ПойтахтимиздаДахлдорлик ҳисси билан Ватан равнақи саришиори остида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV Миллий форумининг республика босқичи бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Экологик ҳаракат, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа ҳамкорлар томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакат парламенти, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Миллий форумнинг дастлаб жойларда ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди. 2,5 мингдан ортиқ ННТ ва давлат органи вакилларини қамраб олган ҳудудий форумларда мамлакатнинг ижтимоий, социал-иқтисодий ҳамда маънавий юксалишида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг аҳамияти, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ННТни янада фаоллаштириш, мазкур институт ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги амалий чора-тадбирлар ўрганилди. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида рўёбга чиқарилган саъй-ҳаракатларга баҳо берилди. Ижтимоий шериклик ҳақида меморандум ва келишувларга эришилди, жамоат ташкилотларининг бу борадаги илғор тажрибалари намойиш қилинди.
Айни жараён юксак савияда ташкил этилган Миллий форумнинг республика босқичида янада қизғин тус олди. Унда давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари, демократик ислоҳотларни амалга оширишда ёшларнинг фаоллигини кучайтириш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш соҳасидаги дастур ҳамда лойиҳаларни ижрога йўналтиришда ННТ иштирокини кенгайтириш, жойлардаги ижтимоий-гуманитар масалаларни ҳал қилишда фуқароларнинг кўнгилли ва хайрия фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама этилди. Бу тадбир юртимизнинг барча ҳудудидан келган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига ўз фаолиятларидаги ютуқ ҳамда долзарб вазифалар юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятини бергани билан ҳам аҳамиятлидир.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда барча жабҳада қонун устуворлигини таъминлаш, инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтариб, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш юзасидан изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини такомиллаштириш, бу борада яратилган қонунчиликни амалиётга татбиқ этиш, фуқаролар фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш замирида ҳам, аввало, инсон манфаатлари устуворлигини кафолатлаш мақсади мужассамлаштирилган.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда алоҳида қайд этганидек, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати институти халқ ҳокимиятининг муҳим элементи сифатида конституциявий мақомга эга бўлди, ана шу конституциявий тузатишни ривожлантириш бўйича қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа кўплаб қонунчилик ҳужжатлари фуқаролик жамиятини юксалтиришда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишда фуқаролик институтлари ролини кучайтириш борасида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.


— Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқларини, давлат ва жамият қурилишидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база нодавлат нотижорат ташкилотларининг барқарор ривожланиб боришига замин яратмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Худоёр Мелиев. — Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди. ННТнинг давлат рўйхатидан ўтиши тўғрисидаги адлия органларига қилинган мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 2 ойдан 1 ойга қисқартирилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар учун тегишли имтиёзларнинг назарда тутилгани яна бир эътиборли жиҳат ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда 8 минг 300 дан зиёд ННТ фаолият кўрсатаётгани, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда уларнинг ҳиссаси ортиб бораётгани ҳар томонлама пухта ўйланган қонуний шарт-шароитлар ҳамда берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотларига моддий ҳамда молиявий кўмак кўрсатиш бўйича ўзига хос ва самарали миллий инфратузилма шакллантирилганига алоҳида урғу берилди. Жумладан, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан олтита танлов ўтказилиб, 277 ННТнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Ушбу лойиҳаларнинг асосий қисми “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган мақсад ҳамда вазифалар билан уйғундир.
— Моддий-техника, ахборот ва услубий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватланиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини асраш, эҳтиёжманд қатлам вакилларига ижтимоий кўмаклашиш, спортни ривожлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш, бандлик даражасини ошириш ва бошқа йўналишлардаги долзарб масалаларни ечишда фаол қатнашмоқда, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари Гулрухсор Ҳотамова. — Сўнгги уч йилда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик давлат дастурларини амалга оширишга жалб этилган нодавлат нотижорат ташкилоти сони 1,6 маротаба ошгани, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшаётган ННТ сафи ҳам сезиларли даражада кенгайиб бораётгани ушбу институтнинг жадал равнақ топаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари ташкил қилиниши фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигига доир стратегиянинг самарадорлигини оширишга хизмат қилаяпти.
— 2007 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ташкилотимиз ёшларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш мақсадига йўналтирилган қатор лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб келмоқда, — дейди Тошкент вилоятидаги “Умид нурлари” ННТ директори Нодир Мажидов. — Мисол учун, “Соғлом оила — юрт таянчи” номли лойиҳамиз доирасида ижтимоий акциялар, давра суҳбатлари ва илмий-амалий анжуманларни ташкиллаштирдик. Бу тадбирларда 12 мингдан ортиқ йигит-қизлар иштирок этди. Жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ўтказилган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилган грант танловида ғолиблар қаторидан жой олдик. Айни кунларда ушбу йўналишда ёшлар, айниқса, қизларнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга оид лойиҳамизни бажаришга киришганмиз. Таъкидлаш ўринлики, мана шундай муҳим тадбирларни ижтимоий шериклик асосида самарали амалга оширишимизда, меморандумлар имзолашимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясининг ёрдами катта бўлмоқда.
Миллий форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танлови ғолибларига жами 1,5 миллиард сўмлик давлат гранти сертификатлари топширилди.
Тадбир доирасида имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Раҳмдиллик, ҳамдардлик ва ҳомийлик” хайрия ярмаркаси ҳамда “ННТ олами” фототақдимоти ташкил этилди. Турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар меҳнатининг маҳсули бўлган либослар, ҳунармандчилик, заргарлик намуналари ва ННТнинг ижтимоий ҳаётда олиб бораётган хайрли ишлари акс этган фотосуратлар барчада илиқ таассурот қолдирди.
Шунингдек, “Ижтимоий тадбиркорлик — давр талаби” шиори остида ўтказилган ярмаркада ўндан зиёд ННТ вакиллари хотин-қизлар бандлиги, болалар саломатлиги, ногиронларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид лойиҳаларини тадбиркорлар эътиборига ҳавола этди. Тадбир якунида ННТ ҳамда тадбиркорлар ўртасида энг яхши лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.


— Анъанавий Миллий форум фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги ортаётганини, жумладан, уларда ишлаётган ходимларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганини кўрсатмоқда, — дейди Сурхондарё вилоятидаги “Аёл ва замон” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Гулнора Хўжаниёзова. — Бу галги форумда ҳам юртимизнинг турли ҳудудларидан келган жамоат ташкилотлари, давлат тузилмалари вакиллари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ННТ ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятида шаффофликни таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди