2016 йил 25 февраль куни Тошкент шаҳрида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг сифат ва миқдор ўзгаришлари” мавзуидаги йиллик конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Институт марказий аппарати ҳамда ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва ходимлари, Институтнинг таъсисчилари кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий ва халқаро ташкилотлар, шунингдек миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари (жами – 200 дан ортиқ киши) иштирок этди.
Конференциянинг мақсади кенг жамоатчилик ва хорижий эксперт-таҳлилчиларни Институтнинг 2015 йилдаги фаолияти ҳақида хабардор қилиш, шунингдек Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама муҳокама этишдан иборат бўлди.
Конференция қатнашчилари Институт директори Ғ.Абдукаримовнинг мамлакатда 2015 йилда фуқаролик жамияти ривожланиши борасидаги маърузасини тинглаб, муҳокама қилдилар.
Маърузада мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва жамоатчилик фаоллигини оширишга хизмат қилувчи, жамиятда манфаатлар мутаносиблигини таъминлаб берувчи омил бўлиб келаётган фуқаролик жамияти институтлари шаклланиши учун ташкилий-ҳуқуқий шароит яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик муҳим вазифаларни ҳал қилишдаги, шу билан бирга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлашда давлат органларининг ахборот хизматлари ва ОАВнинг ўрни ва ролини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар бажарилди. Чунончи, ўтган йил мобайнида Институт томонидан марказ ва ҳудудларда фуқаролик жамияти ривожланишининг турли жиҳатларига бағишланган 2060 дан зиёд тадбирлар ўтказилиб, улардан 382 таси туманлар ва чекка аҳоли пунктларида ўтказилди.
Миллий ва хорижий шериклар (БМТТД, ЕХҲТ нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Ф. Эберт номидаги Фонд ва бошқалар) ҳамкорлигида фуқаролик жамияти шаклланиши соҳасида, хусусан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш ва улардан фойдаланиш бўйича ишлар олиб борилди.
Тадбир давомида мақбул меъёрий-ҳуқуқий шароитларнинг изчил шакллантирилиши натижасида, йилдан йилга тегишли инфратузилма – жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи, фуқароларни турли ижтимоий манфаатларни амалга оширишга жалб қилишга кўмаклашувчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари ва фондлари, касаба уюшмалари ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари кучаяётганлиги ва мустаҳкамланаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, 2015 йил январь ойида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг кучга кириши давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий ва институционал асосини такомиллаштириш борасидаги ишларнинг фаоллашгани муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонуннинг амалий ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари қошида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилди. Уларнинг фаолияти фуқаролик жамияти институтларининг шаклланишида ва эркин ривожланишида, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашда ННТ ҳамда бошқа фуқаролик институтларининг фаол иштирокини таъминлаш учун қўшимча ташкилий-ҳуқуқий шароитларни, иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларни яратишда жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг роли ва масъулиятини янада оширишга туртки бўлади.
Кўрилган чоралар натижасида 2015 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларидаги ННТнинг сони сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин. Агар 2010 йилда грант танловларида 275 та ННТ иштирок этиб, улардан 82 таси ғолиб деб топилган бўлса, 2015 йилда танловларда қатнашган 528 та ННТдан 177 таси грант маблағларини қўлга киритишди.
Тадбир доирасида жойлардаги муҳим масалаларни ҳал этишда жамоат ташкилотларининг роли ва аҳамиятининг давлат органлари томонидан эътироф этилаётганлигининг ўсиб бораётганлигига давлат ва ҳукумат раҳбари қарори билан ташкил этилган доимий фаолият юритувчи идоралараро комиссиялар (кенгашлар, ишчи гуруҳлар) ҳамда улар фаолиятига жалб этилган ННТ фаоллари сони 50 тадан ошганлиги ҳам бунинг ёрқин тасдиғи эканлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бир қаторда, маърузачилар томонидан мамлакатимизда миллий масс-медиа томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини кучайтиришга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш учун шароит яратишга йўналтирилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги айтиб ўтилди.
Таъкидландики, қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларнинг қонуний тартибга солиниб, мустақҳамланганлиги, жамият ва давлат бошқарувида фуқаролар иштирокининг фаоллашуви ҳамда уларнинг ахборот олишга бўлган конституцион ҳуқуқидан янада тўлиқ фойдаланишида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур қонуннинг самарали ижросини таъминлаш йўлида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилган бўлиб, унинг асосий мақсади давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат тизимини шакллантиришга кўмаклашиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини баҳолаш мониторингини жорий қилиш ва уни тизимли олиб боришдир. Бугунги кунда Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг «очиқлик индекси»ни ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унинг асосий кўрсаткичларидан бири давлат органларининг оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги даражасидир.
Конференция доирасида маърузачилар томонидан жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти холис танқид остига олинган долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни ёритиш йўли билан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ роли ошиб бораётганлигига алоҳида урғу берилди. Чунончи, 2012 йилда миллий босма ОАВда 659 та шу руҳдаги мақолалар чоп этилган бўлса, 2013 йилда ушбу кўрсаткич 2159 тани, 2014 йилда – 2452 тани, 2015 йилда эса 3564 тани ташкил этди.
Жумладан, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун меъёрларининг амалга оширилиши жамоатчилик назоратининг яна бир шакли бўлган фуқаролар мурожаати институтининг ривожланишига туртки бўлди. Хусусан, фуқаролар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаат қилиш ҳуқуқининг амалиётда қўлланилишининг кенгайиши билан бир қаторда, фуқаролардан тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича давлат органлари масъулияти ва ишининг сифати ошди.
Сиёсий партиялар фаолиятининг таҳлили уларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ролининг ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳудудий вакиллик органларида партиявий гуруҳларнинг ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш, жойларда қонунлар ва давлатнинг бошқа қарорлари ижросини назорат қилиш ташаббусларини илгари суришдаги фаоллиги ўсиб бормоқда. Жумладан, 2014 йилда 1598 та депутатлик сўрови йўлланган бўлса, ушбу кўрсаткич 2015 йилда 3505 тани ташкил этди.
Шунингдек, тадбирда ҳудудларнинг муаммоларини ҳал қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколат ва таъсир кучини мустаҳкамлаш, аҳолининг манзилли ижтимоий муҳофазасини амалга ошириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Хусусан, доимий равишда фуқаролар йиғинлари ходимларининг касбий кўникмаларини ошириш учун доимий равишда ўқув курслари ўтказиб келинмоқда, унда ҳозирги кунгача 83% фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ўқитилди.
Йиллик конференцияда, шунингдек, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти олдида турган вазифаларни бажаришда ҳали ишга солинмаган имкониятларга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Умуман, конференция кун тартибига киритилган масалалар юзасидан очиқ ва ишчан мулоқот бўлиб ўтди. Конференция якунлари асосида фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларидаги ролини янада оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Манба: http://nimfogo.uz/