2021 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев Андижонга ташриф буюриб, «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг Андижон вилоят бўлими фаолияти билан яқиндан танишди.
Ушбу ННТ вилоятдаги фаол жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади. Хусусан, «САБР» Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида «COVID-19»нинг Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидаги ҳимояга муҳтож аёллар ва ёшларга таъсирини юмшатиш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун ННТларнинг институционал ва ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш» лойиҳасини 2021 йилнинг 1 мартидан эътиборан Андижон вилоятининг Избоскан, Бўстон туманларида амалга оширишни бошлади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад – кам таъминланган қишлоқ аҳолиси, COVID-19 пандемиясидан зарар кўрган аёллар ва ёшлар ҳаётининг яхшиланишига ёрдам бериш, унинг эҳтиёжларини қондиришдан иборат.
Лойиҳага асосан, Избоскан туманида қишлоқ ахборот-ресурс марказини очиш, аёллар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш (шифокор, психолог, ҳуқуқшунослар томонидан ижтимоий маслаҳатлар бериш), кам таъминланган 720 нафар аёллар ва ёшларни касбий кўникмаларга ўқитиш, танлов асосида 180 нафар кам таъминланган оилалар, аёллар ва ёшларига бизнесини қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш учун 1 млн. сўмдан 5 млн. сўмгача грантлар ажратиш, фуқаролик жамияти институтлари (маҳалла, ННТлар) ва давлат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида коронавируснинг таъсирини камайтириш ва уларни фаол ҳаётга сафарбар қилишга қаратилган мақсадли тренинглар ўтказиш режалаштирилган.
Кенгаш раиси К.Ишанходжаев ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ф.Атаханов ва бўлинма бош мутахассиси А.Узакджановлар билан биргаликда хорижий лойиҳанинг Избоскан туманидаги ижроси ҳолати билан танишди.