Пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштиришда ННТларнинг иштироки қонун билан мустаҳкамланмоқда

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг “Пробация тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштиришда қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиши, ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда қолган пробация назоратидаги шахсларга ўз фаолиятининг йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари пробацияни амалга оширувчи ва пробацияда иштирок этувчи субъектларга ўз уставларидан келиб чиққан ҳолда кўмаклашиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг 23 моддасида “Пробация хизматининг ҳуқуқлари” белгиланган бўлиб, унда тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларини пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш тадбирларига жалб этиши тўғрисидаги норма ҳам киритилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Пробация хизмати назорати остидаги шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга, уларни ижтимоий мослаштиришга ва энг асосийси, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, жамиятга мослаштириш, уларга касб-ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш бўйича жойлардаги ННТлар билан ҳамкорликда иш ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида Меморандум имзоланган эди.