Жорий йилнинг 9-10 март куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташаббуси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув курслари ҳамда “Тадбиркор аёллар ва ишбилармонлар” жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда “Миллий анъана ва қадриятлар – ўзбек халқи маънавиятининг ажралмас фазилатидир” мавзусидаги давра суҳбати ҳамда маданий - маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎзННТМА Таъсисчилари, давлат органлари, ассоциацияга аъзо бўлган нодавлат ташкилотлар, ижтимоий-демократик институтлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, жамоат бирлашмалари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад - миллий ва анънавий қадриятларни эъзозллаш, ёшлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, улар онгида жамиятимизда тинчлик, миллатларлараро тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшаётган, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, шу билан бирга, халқимизга хос бўлган эзгу фазилатларни янада юксалтириш, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий-маънавий бойлигимизни кўз қорачиғидай асраб авайлаш ва янада қадрлашдан иборат.
Тадбир доирасида давра суҳбати, баҳс ва мулоқотлар, ННТ фаолларига бағишланган концерт дастурлари ҳамда сумалак сайли ташкил этилди.
Шунингдек, сумалак сайли атрофида ННТ вакиллари иштирокида Наврўз байрам шукуҳи давом этди.
Тадбир давомида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбирда ташкилотчилар ННТлар номидан барча соҳа вакилларини, табаррук онахонлар ҳамда азиз болажонларни байрам билан табриклаб, “Соғлом она ва бола йили”да ҳар бир оилага қут-барака, бахту саодат изхор этилди.
Тадбирга ташриф буюрган ёш истеъдодли санъаткорларнинг бадиий чиқишлари бўлиб, уларда Ватан, Наврўз, баҳор, меҳр-муҳаббат, оламдаги бор эзгу туйғулар тараннуми авж олди. Иштирокчиларнинг ўйин-кулгулари эса байрам дастурининг завқу шавқини, гўзаллигини яна бир чандон оширди.
Ўзига хос бaғрикенглик, умумбашарий қадриятларга садоқат, миллатидан, динидан, ирқидан қатьий назар, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда юртимизда фаолият кўрсатаётган “Фаровон юрт” ҳамда “Ўзбегим ёшлари” ННТ вакилларининг бадиий чиқишлари байрамга ўзига хос файз бахш этди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда нодавлат жамоат ташкилотларини жамиятимизда тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганининг туб моҳиятида айнан “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун доирасида ётган ғоя ва мақсадлар турибди, десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳам ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг давлат, ҳудудий, тармоқ ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилишида, нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда юртимизда саккиз мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Шундай экан, жамиятимизнинг ижтимоий фаол қисмига айланиб бораётган ННТлар миллий қадриятларимизни мустаҳкамлашга, урф-одатларимизни кенг тарғиб қилишга доир кўплаб илмий-амалий ва маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш учун ўзига хос ижтимоий майдон вазифасини ўтайди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг мақсади ҳам шу эл билан ҳамнафас яшаш, унинг эзгу орзу-умидлари ва истакларини фаол рўёбга чиқаришда камарбаста бўлишдир.
Тадбир якунида ташкилотчилар йиғилганларни осиё халқларининг энг қадимий, кўҳна ва дилларга эзгулик бағш этувчи Наврўз айёми билан самимий муборакбод этдилар, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури бажарилишида барчани фаол қатнашишга чақирдилар.
Жамият хаётининг турли соҳаларида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг амалий таклиф ва тафсиялари ишлаб чиқилди.