngo.uz/