Наманган шаҳрида ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлимининг ташаббуси билан «Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда ННТларнинг иштироки» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги ННТлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар томонидан юртимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт орқали ёшларда мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига алоҳида урғу берилди.
Шу билан бирга, давра суҳбатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб-ташвиқ қилиш, ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш каби муҳим ва долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоятдаги спорт соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари мавзу юзасидан бир қатор таклифларини билдириб ўтдилар.