Тадбир Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг (Германия) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. 

Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) молиявий барқарорлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларида ўзаро тажриба алмашиш, ННТлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашнинг ташкилий шакллари ва механизмларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлди. 

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, депутатлар, вазирликлар ва идоралар вакиллари, ўқув ва илмий-тадқиқот марказлари ходимлари, Европа Иттифоқи делегацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар, жамоат тузилмалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Абдумажид Каримов, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Хенриетта Кифер ва бошқалар Ўзбекистонда ННТларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки тобора ортиб бораётганини қайд этди. 

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг мустаҳкам қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий асос яратилган. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларида бу борадаги тамойиллар белгиланган. 

Тадбир доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари иқтисодий мустақиллигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, улар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча маблағлар ва ресурслар жалб қилиш имкониятлари, имтиёзлар хусусида фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2008 йил 3 июлдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи олий органи ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолият юритмоқда. Бу, ўз навбатида, “учинчи сектор”ни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан йўналтирилаётган маблағларни адолат тамойиллари асосида очиқ-ошкора тақсимлашга хизмат қилмоқда. 

Хорижий экспертлар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига молиявий кўмак кўрсатиш ва маблағ жалб қилишнинг янги ва қулай усуллари ҳақида маълумот берилди. Бу борада “учинчи сектор” ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. 

– Мамлакатингизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркин ва мақсадли иш юритиши учун давлат томонидан қатор имтиёз ва преференциялар жорий қилингани эътиборга молик, – дейди Германиянинг Фуқаролик фаоллиги бўйича Миллий форумни мувофиқлаштириш бюроси раҳбари Серж Эмбахер. – Ҳамкорлик доирасида ННТлар томонидан молиявий маблағларни жамғариш, улар иқтисолий салоҳиятини оширишда Германия тажрибаси билан ўртоқлашиш истагидамиз. 

Тадбир якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий манбаларини шакллантириш, уларни ривожлантиришнинг механизмларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Декабрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди