Наманганда ННТлар сайёр тартибда ўқитилмоқда

ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан "Barqaror hayot" ҳалқаро илмий-маърифат марказининг Наманган вилоят филиали раҳбар ва ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловлари доирасида "Грант лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари" номли маҳорат дарси ўтиб берилди.

Унда грант танловларида иштирок этишнинг ҳуқуқий асоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат грант танлови мавзу ва йўналишлари, лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда эътибор бериладиган муҳим жиҳатлари, лойиҳа аризасини тўлдириш тартиби тушунтириб берилди.

—Вилоятдаги ННтлар салоҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда жамиятимизда, айниқса, маҳаллалардаги долзарб бўлиб турган муаммоларни ҳал қилиш имкониятига эга, – дейди Икром Каримов ЎзННТМА Наманган вилоят бўлинмаси раҳбари. —Бунинг учун уларга тўғри йўналиш кўрсатиб, ҳам моддий ва ҳам услуби жиҳатдан қўллаб-қувватласак бўлгани. Шу мақсадда, ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоятимизда фаолият юритаётган, янги очилган, қолаверса, фаолияти суст бўлган ННТларни янада жонлантириш мақсадида жойига чиққан ҳолда сайёр тартибда ўқитиш жорий этилмоқда.

Тадбир якунида, ЎзННТМА Кенгаши томонидан "ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш" мақсадида ишлаб чиқилган  сўровнома  бўйича фикр ва таклифлари олинди.

 

ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси